МАҚОЛА

Ижтимоий иллат – порахўрлик

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таоло Ислом дини асосида инсониятга доимо шахс ва жамиятни тарбиялаш ва ислоҳ қилишда нафақат жисмоний балки руҳий жиҳатларига ҳам катта аҳамият қаратишни таълимини беради. Ҳаётимизда порахўрлик, фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар мавжуд экан, улардан шахс ва жамиятни халос этиш учун ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг кундалик бурчи экани маълум бўлади. Бу борада динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, унга амал қилишлик шубҳасиз, юртимиздан бундай иллатларни таг-томори билан юлиб ташлашга, тараққиётнинг янги босқичига тезроқ етишишга катта ҳисса қўшади.

Кишининг ўз вазифасини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши қонун олдида жавобгар бўлиши билан бирга Яратганнинг ҳузурида ҳам оғир гуноҳкор бўлишига ассос бўлади. Чунки порахўрлик, жамиятнинг турли жабҳаларида ўсиш ва ривожланишнинг тўхтаб қолишига, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолишига, давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатнинг бўзилишига олиб борувчи салбий оқибатларнинг илдизидир.

Айниқса, аҳолисининг 94 фоиздан зиёди мусулмонлардан иборат бўлган юртимизда, ўзгалар молини ноҳақ йўл билан ейиш – порахўрлик каби ота-боболаримиз қаттиқ ҳазар қилган гуноҳларнинг содир бўлаётганини афсус билан қайт этишимиз лозим. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини бу каби йўллар билан ўзлаштириш қаттиқ қораланган ва ҳаром деб эълон қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 188-оятида бу ҳақда марҳамат қилиб:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Яъни: “Ўрталарингиздаги мол бойликларингизни ботил йўллар билан еманг. Шунингдек, била туриб, одамларнинг бойликларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этманг”, дейди.

Албатта, ҳаёт турли ҳил эҳтиёж ва заруратлардан иборат бўлиб, инсон ўзаро муносабатларда ҳамкор бўлишга муҳтождир. Мана шундай муносабатларда ҳалоллик ва тўғрилик, бировнинг ҳаққининг риояси ҳар кимнинг бош мезони бўлиши лозимдир. Акс ҳолда бошланган ишларнинг оқибати касод бўлишга, энги ачинарлиси эса, унинг касофатидан инсон афсус ва надоматда қолишидир.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "مَن أخذ أموال الناس يريد أداءها أدَّى الله عنه، ومن أخذها يريد إتلافها أتلفه الله" (رواه البخاري)

Яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади”.

Порахўрлик юқорида таъкидланганидек, ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир кўринишидир. Поранинг арабча маъноси “ришва” бўлиб, Ислом уламолари унга: “Пора – киши ўзи ҳақли бўлмаган нарсасига эришиши ёки зиммасида лозим бўлган нарсадан қутилиши учун тақдим этган мол ёки манфаатдир”, деб тариф берадилар.

Таърифга эътибор қаратсак қуйидаги фойдаларга эга бўламиз.

Аввало бизга, пора пул шаклидагина бўлмаслигини, балки бирор ишни қилиб бериш ёки қилмаслик орқали ҳам манфаатни ҳосил қилиш эканини англатади.

Иккинчидан, пора берувчининг нияти ҳеч қачон яхши ва тўғри бўлмаслигини, шу билан бирга у ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришишга, етарли илм ва малакага эга бўлмай туриб масъулиятни зиммасига олишга интилишидир.

Зеро, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا ضُيِّعَتْ الْأَمَانَةُ فَانْتَظِرْ السَّاعَةَ قَالَ كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ إِذَا أُسْنِدَ الْأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ).   رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ(

Яъни, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачон омонат зое қилинса, қиёматни кутавер, дедилар. (бир аъробий киши): “Омонатни зое қилиш қандай бўлади, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: Қачонки иш ўз эгасидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, дедилар”.

Учинчидан, пора олувчининг бузғунчилигидир. Чунки у шаръан ҳалол бўлмаган йўллар билан мўмай пул топиш илинжида, муносиб бўлмаган кишиларни жамият тараққиётининг муҳим бўғимларига жойлашишига, оқибатда эса, мамлакат ривожланишининг сустлашишига, энг ачинарлиси ривожланишнинг орқага кетишида замин яратади. Бу эса, халқнинг давлат ва унинг муассасаларига бўлган ишончининг оёқости бўлишига, ўзаро ишончнинг бўзилишига оқибатда эса бундан норози кайфиятдаги қатламнинг вужудга келишига олиб келади.

Порахўрлар порани “ҳадя”, “совға” сифатида берди, деб, ўзини оқлашга, “йўл” топиб олишга одатланган бўлади.

Берувчилар ҳам доимо “кўнгилдан чиқди”, “атадик” каби “чиройли” сўзлар билан ўзининг қабиҳ амалларини “бўяб”, уни рўёбга чиқаришга одатланган бўлади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, Исломда “ҳадя” сўзи ҳам аниқ таърифга эга бўлиб, у – бирор инсонга фойдаланиш мақсадида ниманидир савобдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламай беришдир.

Ҳадянинг замирида одатда, Аллоҳнинг розилиги учун берилаётган одамнинг меҳрини, муҳаббатини қозониш, унга бўлган ҳурматни ифодалаш ва унинг қадрини жойига қўйиш, унга яхшилик қилиш ёки қилган беғараз яхшилигига муносиб жавоб қайтариш каби эзгу мақсадлар ўрин олган бўлади. Шу билан бирга, олувчидан бирор нарсани ноҳақ ундиришни ният қилмайди. Бир сўз билан айтганда унда ғараз ва тамаъ бўлмайди!

Айнан шу асосий омиллар бизга ҳадянинг порадан фарқини ажратиб беради.

Порахўр инсон мазкур қилмиши билан динига, иймонига, виждонига, ишониб топширилган вазифасига, давлатига, халқига, энг асосийси “яхшилик қиляпман”, деб, оила-фарзандларига хиёнат қилаётганини яхши билиши ва англаши лозим бўлади.

Имом Муслим Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الْأَسْدِ، يُقَالُ لَهُ: ابْنُ اللُّتْبِيَّةِ - قَالَ عَمْرٌو : وَابْنُ أَبِي عُمَرَ - عَلَى الصَّدَقَةِ، فَلَمَّا قَدِمَ قَالَ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا لِي، أُهْدِيَ لِي، قَالَ: فَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ، فَحَمِدَ اللَّهَ، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَقَالَ: مَا بَالُ عَامِلٍ أَبْعَثُهُ، فَيَقُولُ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا أُهْدِيَ لِي، أَفَلَا قَعَدَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ، أَوْ فِي بَيْتِ أُمِّهِ، حَتَّى يَنْظُرَ أَيُهْدَى إِلَيْهِ أَمْ لَا؟ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، لَا يَنَالُ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنْهَا شَيْئًا إِلَّا جَاءَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَحْمِلُهُ عَلَى عُنُقِهِ بَعِيرٌ لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةٌ لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةٌ تَيْعِرُ (رواه الإمام مسلم.(

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Баний Сулайм қабиласининг садақасини (закот) йиғишда Ибн Лутбия исмли кишининг хизматидан фойдаландилар. У закот йиғиб келиб ҳисоб-китоб бераётганда: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя олиб келишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, Қиёмат куни елкасида ўкираётган туяни ёки мараётган сигирни ёки бараётган қўйни олиб келади”, дедилар”.

Демак, мусулмон инсон қандай вазифада фаолият олиб боришидан қатъий назар, мазкур “ҳадя” деб номланган порани олаётганида, агар ҳозир вазифада эмас, балки уйда ўтирганимда шуни менга беришармиди, деган саволга виждонан жавоб бериши, аксинча бўлса, юқоридаги ҳадисга мувофиқ, дунё ва охиратдаги жавоби ҳам оғир ва аламли кечишини англаши ва ўзини ислоҳ қилиши лозим бўлади.

Имом Муслим Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсак ва у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилади”, дедилар. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни (закот ва садақа йиғиш вазифасини) қайтариб олинг”, деб айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга нима бўлди?” – деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар.

Жойлардаги аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон ва бошқа шу каби нафақага муҳтож қатламига давлат томонидан бериладиган маблағларини ажратишда ҳам айрим вазифадорларнинг шундай “ҳадя”лар олишга кўз тикиб тургани ҳақидаги ҳолатларни эшитиб қоламиз.

Бу борадаги ҳаракатлар асосида динимиз таълимотларида поранинг харом эканини билмаслик, унга амал қилмаслик, мусулмонлик масъулиятини ҳис этмаслик, натижада эса, ўзининг қанчалик улкан гуноҳга эга бўлаётганини англамаслик ётади, деб хулоса қилсак тўғри бўлади.

Имом Бухорий Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади”, дедилар.

Динимиз кўрсатмаларида, порахўрлар ва уларнинг разил мақсадли ҳамтовоқлари, агар қилмишидан қайтиб, чин дилдан тавба қилмаса, уларни дунё ва охиратда ниҳоятда оғир жазолар кутиб тургани, оят ва ҳадислар орқали жиддий огоҳлантирилган.

Жумладан, Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ الرَّاشيَ والمُرتشيَ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар

Коррупция, яъни таниш-билишчилик борасида ҳам динимиз кўрсатмалари қаттиқ. Бу ҳақида Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Маҳзум қабиласидан бўлган бир аёл қарзга нарса олиб, уни қайтармас ва тан олмас эди. Жинояти исботлангач,  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жазо беришни буюрдилар. Аёлнинг қариндош-уруғлари Усома ибн Зайднинг олдига келиб, жазони юмшатишни илтимос қилишди. Усома Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васалламга аёл ҳақида гапирган эди, у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Усома, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳад(жазо)ларидан бири борасида ҳам ўртага тушасанми?, дедилар. Сўнг, одамларга ўтган қавмлар агар ораларида шарафли, обрўли кишилар жиноят қилса, авф этиб, заиф киши жиноят қилса, жазолаганлари сабабли ҳалок бўлганларини айтдилар. Яна қасам ичиб, агар қизлари Фотима жиноят қилса ҳам, жазосиз қолмайди, дедилар. Кейин жиноятчига жазо берилди”

Сўзимиз сўнгида айтишимиз лозимки, динимизда пора берувчининг ҳам олувчининг ҳам азобга дучор бўлишдаги даражаси баравар экан. Келтирилган оят-ҳадислар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан маълум бўладики, ҳар биримиз юқоридагилардан ўзимизга керакли хулосани чиқариб олишимиз, порахўрлик каби ижтимоий-салбий иллатлардан ҳалос бўлишимиз ва уларга қарши курашишимиз ва барҳам берилишида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишимиз лозимдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутухассиси Акмалхон Ахмедов манбалар асосида тайёрлади

Read 1428 times

Мақолалар

Top