МАҚОЛА

6-мавзу: Ҳанафий мазҳабида намоздаги қиём, руку ва сажда

Маълумки, Ислом динидаги барча ибодатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганилган ва андоза олинган. У зотнинг ўзлари бу борада умматни эргашишга чақирганлар. Хусусан, намоз ибодати борасида Набий алайҳиссалом: “Мени қандай намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинг”, деб айтганлар. Ҳанафий мазҳабига кўра намознинг суннатларидан бири – қиёмда икки оёқ орасининг тўрт бармоқ энича очиқ бўлишидир. Беморлик ёки семизлик сабабли киши оёқлари орасини тўрт бармоқ миқдорида тутишга қийналса, ўзига қулай тарзда туриши мумкин. Мана шу ҳукмга бугунги кунга қадар амал қилиб келинган. Лекин кейинги йилларда баъзи намозхонлар оёқларини ғайриоддий равишда кенг очиб турганлари кузатилмоқда. Уларнинг бу ишлари, бир томондан, катта жамоат амал қилиб келаётган ишга зид бўлса, бошқа томондан, бирорта кучли далилга эга эмас.

Намозда оёқлар ҳолати ҳақида биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадиснинг зоҳирини олиб, кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофлар чиқаради. Мазкур ҳадис “Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлиб, қуйида унинг маъноси билан танишамиз. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِه

яъни: “Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман”, дедилар”. (Анас розийаллоҳу анҳу айтади) Бири шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди”» (Имом Бухорий ривояти). Ҳақиқатан, ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларини ёнидаги кишининг оёғига текказиб туришга далил бўладими? Бунга аниқлик киритиш учун ушбу ҳадисни шарҳлаган олимларнинг сўзларига мурожаат қилайлик. “Саҳиҳул Бухорий” нинг энг машҳур ва мўътабар шарҳи “Фатҳул Борий” асарида Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

المراد بذلك المبالغة في تعديل الصف وسد خلله

яъни: “Бундан сафларни тўғрилаш ва бўшлиқни тўлдиришда муболаға назарда тутилган”.

Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи “Файзул Борий” китобида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисга айт­ган юқоридаги шарҳини келтириб, бу тўрт мазҳаб фақиҳларининг ҳам йўлидир, деган. Ва гапида давом этиб, қуйидагиларни илова қилган: “Шарҳул виқояда: “Намоздаги киши икки оёғи орасини тўрт бармоқ миқдорича очади ва бу шофеийларнинг ҳам сўзидир. Бошқа сўзга кўра, бир қарич миқдорича очади”, дейилган. Мен (Анвар Шоҳ) айтаманки: “Салафлар наздида ёлғиз намоз ўқувчидан жамоатда намоз ўқувчи қадамини кўпроқ очади деган фарқ келганини топмадим. Бу фақат бемазҳаблар пайдо қилган масаладир”.

Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан ат-Термизий”га битган шарҳи “Ал арфуш-шазий”да ҳам бу ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деган: “Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақидаги “Саҳиҳул Бухорий”да келган ривоятга келсак, уни баъзилар ҳақиқат деб ўйлайди. Ваҳоланки, у ровийнинг муболағасидир. Аслида бу борада бирор ўлчов йўқдир. Энг муносиби хушуъга яқин бўладиган кўринишдир”.

Аҳли сунна вал жамоанинг тўрт мазҳаб уламоларининг бирортаси намозда туриш ҳақидаги ҳадислардан “елка, тизза, тўпиқ ва оёқларни бир-бировига теккизиб туриш лозим” деган ҳукмни олган эмаслар. Саҳобалар давридан бошлаб 14 аср давомида жами мусулмонлар, тўрт мазҳабга эргашиб келаётган намозхонлар орасида оёқлари орасини кенг очиб турадиганлари чиққан эмас. Демак, ривоятларда келган оёқларни бир-бировиникига теккизиш ҳақиқий маънода эмас, балки сафларни жипслаштириб туриш маъносида тушунилиши керак. Оёқларни бир-бировиникига теккизиш суннат ёки мустаҳаб эмас, балки ҳадис ибораларидан жуда текис ва ўта жипс ҳолда сафланиш лозим эканини тушуниш керак бўлади.

Шундай экан, тўрт мазҳабнинг фиқҳий қарашларига кўра, намозда қиёмда турганда икки оёқ ораси катта очилган бўлмаслиги, ғайритабиий кўринмаслиги даркор. Шунинг учун ҳам, намозда икки оёқни кериб, кенг очиб туриш ҳолати намоз борасидаги кўрсатмаларга тўғри келмагани боис эриш туюлади. Айниқса, оёқлари орасини кенг очиб турадиган кишиларнинг рукулари ва қаъдалари ҳам ғайриоддий кўринади.

Шундай экан, мусулмонлар асоссиз фатволар ва даъволарга эмас, балки оят ва ҳадисларга оид илмларни чуқур эгаллаган, асрлар давомида Ислом уммати бир овоздан эътироф этган етук олимларимизнинг фатволарига амал қилиши энг тўғри йўлдир.

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўл кўтариш масаласи. Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки иккинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар. Жобир ибн Самура розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

خرج علينا رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «مَا لي أَرَاكُم رافعي أَيْدِيكُم كَأَنَّهَا أَذْنَاب خيل شُمْس ،
اسكنوا فِي الصَّلَاة»

яъни: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: Нимага сизларнинг икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар” дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Асваддан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади” (Имом Таҳовий ривояти).

Имом Абу Жаъфар Таҳовий айтадилар: “Алий розийаллоҳу анҳунинг аввалги такбирдан бошқа ўринларда қўл кўтаришни тарк қилганлари саҳиҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишни қилишлари, у кишининг наздида намозда қўл кўтариш ҳадисининг насхлиги (бекор бўлгани) собит бўлганлиги сабаблидир”.

عن علقمة قال : قال عبد الله بن مسعود : ألا أصلي بكم صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم

فصلى فيم يرفع يديه إلا أول مرة

Термизий ривоят қилади: «Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади:  “Абдуллоҳ ибн
Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади”».

Биз ҳанафийлар такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтаришни насх (ҳукми бекор) бўлган деб айтамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, бу борада саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлса, қиёс устун
қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Мўъминун сурасида шундай марҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

 яъни: “Мўминлар нажот топдилар, улар намозларида хушуъ қилган зотлардир”.

Элликка яқин саҳоба намознинг бошида, яъни такбири таҳримада қўл кўтаришни  ривоят қилган. Улар рукуда ва рукудан бош кўтаришда қўлни кўтаришни ривоят қилмаганлар. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумонинг ҳадисида: “Қўллар фақат етти ўринда кўтарилади” дейилиб, жумладан, намозга киришиш пайтидаги қўл кўтариш ҳам айтилган.

Демак, ҳукми суннат бўлган масалада ихтилоф чиқармаслик керак. Бундай ихтилоф чиқариш ҳаром бўлиб, кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади. Бунинг устига, рафъул ядайн қилмасдан ўқиш ҳақида ҳам ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг саҳиҳ сўзлари бор. Уларга амал қилиш ҳам айни суннатга амал қилишдир.

Ҳанафий мазҳабида саждага бориш ва ундан туриш кайфияти. Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни тизза, қўллар, юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни юз, қўл, тизза. Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ. “Фатавои Ҳиндия” китобида шундай дейилади:

اِذَا اَرَادَ السُّجُودَ يَضَعُ اَوَّلًا مَا كَانَ اَقْرَبُ اِلَي الْاَرْضِ فَيَضَعُ رُكْبَتَيْهِ اَوَّلًا ثُمَّ يَدَيْهِ ثُمَّ اَنْفَهُ ثُمَّ جَبْهَتَهُ وَ اِذَا اَرَادَ الرَّفْعَ يَرْفَعُ اَوَّلًا جَبْهَتَهُ ثُمَّ اَنْفَهُ ثُمَّ يَدَيْهِ...

яъни: “Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало, ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...”

Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

“َرأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَجَدَ يَضَعُ رُكْبَتَيْهِ قَبْلَ يَدَيْه وَ اِذَا نَهَضَ رَفَعَ يَدَيْهِ قَبْلَ رُكْبَتَيْهِ”
(رواه الامام أبو داود عن وائل ابن حجر رضي الله عنه)

яъни: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим”, дейлади (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, “сажда қилишда, аввало, ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади” деган фикрга иттифоқ бўлганлар.

 

"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан

Read 2014 times

Мақолалар

Top