МАҚОЛА

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ ХАЙРЛИ АМАЛЛАРГА БОЙ БЎЛМОҚДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.


Аллоҳ таолога шукрки, 2021 йил халқимиз учун баракали кунларга бой ўтмоқда, биргаликда кўп хайрли ишларни бажардик, тарихий воқеалар гувоҳи бўлдик. Шундай мунаввар кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонладик.
Бу йилги байрам янги бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғида, Мустақиллик монументига туташ майдонда бўлиб ўтганида ҳам катта ҳикмат бор. Зеро, “Янги Ўзбекистон” боғи кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик саъй-ҳаракатларининг тимсоли сифатида яратилди, Мустақиллик монументи эса Ватанимизнинг 3 минг йиллик тарихидан сўзлаб, аждодларимизнинг шонли йўли, дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва буюк давлатчилигимиз фалсафасидан сўзлайди.
Президентимиз байрам нутқида “Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ” деди. Дарҳақиқат шундай. Шу маънода, истиқлолдек буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани, қанчадан-қанча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз шу кунлар умидида шаҳид бўлганини эслаш, уларни хотирлаш, дориломон дамлар учун дилдан шукрона айтиш, мустақилликнинг қадрига етиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.
Бугун дунё ҳамжамиятида ўзига хос мавқега эга бўлишимиз, муборак динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланиши, ибодатларни эмин-эркин адо этишимиз, бой тарихий меросимиз, мустақиллик шарофатидан десак, муболаға бўлмайди.
Сўнгги беш йилда мамлакатимизда турли миллат ва динлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинч-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат олиб борилмоқда.
2017 йили бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
Охирги йилларда диний-маърифий соҳа ислоҳотига доир жами 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Президентимизнинг 2 та фармони, 17 та қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 15 та қарор ва 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Шу ўринда Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа фаолиятини ташкил этишда дастуриламал ҳужжат бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилингани ҳам барчамизни хурсанд қилди. Бу қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан янада аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда масжидлар сони 2093 та етди. Хусусан, кейинги 5 йилда 60 га яқин янги масжид oчилди, биргина жорий йилда 14 та масжид иш бошлади. Айни пайтда барча масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўплаб масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, халқимизга янада қулайлик яратилди. Бундай хайрли ишлар қизғин давом этмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний, илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази эса халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади, Аллоҳ хоҳласа.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари фаолият олиб бормоқда. Янги ташкил этилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Сурхондарёдаги Имом Термизий мадрасаси ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби сингари олий ўқув юртларида ҳам малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилиши диний тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқди. Академия таркибидаги малака ошириш маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам диний соҳа ходимларининг замонга мос тарзда малака ва маҳоратини ошириб боришида жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз фармони асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам замин бўлди. Фонд томонидан ёрдамга муҳтож оилаларга моддий кўмак бериш, ногиронлиги бор кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, олис ва чекка ҳудудларда сув чиқариш ҳамда масжид, мадраса, зиёратгоҳларни обод этиш, диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва диний таълим муассасалари талабалари ўқув-шартнома тўловларини тўлаб бериш бўйича хайрия ишлари кенг миқёсда амалга оширилмоқда.
Мустақиллик йилларида 305 минг юртдошимиз Саудия Арабистонига зиёрат учун борган бўлса, шулардан 130 минг киши Ҳаж, 175 минг киши эса Умра амалини бажаришга муваффақ бўлган. 2018 йилдан эътиборан Умра зиёратини йил давомида амалга ошириш белгиланди. Ҳаж зиёратини ташкил қилишда ҳам ўзига хос янгиликлар бўлди. Эътиборлиси, Ҳаж ибодатини бажариш квотаси 5000 дан 7200 га кўпайиши натижасида 2017–2019 йилларда қарийб 21 минг 750 нафар мусулмон биродарларимиз Ҳаж зиёратини амалга оширди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар билан келишиб, ҳамюртларимиз Умра зиёратини давом эттиришига ҳаракат қилмоқда.
Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими ташкил этилди, мавжуд олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” курслари кўпаймоқда. Илғор ва хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда ушбу дастурларни замонавий андозаларга солиш ва муқобил шаклда амалиётга жорий этиш устида иш олиб борилаётир. Зеро, Юртбошимиз “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу – муваффақият бўлади. Элимизга нур келади!”, деган эди.
Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар ва бой маънавий-моддий меросимиз хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Қўшни давлатлар мусулмонлари идоралари ва Миср Араб Республикасидаги ал-Азҳар дорулфунуни билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Биз диний-маърифий соҳада амалга оширилган ва жадал давом этаётган айрим хайрли ишларнигина тилга олдик холос. Келгусида ҳам бу борадаги улкан ислоҳотлар, эзгу ишлар изчил давом этишига аминмиз.
Дин тарғиботчиси, шариат пешвоси бўлган имом-хатиблар ҳам жамиятдаги хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлангани қувонарлидир. Бугун шу йўлда масжидларимизда 2 мингдан зиёд имом-хатиб, 1300 дан ортиқ имом ноиби хизмат қилмоқда.
Зеро, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш имом-xатибларнинг асосий вазифаси саналади. Улар жума мавъизалари, кундалик намозлар, маҳалла ва турли жамоат ташкилотларида бўладиган тадбирларда илмсизлик ва ёт ғояларга қарши фаол курашмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсати ҳам таҳсинга лойиқ. Буни ўтган йилларда юзлаб юртдошимиз, асосан аёллар ва болалар “Меҳр” операцияси доирасида уруш ўчоқларидан тинчлик ва фаровонлик ўлкаси бўлмиш Ватанимизга қайтарилгани мисолида ҳам англаб етиш мумкин.
Шу ўринда куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиш жоиздир.
Тарихий тадбирда Президентимиз ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Жумладан, “Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз”, деди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк алломаларнинг бой илмий мероси нафақат Ислом дини ривожи, балки дунёвий билимларни ҳам такомилига етказиб, инсоният учун янги тамаддун йўлини очди.
Шу маънода, ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишининг пойтахтимизда бўлиб ўтгани кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ислом дунёсида мавқеи юксала бораётганидан, минтақа давлатлари билан дўстона муносабатларни ўрнатганидан, муқаддас заминимизда том маънода Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётганидан ҳам дарак беради.
Президентимиз ўз нутқида ИТБ билан ҳамкорлик нуқтаи назаридан бир қатор долзарб таклифларни ҳам илгари сурдики, Аллоҳ насиб этиб, улар амалга ошса, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистонда диний маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан эзгу ислоҳотларга камарбаста бўлиб, Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, тинчлик ва осойишталикни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда алоҳида фидойилик кўрсатаётган таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний соҳа ходимлари ўзига хос ҳурмат, эътибор намунаси сифатида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Аллоҳ насиб этса ушбу юксак мукофотни қўлга киритган 300 га яқин диний соҳа ходимлари мамлакатимиз равнақи, динимиз ривожи, элимиз фаровонлиги йўлида янада шижоат ва ғайрат билан меҳнат қилиб, давлатимизнинг юксак эътирофига муносиб бўлади.
Шундай шукуҳли кунларда эсдан чиқармайлик, Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилишининг ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”(Иброҳим сураси 7-оят).
Дарҳақиқат, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган қимматли макон. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали бўлган ишларга бирдамликда ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло юрт тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларда барчамизга куч-қувват берсин!

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.

Read 1456 times

Мақолалар

Top