МАҚОЛА

Сохта салафийларнинг пайдо бўлиши

Салафи солиҳлар дегани Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафларидан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу  даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин) лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин) лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.

Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.

Хозирги кунда ўзларини Салафи солиҳлар деётганлар еса —ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар  ақоидини қайта  жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).

Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўссиз қабул қилинар, далили суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги хилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди, мусулмонлар жамоъатига қарши фикрларини безаб, зийнатлаб қўйди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг янгича фатволари мухлислари томондан бош устига қабул этилар ва алалоқибат уни “мужаддид” (динни янгиловчи), “шайхул-ислом”, деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, мужтаҳид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Унинг кейинги пайдо қилган “салафийлик” мазҳаби ҳеч қандай салафи-солиҳларнинг йўлига мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоъасидан ажраб чиққан адашувдаги бир кичик оқим бўлган холос!

 

Маъруфжон Алоходжаев, Наманган шаҳар

"Абдулқодир қори" жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 1352 times

Мақолалар

Top