МАҚОЛА

Салафийлик аслида нима...?

Сўнги йилларда оммавий ахборот воситалари орқали ва кўплаб интернет сайтларида ҳамда баъзи аҳли илмлар орасида салафлар ва салафийлик ҳақида турли хил гап сўзлар тарқалмоқда. Аслида “Салаф” сўзи арабча сўз бўлиб луғатда “аввалгилар”, “аждодлар” ва “аввал яшаб ўтганлар” маъносини билдиради. Истилоҳда эса маълум бир даврга ва маълум бир инсонларга айтилади. Ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Замонни яхшиси менинг замонимдир, сўнг уларга яқин бўлганларнинг замони, сўнг уларга яқин бўлганларнинг замонидир» - деб марҳамат қилганлар.

Мазкур ҳадисни далил қилиб аҳли сунна уламолари ушбу уч даврни “саодат асри” деб атайдилар. Ушбу уч даврда яшаган зотлар, шундай инсонлар эдики, уларнинг барчалари динда йўлчи юлдузлар каби эдилар. Улар барчалари инсонларга нисбатан адолатли, махлуқотларга эса меҳрибон, фақирларга нисбатан хайри саховатли, ожизларга нисбатан мурувватли, ёши катталарга ҳурматли, кичикларга шафқатли эдилар. У зотлар ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қўллари билан ёки тиллари билан озор бермас эдилар. Ҳеч кимни токи куфри ва нифоқи аниқ бўлмагунча куфрда ёки нифоқда айбламас эдилар. Ва яна бир қанча фазоиллари бор эдики, уларни тил билан айтиб қалам билан ёзиб тугатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам у зотларни салафи солиҳинлар дедилар.

Аммо охирги вақтларда салафлар номи билан салафийликни даъво қилувчи «сохта салафийлар»  пайдо бўлиб, ўзларининг бўлмағур пуч ғоялари билан, ёшларимизни ўзларининг бузуқ ақидаларига жалб қилмоқда. Улар келтирган оят ва ҳадислар бир қараганда тўғридай кўринсада, аммо асли улар таъвил қилган маънони бермайди.  Масалан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда «Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад алайҳис саломнинг йўли ва ишларнинг энг ёмони,  янги пайдо бўлганидир,  ҳар бир бидъат залолатдир»  дейилган.  Ушбу ҳадисда ислом гуёки янгиликка қаршидек, аслида эса ундай эмас. Аҳли сунна уламолари бидъатни бир неча турга булганлар,  шундан бидъат ҳасана (яхши бидъат ) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат). Бунга далил қилиб Пайғабаримиз алайҳис саломнинг  «Ким исломда бир яхши ишни бошлаб берса, унга ўша ишга амал қилганларнинг савобидан камаймасдан етиб туради, ким исломда бир ёмон ишни бошлаб берса унга амал қилганларнинг гуноҳидан камаймасдан етиб туради.» дейилган ҳадисини келтирадилар. Бунга мисол қилиб ҳазрати Умар розиёллоҳу анҳу таровеҳ номозини жам қилиб ўқиш ёки  Абу Бакр Сиддиқнинг Қуръони каримни  жам қилиши ёки ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни жумъа кунидаги иккинчи азонни қўшишини далил қиладилар. Сохта салафийлар эса мавлуди шарифни инкор қиладилар.  Ваҳоланки, мавлуди шарифда соловатлар жўр бўлиб айтилади,  ўқигувчини ҳам эшитгувчини ҳам ихлоси  этиқоди мукаммаллашади.

Шундай экан азизлар! Ҳар қандай хабарни ёки бирон-бир Ҳадисни эшитиб, ундан хулоса чиқаришга ва уни шарҳлашга шошилмаслик керак. Ишончли уламоларимизнинг ёзган шарҳларига асосан ўзимизда тушунча ҳосил қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Йулдошев Баҳриддин

Пастдарғом тумани

"Эшонхужа" жоме масжиди имом хатиби

Read 1208 times

Мақолалар

Top