МАҚОЛА

Ибн Таймия тасаввуфга қандай қараган?
Бугунги кунда тасаввуф ва тариқатни тўлиқ рад қилиб, сўфийларни инкор этиб, уларни бидъатда айблаб, адашган фирқалар қаторига қўшиб, уларнинг амалларини эса ботилликка йўйиб келаётган айрим тоифалар борки, одамлар кўр-кўрона бу алдовларга учиб қолмоқда. Бу гуруҳларнинг бошида баъзи бемазҳаблар қатори салафийликни даъво қилаётган сохта салафийлар ҳам бор. 
 
Барчага маълумки, сохта салафийлар саҳобаларнинг ёки тобеъийнларнинг, мужтаҳидларнинг ёхуд валийларнинг сўзларидан ҳам кўра ўзларининг ғоявий раҳнамоси – Аҳмад ибн Таймиянинг (1263–1328) фикрларини қўллаб-қувватлашади. Бу зотнинг ҳар бир фатвоси ёки гапини жон дили билан қабул қилишади ва ҳаётларининг шиорига айлантиришади.
 
Минг афсуслар бўлсинки, улар ғоявий раҳнамоларининг тариқатга дахлдор эканликларини ва тасаввуф аҳлларининг фикрини маъқуллаганларини билишмайди. Ёки билсалар ҳам одамлардан сир тутишга уринишади. Бунинг сабаби уларнинг ўзларига аён.
 
Дарҳақиқат, Ибн Таймия бир қанча ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид иш тутган бўлсалар-да, бироқ ўзлари қодирия тариқатига мансуб бўлиб, тасаввуф ва тариқат сарчашмасидан истифода этганлари кундек равшан. Бирор марта тасаввуфни ёмонламаган, танқид қилмаган, ширк деб билмаган, салбий муносабатда бўлмагани ҳам ўз исботини топган.
 
Жумладан, ўзининг «Масъала ат-Табризийя» («Табризликлар масаласи») номли китобида фахр билан: «Менга Шайх Абдулқодир (Жийлоний)нинг муборак ҳирқалари кийдирилди. Мен ва у зотнинг ўртасида (силсилада) икки киши бордир», деганлар. Ўша икки киши – Муваффақуддин Ибн Қудома ва Ибн Абу Умар раҳимаҳумаллоҳ бўладилар.
 
Қолаверса, Ибн Таймия тасаввуф тўғрисида иккита китоб ҳам ёзганлар. Биринчиси «ат-Тасаввуф» («Сўфийлик»), иккинчиси эса «ас-Сулук» («Сўфийлик йўли») деб номланади. Аллома ҳар иккала китобда тасаввуфни ёмонламасдан балки унинг фойдали эканлигини бир қанча мисоллар билан кўрсатиб берганлар. 
 
Шунингдек, бошқа асарларида ҳам бунга алоҳида урғу қаратиб ўтганлар:
«Муҳаддислар, фақиҳлар ва сўфийларнинг жумҳури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага эргашадилар. Улардан келтирилган (улар битиб қолдирган) китоблар ва  асарлар илмдандир. Улар рисолатга ҳақиқий эргашувчилар бўлиб, унга ҳеч бир нарсада хилоф қилмайдилар» «Мажмуъ ал-Фатаво», 12-жилд, 36-бет.
 
«Тасаввуф ва маърифат аҳли бўлмиш Жунайд (Бағдодий)нинг сулукига эргашган солик дарҳақиқат ҳидоятга эргашибди ва у нажот топган ва бахтлидир!» «Мажмуъ ал-Фатаво», 14-жилд, 355-бет .
 
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг тасаввуфга нисбатан ижобий фикр билдирганларига гувоҳ бўламиз.
 
Шундай экан, эй ҳидоят ва суннатга, маърифат ва камолотга ташна ёшлар, кўзингизни очинг, ҳақиқатга тик боқинг. Асоси йўқ гап-сўзларга ишонманг, ҳужжат келтиришда хатога йўл қўяётган шахсларнинг алдовига учманг. Сохта салафийларнинг макру ҳийласига алданиб, уларнинг тузоғига тушиб қолманг. Акс ҳолда пок эътиқоду шаффоф иймонингизга гард юқиб, гулдек умрингиз хазонга айланиши ҳеч гап эмас. 
 
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
Read 1236 times

Мақолалар

Top