МАҚОЛА

Салафи солиҳлар ва “салафийлар”

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади.)
Масалан, унинг фикрича, Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий эмас балки, ҳодис Аллоҳ томондан яратилган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрини зиёратига бориш (агарча, ибн Таймияга қадар, қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида бу амал жорий бўлишига қарамасдан) бидъат ва залолатдир. Шунингдек, Росулуллоҳнинг туғилган кунларини нишонламоқ—мавлид байрами ҳам бидъат ва фойдасиздир. Росулуллоҳдан қолган асори атиқаларни табаррукан асраб-авайламоқ гўёки ширкдир.
Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, уларга эргашганларни қоралайдилар. Аслида улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди. Чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган. Демак, «салафий” оқимининг икки имомини солиҳ салафлардан олти асрлик тафовут ажратиб турибди. Орадан шунча узоқ вақт ўтган бўлишига қарамай, “Сохта салафийлар” бу икки шахснинг таълимотини жуда катта эътибор билан ўрганиб, амал қилишади.
Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари бирламчи одатга айланди. “Салафийлик” оқими раҳнамоларидан бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган бемаза фатволарини ҳукмингизга ҳавола этамиз:
1. Мусҳафи шарифни ўпиш бидъат ва залолатдир.
2. Қуръон тиловатидан кейин “содақолллоҳул азим” деб айтишлик бидъатдир.
3. Ҳайзли аёллар Қуръон ўқишлари мубоҳдир.

Толибжон Шарипов

Read 1075 times

Мақолалар

Top