МАҚОЛА

Бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт асоси

Бирор қавм кишиларини ёқтирмаслик, сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро у адолат (тақво)га яқинроқдир... (Моида, 8.)

Бағрикенглик – турли миллат ва дин вакилларининг бир заминда ўзаро иноқ ва ҳомкор бўлиб яшашларини англатувчи тушунча. 16 диний конфессия, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир осмон остида, бир заминда, бир ҳаводан нафас олиб, ҳамжиҳат бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қилиши бағрикенглик, тотувлик, ҳамкорлик каби тушунчаларнинг юртимиздаги ифодасидар.

Дини, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар дунёдаги инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тенгдир. Ислом дини таълимотидан келиб чиқиб аждодлар шундай йўл тутганлар ва бизларга ҳам шундай ўргатганлар. Мана масалан, Самарқанд шаҳрида Дониёр пайғамбар номи билан аталадиган мақбара ислом, христиан ва яҳудийлик дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланади. Шу биргина мисолнинг ўзи олийжаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик асосини ташкил этади. Ўзгаларнинг дили, дини, эътиқоди, ибодат масканларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишда динимиз таълимоти, Мотуридий, Самарқандий, Насафий, Яссавий каби бобокалонларимиз угитларига асосланиб келганмиз.

Ислом таълимоти нуқтаи назаридан бағрикенглик мезонларини қуйидагича ифодалаш мумкин:

  • хушмоамалалик – қўпол сўзламаслик, одамларни яхши ёмонга ажратмаслик (Наҳл, 125);
  • мажбурламаслик – ўз қараш ва эътиқодига бошқаларни ҳам бўйсундиришга уринмаслик (Бақара, 256);
  • беозорлик – ҳеч бир диннинг ибодат масканларига зиён етказмаслик (Ҳаж,40);
  • адолатлилик, холислик – дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳаммани бир кўзда кўриш (Моида, 8.);
  • мулоқот ва ҳамкорлик – турли миллат ва турли дин вакиллари билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш(Ҳужурот, 13). 

Дарҳақиқат, инсоният бир ота-онадан тарқалган. Унинг тили, ирқи, миллатининг хилма-хиллиги Буюк Зотнинг қудратидандир. “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир” (Рум, 22).

Шунингдек, бою камбағал, мансабдору фуқаро, кучлию кучсиз, олиму оми ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг адолат ва тенглик асосида бўлиши, содда қилиб айтганда Яратган наздида ҳамманинг тенг эканлиги ҳадиси шарифда қуйидагича ифодаланади: “Эй, инсонлар! Парвардигорингиз ягонадир! Агар тақволи (пок ва холис) бўлмаса, арабнинг ажам (араб бўлмаган миллат)дан, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан, қора танлининг оқ танлидан устун жойи йўқ. Худонинг наздида энг улуғ одам – тақводор (холис) одам”. Яъни, бир одамга ташқи кўнириши, гап-сўзи, юриш-туришига қараб бошқа бир одам баҳо бера олмайди. Аллоҳ таоло эса одамнинг қалбига қарайди.

Қуръони каримда “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун тўғриликда собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар. Бирор қавм кишиларини ёқтирмаслик, сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро у адолат (тақво)га яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир (Моида, 8.) дея адолат ва холисликка;.

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13) дея дини, тили, миллатидан қатъи назар бутун башариятни мулоқот ва ҳамкорликка чорлаган.

Бағрикенглик бўлмган жойда унинг ўрнини тоқатсизлик эгаллайди.

Миллатлар, динлар ўзаро кураш ва низоларга эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотга таянса умуминсон манфаатлари учун хизмат қилади. Акс ҳолда бағрикенглик ўрнини тоқатсизлик эгаллаб, бугун дунёда рўй бераётган калтабинликлар келиб чиқаверади.

Сўнгги 5 йилликни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, дунёнинг ҳамма бурчакларида тоқатсизлик ортидан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар, жумладан болалар, аёллар, қариялар инсоний табиат қабул қилолмайдиган даражадаги қийноқ ва азобларга дучор бўлди, уларнинг қанчалари ҳаётдан кўз юмди. Мактаб, шифохоналар каби жамоат масканлари, ҳатто диний ибодат қилиш жойлари (масжид, черков, храм ва ҳ.з.) йўқ қилинди.

Ватанимиз, соф динимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз – дахлсиз омонатимиз. Буларнинг барчасини гўзал ва соф шаклда келгуси авлодгача етказиб бериш энг шарафли бурчимиздир. Бу йўлда бағрикенглик асосий воситамиз бўлиб хизмат қилади.

М.Насриев,

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

Read 1855 times

Мақолалар

Top