МАҚОЛА

Фарзанд учун энг қиммат мерос – гўзал тарбия

Ота-она борки, фарзандининг тинч ва осуда Ватанда соғлом ўсиб-улғайиши, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни эгаллаб, оиласига, юртига таянч бўлишини истайди. Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимидаги туб ислоҳотлар эса ҳар бир оилага, ота-онага эртанги ёруғ кун учун катта ишонч бераётгани ҳақиқат.

Маълумки, 2021-йил юртимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланди. Мазкур рамзий йил номига мос равишда қабул қилинган Давлат дастури асосида бажарилган ишлар моҳиятига чуқур аҳамият қаратилса, ҳар қандай иқтисодий ривожланиш асосида, энг аввало, ёшлар камолоти устувор аҳамият касб этиши намоён бўлади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз”.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг келажакда рақобатбардош кадрлар бўлиб шаклланиши, аввало, уларнинг ёшлигида олган одобахлоқи ҳамда илм-у маърифатига боғлиқ. “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, дейди донишмандлар. Шу боис, ёшларнинг таълим олиши, касбҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун юртимизда бор куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.

Хабарингиз бор, шу ҳафта бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022-йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамлар ҳаётини яхшилаш асосий мақсад этиб белгилангани ва бу тамойиллар бюджетни шакллантиришда асосий мезон бўлиши зарурлиги таъкидланди. Шунга мувофиқ, Президентимиз келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида ҳам аввало, ижтимоий йўналишларга катта эътибор қаратиб, таълим ва тиббиёт тизимига кўзда тутилган 58 триллион сўм маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Зотан, ёш авлод таълим-тарбияси ва сиҳат-саломатлигига устувор аҳамият қаратилиши бугун халқимиз интилаётган Учинчи Ренессанс – янги Уйғониш даврига қўйилажак пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши гаровидир. Табиийки, юқорида қайд этилган маблағларнинг барча таълим бўғинларини, хусусан, олий таълимни ривожлантиришдаги ўрни аниқ ҳисоб-китоблар асосида белгилаб берилди.

Ўзбекистон раҳбари ёшлар истиқболи учун ажратилган сармоя келажак учун қўйилган энг самарали сармоя, таълим даражаси ва сифати эса, ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини бот-бот таъкидлаб келмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 11 йиллик умумий ўрта таълим замон талаблари асосида қайта жорий этилди. Ҳудудларда янги олий таълим муассасалари, илмийдиний ва ижодий марказлар ташкил этилмоқда. Олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сиртқи ва кечки олий таълим шакллари тикланди.

Кейинги икки йил ичида ривожланган давлатларнинг 20 га яқин нуфузли университетлари филиаллари очилди. Бу бугун улуғ орзу-мақсадлар билан вояга етаётган ўғил-қизларимизга рағбат бериб, келгусида ўз танлаган касби бўйича етук мутахассис бўлишига ишонч уйғотмоқда.

Шунингдек, фарзандларимизнинг ёшликдан билим, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда истеъдодларини тўлиқ намоён этиши учун 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилгани Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг бу эзгу ғояси Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшлари томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниб, қисқа вақтда мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзгани бежиз эмас. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлиши шубҳасиз. Шу боис, Ўзбекистонда жамиятнинг фаол қатлами бўлган ёшларга ўзини “ривожланган” ҳисоблаган айрим давлатлар сингари “муаммо” деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позиситяга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.

Муҳими, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан нафақат мамлакатимиз, балки, бутун дунё ҳамжамияти эътибори ҳам ёшлар таълим-тарбияси, маънавияти ва ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилиб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенсиясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани катта аҳамиятга эга. Ушбу таклиф халқаро ҳамжамият томонидан ҳам илиқ қарши олинди. Зотан, бугун дунё миқёсида ёшлар сони икки миллиарддан ортиқ бўлгани ҳолда, ахборот хуружлари, “оммавий маданият”, халқаро терроризм ва эсктремизм каби чегарасиз таҳдидлар шиддат билан ўсиб бораётгани мурғак ва беғубор қалбларни ишончли ҳимоя қилиш заруратини юзага келтираётгани очиқ ҳақиқат. Афсусланарлиси, ушбу таҳдидларнинг пайдо бўлишида айрим ғаразли мақсаддаги кучлар дин ва давлатни бирбирига мухолифат сифатида кўрсатишга, айниқса, муқаддас ислом дини асосларини бузиб талқин этишга ҳаракат қилмоқда.

Маълумки, Қуръони карим оятларининг илк сўзи “Иқро” (яъни, ўқи) буйруғи билан нозил бўлган. Шунинг ўзиёқ муқаддас динимизда илммаърифатга қанчалик эътибор қаратилганидан далолат эмасми?! Чунки динимиз илм-маърифат дини бўлиб, унда жаҳолат ва илмсизлик ҳамиша қораланган. Дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт-саодати, албатта, илм ва маърифат билан чамбарчас боғлиқ. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деган.

Имом Бухорий ривоят қилган Ҳадиси шарифда: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, дейилади. Фарзанд таълим-тарбияси хусусида Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳёу улумуд дин” асарида “Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади… Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Отаонаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлади…” деб ёзади.

Дарҳақиқат, бугун дунё инсон нигоҳида ҳалқаланган кўзёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли ғаразли кучлар кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бунда ёшларнинг ғўрлиги, оқ-қорани ҳали тўлиқ ажрата олмаслигидан фойдаланиляпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик нафақат ўша хонадон, балки бутун бир миллат, халқ маънавий таназзулига асос бўлиши мумкин экан. Бунга тарихда мисоллар кўп. Бугун дунёда инсон капитали учун кураш, энг катта сармоя фарзанднинг билимли бўлишига, тарбиясига тикилаётган бир вақтда, минг афсуски, айрим оилаларда фарзанд тарбиясига эътиборсизлик ҳолати ҳам йўқ эмас. Шу боис, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра, қимматлироқ мерос қолдира олмайди”, деган ҳикматларини унутмаслигимиз лозим.

Шу маънода, 2020-йилдан умумий ўрта таълим мактаблари ўқув дастуридан “Тарбия” фанининг ўрин олгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилган муаллифлар ва экспертлар гуруҳи иштирокида яратилган янги фан дарсликлари ўқувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, уларнинг онгига умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавиятни янада чуқур сингдириш, уларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши назарда тутилган. “Тарбия” фани дастури миллий тарбиямиз ўзаги ва Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат каби улуғ мутафаккирларимизнинг маънавий-илмий меросига асосланган. Айни вақтда халқаро тажрибалар асосида замонавий тарбия технологияларидан фойдаланилгани янги фаннинг замон билан ҳамнафаслигига хизмат қилмоқда.

Тан олиб айтиш жоизки, яқин-яқингача умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар тарбиясига уларнинг таълимдан бўш вақтида амалга ошириладиган қўшимча юклама – иккинчи даражали иш сифатида қараш тенденсияси кучаяётгандек эди. Бунинг оқибатида тарбия узуқ-юлуқ жараёнга айланиб, отаона ва ўқитувчи ўртасида муаллақ туриб қолди. Минг афсуски, ушбу жараённинг асорати бугун турли ғаразли кучлар алдовига учиб, нотўғри йўл ва ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар тақдирида қора доғ қолдирмоқда.

Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган, донишманд халқ фарзандларимиз. Бунинг асоси эса илм-маърифат, бағрикенглик ва ўзликни англаш аждодларимизнинг доимий интилиши, мақсад-муддаоси бўлганидадир. Зотан, IX–XII асрларда минтақамизда юз берган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда Темурийлар даври Ренессанси дея эътироф этилган XIV–XVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда дину диёнат мустаҳкам, инсонлар дунёқарашида маънавият қадрли, давлатчилик тузумида илм-фан ва маърифат устувор бўлган.

Бир сўз билан айтганда, азалдан халқимизнинг илму фан, ижоду меҳнатга рағбати баланд бўлиб, ўзининг юксак маънавияти, имон-эътиқоди, миллий ғурури ҳамда умуминсоний қадриятларга йўғрилган гўзал одоб-ахлоқи билан ҳамиша ибрат бўлган. Шундай экан, беғубор ва муҳташам орзу-умидли ёшларимиз яратилаётган шароит ва имкониятлардан ўз вақтида оқилона фойдаланиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз юксалишига ҳисса қўшадиган фарзандлар бўлишига ишонамиз.

Музаффар КОМИЛОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 7-ноябр, 223-сон

Read 1513 times

Мақолалар

Top