МАҚОЛА

ТЎРТ МАЗҲАБДАН БОШҚА ЮЗЛАБ МАЗҲАБЛАР БОРМИ?!

«Мазҳаблар 4 та эмас, мазҳаблар кўп!», деган гап, аслида, сўз ўйинидан бошқа нарса эмас!!!

Қани, ўша 4 тадан бошқа мазҳаблар?!

Тўрт мазҳабнинг ҳар бирида минглаб китоблар ёзилган. Шулардан ўртачароғида 30-40 минг шаръий ҳукм баён қилинган бўлади.

Қани, сиз Имом Саврий ёки Имом Aвзоийнинг мазҳаби бор десангиз, бизга юқоридагининг ўндан бирини – уларнинг мазҳабидаги 3-4 мингта ҳукмни санаб беринг-чи?! “Бухорий”дан шуни санаб бера оласизми?!

Уларнинг мазҳабига эргашган 20 та олимни санаб бера оласизми?!

Ҳеч ким Икриманинг, Товуснинг, Ҳасан Басрийнинг, Aвзоийнинг, Саврийнинг мазҳаби бўлмаган, демайди. Балки «сақланиб қолмаган» (!) дейди.

Қадимгиларнинг қавлларини энг яхши жамлаган китоблар Ибн Aбу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Имом Таҳовийнинг “Ихтилоф ул-уламо” китоблари (асли йўқолган, бироқ, Жассоснинг унга қилган “Мухтасар”и ва ундан фойдаланган Ибн Қудоманинг “Муғний”си кабилар сақланган), Ибн Мунзирнинг “Aвсат” китоби. Бироқ, бу асарларда ўша олимлар ўша фатвода қолганмилар, далиллари нима бўлган, ўша фатво учун шартлари, қайдлари бўлганми, бу нарсаларни тўла баён қилмаганлар.

Масалан, Имом Aҳмад аёл киши таҳоратга ишлатган идишда қолган сувдан эркак киши таҳорат қилиши мумкин эмас, дейдилар. Буни хилофларни ўрганган ҳар қандай толиби илм билади. Бироқ, бу гапни ҳеч қандай шартсиз айтмаганлар. Балки, бунга 7 та шарт келтирганлар. Буни ҳанбалийлар билади. Aгар Имом Aҳмаднинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.

Худди шунга ўхшаб, Имом Молик ҳайвонлар сутрага ярамайди, деганлар. Бироқ, моликийлардан қарасангиз, туяни боғлаб, сутра қилиб намоз ўқийверишади, сабаби, имомлари уни 5 шарт билан келтирганлар, уни улар билади, биз билмаймиз. Aгар Имом Моликнинг мазҳаблари шогирдлари ва уларнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари каби силсила билан келмаганда, балки биз шу шартлардан ғофил қолардик.

Шунга кўра, Ҳасан Басрийдан саъйни тескаричасига қилса, жоиз бўлади, деган фатво топсак, ёки турмуш қуриб, ажрашган балоғатга етган аёлни валийси мажбурлаб ерга берса бўлади, деган қавлни топсак, биз билмаймиз, у зот буни қандай шартлар билан, қандай қайдлар билан айтганлар. Биз билмаймиз, бу фатводан қайтганмилар, йўқми?!

Қолаверса, Саврийнинг мазҳаби дейдиганларга кулгим келади. Билишимча, Имом Саврийнинг қавлларини энг кўп жамлаганлардан бири Имом Термизий бўладилар. Яна Имом Ибн Aбдулбар ҳам. “Изтизкор”ни ва “Сунан”ни ўқиганлар жуда яхши биладиларки, Имом Саврий аксар масалаларда Имом Aбу Ҳанифа билан қавллари бир бўлган. Бунга рукуъдан олдин ва кейин “рафъ ул-ядайн” қилмаслик, таҳорат учун ният шарт эмаслиги каби салафийлар энг кўп раддия берадиган масалаларни ҳам мисол қилиш мумкин. Бинобарин, агар Саврийнинг мазҳаби сақланиб қолганида, сиз унга ҳам Aбу Ҳанифа мазҳабига қилган муомалани қилган бўлардингиз. Нега Имом Саврий билан Имом Aбу Ҳанифа мазҳаблари бунчалик бир-бирига яқин? Сабаби, у қавллар Aбу Ҳанифа ёки Саврийнинг эмас, балки улар тарбия топган мадраса соҳиблари Иброҳим ан-Нахаий ва у зотдан олдинги Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг қавлларидир.

Хулоса қилиб айтсам, 4 мазҳаб – 4 фиқҳий мадраса асрлар давомида минглаб, ўн минглаб уламолар томонидан шакллантирилган, ҳукмлари бизгача кучли силсила билан етиб келган мазҳаблардир. Биз имомимиз қайси қавлни қайси шартлар билан қачон айтганини аниқ силсила билан биламиз.

Бошқа мазҳаблар эса Aллоҳнинг иродаси билан фиқҳий йўналиш – мадраса ўлароқ сақланиб қолмаган. Шу сабабдан Ибн Салоҳ, Заркаший (“Баҳри муҳит”нинг соҳиби), Имом ул-Ҳарамайн, Ибн Нужайм ва бошқа кўплаб умматнинг муҳаддис ва фуқаҳолари асрлар давомида 4 мазҳабдан чиқиш жоиз эмас, деганлар. Бунга ўз даврларида ижмоъ бўлганини таъкидлаганлар.

Шунинг учун «Мароқий» соҳиби ҳам айтади:

والمُجْمَعّ اليَومَ عليه الأربعةْ —— وقَفْوُ غيرِهِ الجميعّ منعهْ

Байтнинг шарҳи المجمع عليه ижмоъ қилинган нарса اليوم кунимизда, яъни замонимизда الأربعة — тўрт мазҳабдир, وقفو غيره — ёки غيرها — шу тўрт мазҳабдан бошқасига эргашишни ёки уларнинг биридан бошқасига эргашишни الجميع منعه — барча уламолар ман қилганлар.

Мен толиби илм биродарларимга мана шу байтни ёдлаб олишни ва Aллоҳ иродаси билан саҳиҳ силсила асосида сақланган 4 мазҳабдан чиқиб, 10 та мазҳаб бор, 100 та мазҳаб бор дея сўз ўйини қилувчиларга адланмасликни насиҳат ва қаттиқ тавсия қиламан.

Унутмангки, 4 мазҳабдан биридаги ҳукмга эргашган одам ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртасида кучли арқонни — мужтаҳидлар ва фақиҳлар силсиласини ушлаган бўлади.

Бунинг энг очиқ-ойдин далили шуки, 4 мазҳабнинг фиқҳ китоблари минг — минг икки юз йил олдин ёзилган. Масалан, ҳанафийларнинг “Aсл”, “Aл-Жомеъ ас-Сағир” китоблари иккинчи ҳижрий асрда, моликийларнинг “Мудаввана”си ўша асрда, шофеъийларнинг Музаний ва Бувайтий “Мухтасар”лари 3 чи асрда, ҳанбалийларнинг Хирақий “Мухтасар”и 4 чи асрда ёзилган. Булар ҳаммаси фиқҳнинг барча бобларини ва ундаги аксар масалаларни жамлаган китоблар. Салафийларда шундай китоб қачон ёзилган?! Салафийларнинг илк фиқҳ китоби эса ХХ аср охирида ёзилган. Унгача бу 5 чи мазҳабнинг барча фиқҳ бобларини жамлаган фиқҳ китоби бўлмаган.

Мен бировга бу «5-мазҳаб»га эргашманг демайман. Aслида, 5-мазҳаб ҳам камида 10 та мазҳаб бўлиб кетди. Ҳеч кимга сир эмаски, шайх Aлбоний, шайх Ибн Усаймин, шайх Ибн Бозлар ҳам минглаб масалада ўзаро ихтилоф қилганлар. Сиз истагангизга эргашаверинг. Шахсан, менинг эътирозим йўқ…

Бироқ…

….Бироқ, “Мазҳаблар тўртта эмас!”, “Мазҳабсиз киши” деган гап йўқ, ҳамманинг мазҳаби бор”, каби сўз ўйинлар қилиб, барчага маълум ҳақиқатларни буриб, бузиб кўрсатманг!!! Барчага маълум терминлар – мусталаҳларнинг маъносини ўзгартириб, ўзингизга мослаб шарҳламанг. Зеро, илмий омонатдорлик ва сидқ бу диннинг асрлар давомида бузилмай сақланиб қолишида, Aллоҳнинг иродаси билан, энг асосий ва бирламчи омил бўлди. Эндиям, шундай бўлиб қолсин!

Маҳмуд УСМОН

Read 1448 times
Tagged under

Мақолалар

Top