МАҚОЛА

Таъвил қилиш бидъат эмас, заруратдир!

Агар далил бор бўлса, Қуръон оятлари ёки ҳадисларни таъвил қилиш ҳақдир. Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг барчаси шу фикрда якдилдир. Таъвил қилишни инкор этган киши ҳақ йўлдан оғган кимсадир. Негаки, Қуръон оятлари ва ҳадислардан айримларининг маъноси зоҳир (аниқ-равшан), айримларининг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ирода қилган маънолари зоҳир эмас. Ҳатто уларнинг зоҳирий маънолари Аллоҳ таолога нисбатан ножоиз тасаввурга олиб боради.

Маънолари аниқ-равшан, ҳеч қандай мушкуллик мавжуд бўлмаган оятлар “муҳкам оятлар” деб аталади. Улар бошқа манбалардан олдин қўйиладиган аслдир. Муташобиҳ (маъноси Аллоҳнинг ўзидан бошқага номаълум бўлган) оятларни англаб етишда ана шу муҳкам оятларга мурожаат қилинади. Бу – салаф ва халаф уламолари тутган йўл.

Жумладан, “Шўро” сурасидаги “Унинг мислидек бирор нарса йўқдир” ояти муҳкам оятлар жумласидан бўлиб, уни тушунишда ҳеч қандай мушкуллик йўқ. Чунки унда Аллоҳ таоло ҳеч бир жиҳатдан махлуқларига ўхшамаслиги хабар қилинмоқда. Аллоҳ таоло қаттиқ ёки латиф жисм эмаслигини, аразлар ўрнашадиган маҳал (жойлашадиган ўрин) эмаслигини, яъни жисмда мавжуд бўладиган сифатлар У зотда йўқ, деган маънони англатмоқда. Жисмнинг катталик, кичиклик, қаттиқлик, юмшоқлик, иссиқлик, совуқлик, ранглилик, шаффофлик ёки бошқа сифатлари бўлади. Жисм ана шундай аразлар учун маҳалдир. “Унинг мислидек бирор нарса йўқдир” ояти ана шуларнинг барчаси У зотда йўқлигига далилдир. Аллоҳ таолонинг мавжудлиги мана бу нарсалардан ҳеч бирига ўхшамаслигини англатади. Шунингдек, “Ихлос” сурасидаги “Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир” (4-оят) ҳам муҳкам оятлардан биридир.

Аммо муташобиҳ оятлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар икки қисмдир. Биринчиси, зоҳирий маъноси Аллоҳ таолонинг юқори тарафни макон тутгани тушуниладиган оятлар. Иккинчиси – Унинг паст тарафни макон тутгани тушуниладиган оятлар. Ҳатто айрим оятларнинг зоҳиридан Аллоҳ таоло башарият билан аралашиб юриши, қаерга борсалар, уларга ҳамроҳлик қилиши тушунилади. Иш шундай экан, бу каби оятларни таъвил қилиш лозим. Чунки улар таъвил қилинмаса, яъни қандай келган бўлса, шундайлигича қабул қилинса, Қуръонда зиддият, қарама-қаршилик бор, деган хулоса келиб чиқади. Ваҳоланки, унда зиддият бўлиши мумкин эмас. Таъвил қилиш бидъат, деганлар ҳақиқатдан йироқ кимсалар бўлиб, уларнинг бу гапларига кўра, Қуръон оятлари бир-бирига қарама-қарши келиб қолади. Чунки уларнинг зоҳирий маъноларига асосан, Аллоҳ таоло тепада ёки пастдалиги, “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” (“Қоф” сураси, 16-оят)да айтилганидек, инсоннинг гўшти билан бўйни орасидалиги тушунилади. Демак, уларни таъвил қилиш лозим.

Хўш, таъвил қандай бўлади? Таъвил мана шунга ўхшаш муташобиҳ оятларни “Унинг мислидек бирор нарса йўқдир” оятига ўхшаган муҳкам оятларга мурожаат қилган ҳолда амалга оширилади. Бунинг йўли шуки, бу ерда ана ўша муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маънолари ирода қилинмаган, балки уларнинг зоҳиридан бошқа маънолари ҳам бор. Баъзи бир салафлар уларга маъно бераётиб, муҳкам оятларга муносиб келадиган тарзда таъвил қилган. Яъни, ана шу муташобиҳ оятларнинг муҳкам оятлар билан мувофиқ келадиган муайян маъноларини чиқариб берган. Айримлари муайян бир маъно беришдан қочиб, умумий, ҳатто ҳеч қандай ҳолатсиз таъвил қилиб: (У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир” (“Тоҳа” сураси, 5-оят), яъни ҳеч бир ҳолатсиз ва ўхшатишсиз муставий бўлган, “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз”, яъни ҳеч бир ҳолатсиз ва ўхшатишсиз унга яқиндир, деган маъноларни берган. Бинобарин, бу каби оятларда уларнинг зоҳирий маънолари ирода қилинмаган.

Салафлар ва халафлардан иборат айрим аҳли сунна уламолари (У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир” оятини батафсил таъвил қилиб, “иставо” лафзига “қаҳр қилди”, деган маънони берган. Халафлар орасида муташобиҳ оятларни батафсил таъвил қилганлари кўпчиликни ташкил этади.

Аҳли сунна вал жамоанинг ҳар икки тоифаси – таъвил қилгани ва қилмагани ўртасидаги фарқ шуки, биринчилар муташобиҳ оятларга муайян бир маъно бермаган, балки ҳеч қандай ҳолатсиз ва ўхшатишсиз, баъзан Унинг ўзига лойиқ тарзда тушунилади, деб ўтган. Нима бўлганда ҳам, улар аҳли сунна вал жамоа вакилларидир.

Аммо, афсуски, бугун ўзини “салафий” деб атаб олган баъзи кимсалар зоҳиридан Аллоҳ таолонинг осмонда экани тушуниладиган (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир”, “(Ҳар бир) ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур” (“Фотир” сураси, 10-оят) сингари муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъноларини олиб, “Уларни улар қандай келган бўлса, шундай шарҳлаймиз ва тушунамиз. Бинобарин, Аллоҳ юқорида, У осмонни макон тутган, деб таъбир берамиз”, деган даъволар билан ўртага чиқмоқда.

Аммо “Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир” (“Бақара” сураси, 115-оят)да айтилганидек, зоҳиридан Аллоҳ таолонинг паст тарафдалиги тушуниладиган муташобиҳ оятларга келсак, “Уларни зоҳирий маъносига кўра тушунмаймиз”, дейишади. Агар уларга: “Бу ҳам, у ҳам Қуръон ояти. Нима учун зоҳиридан Аллоҳ таолонинг тепада экани тушуниладиган оятларни қандай келган бўлса шундайлигича олиб, “Аллоҳ зоти билан тепада, осмонни макон тутган”, дейсиз-у зоҳиридан У зотнинг паст тарафдалиги тушуниладиган оятларни улар қандай келган бўлса, шундайлигича қабул қилмайсиз?! Масалан, “Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир” оятининг зоҳирий маъносига кўра, У зот Ер юзининг ҳамма жойидадир. Шу тарздаки, сафардаги киши улов устида нафл намоз ўқиётиб, Шарқ ёки Ғарб, Жануб ёки Шимол томонга юзланадиган бўлса, Аллоҳнинг зотига юзланган бўлиб чиқади. Сиз эса бу оятларнинг зоҳирини олмайсиз”, дейилса, улар жавоб бера олмайдилар. Мана бу салафчилар ва уларнинг мушаббиҳа устозлари ана шундай йўл тутган, ҳолбуки, униси ҳам, буниси ҳам Қуръон оятларидир.

Агар уларга: “Нима учун бундай қилдингиз?” десангиз, улар: “Чунки юқори Аллоҳ улуғланадиган томон, паст эса Унга ҳурматсизлик бўладиган томондир”, деб жавоб беради. Уларнинг бу гаплари асоссиз, чунки афзаллик қадрнинг юксаклиги билан ўлчанади, макон ва жиҳатнинг юксаклиги билан эмас. Ахир подшоҳлар паст текисликларда, уларнинг қўриқчилари баланд тоғлар тепасида турмайдими?! Чунки тоғлар тепаси уларга ҳамла қилмоқчи бўлган душманни кузатиш учун, паст текислик эса подшоҳ дам олиб, ҳаёт кечириши учун қулайдир.

Уларга яна бундай дейилади: Аллоҳнинг энг улуғ бандалари бўлмиш пайғамбарлар ҳам Ерда яшаган, вафотларидан сўнг Ерда дафн қилинган. Қиёмат куни ҳам унинг бағридан қайта тирилтириладилар. Пайғамбарлардан кўра қуйироқ даражада бўлган фаришталар Аллоҳнинг ҳузурида бўлиб, бир қисми Аршнинг атрофини ўраб туради, бир қисми етти осмонлар бўйлаб тарқалган, бир қисми жаннатда, бир қисми жаҳаннам қўриқчиларидир. Агар афзаллик жиҳат ва маконнинг юқорида эканига боғлиқ бўлганида, албатта, пайғамбарлар қарор топадиган жой Аршнинг атрофида бўлар, уларга нисбатан ҳам қадр жиҳатидан юксаклик эмас, балки макон жиҳатидан юксаклик нисбати берилган бўлар эди.

Аллоҳ таолога нисбатан тепалик томон бўлмиш Арш ва паст томон ҳисобланмиш Ер баробардир. Унинг улуғлиги Арш ёки оламнинг бирор қисми ёки пастдаги Ер билан боғлиқ эмас. На унисидан фойдаланади, на бунисидан. Аллоҳ таолонинг улуғлигини юқорида бўлишга боғлаган кишилар эътиқодича, Аршда ўтириш каби сифатлар Аллоҳни улуғлаш ҳисобланади. Аслида эса бу Аллоҳни камситиш ва ҳақорат қилишдир. Чунки ўтириш инсонлар, жинлар, фаришталар ва ҳайвонларнинг сифати. Демак, Аллоҳ таолони Ўзидан бошқа сабабли улуғ бўлувчи, ундан фойдаланувчи деб билган киши У зотни камситган бўлади. Аллоҳ таоло оламдан бирор нарсани ундан фойдаланиш учун яратмаган.

Салафчилар Аллоҳ таолонинг осмонда эканини исботлаш учун ушлаб олган энг катта далил – бу ҳозирги кунда жуда машҳур бўлиб кетган “жория ҳадиси”дир. Уларга жавобан бундай дейилади: “Сиз далил қилиб келтираётган “жория ҳадиси” фақатгина битта саҳобадан ривоят қилинган. Аммо киши мусулмон бўлиши учун имон калимасини айтишнинг ўзи кифоя қилиши ҳақидаги ҳадис – “Одамлар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва менинг Унинг пайғамбари эканимга шоҳидлик бермагунига қадар улар билан уруш қилишга буюрилдим” ҳадисини ўн беш нафар саҳоба ривоят қилган бўлиб, у мутавотир ва машҳурдир. “Жория ҳадиси” ана шу мутавотир ҳадисга зид келмоқда. Шундай экан, унга амал қилинмайди. Нима учун? Чунки “жория ҳадиси”нинг зоҳирий маъносига кўра, жория: “Аллоҳ осмонда, Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз”, дегани учун Пайғамбар алайҳиссалом уни мусулмон деб ҳукм қилаяптилар. Бу – исломга зид. Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳ осмонда”, деган сўз учун бировни мусулмон деб ҳукм қилмаганлар. Чунки ўзга дин вакиллари, ҳатто кўпгина кофирларнинг ақидаси ҳам айнан шудир. Бировни мўмин-мусулмон деб ҳукм қилиш учун у шаҳодат калимасини айтиши шарт. Биргина саҳобадан ривоят қилинган “жория ҳадиси”ни деб, ўн беш нафар саҳобадан ривоят қилинган бу ҳадис тарк қилинмайди. Демак, бу масалада сизнинг ҳужжатингиз йўқ”.

Агар улар: “Саҳиҳи Муслим”да келганига қарамай, бу ҳадисни қандай қилиб заифга чиқарасиз?” деса, бундай жавоб берилади: “Унга заиф ҳадислардан бир нечтаси кириб қолган, шунинг учун ҳам Имом Муслим китобини тўрт нафар буюк муҳаддисга кўрсатганида, тўртта ҳадисдан бошқа барчасини саҳиҳ деб эътироф этган. “Жория ҳадиси” ҳам ана ўша заиф ҳадислардан бири бўлиши мумкин”.

Шунингдек, Аллоҳни улуғлаш нима-ю камситиш нималигини билмайдиган ана шу кимсаларга: “Аршда ўтириш қандай қилиб мақтов бўлиши мумкин? Аллоҳ таоло юқориликнинг энг сўнгги нуқтасида бўлмиш Аршдан ҳам, пастликнинг энг сўнгги нуқтаси бўлмиш Ернинг еттинчи қаватидан ҳам беҳожатдир. У зот иккисини ҳам улардан фойдаланиш учун яратмаган”, дейилади.

Демак, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларни таъвил қилиш айрим кимсалар даъво қилганидек бидъат эмас, балки шаръий заруратдир. Аллоҳ таоло ҳақида соғлом эътиқодда бўлиш учун ҳам таъвилга эҳтиёж бор. Умматнинг ҳақ ва тўғри йўлда бўлган салафи ҳам, халафи ҳам бу ишни жоиз деб билган. Ҳатто ўзлари ҳам таъвил қилган. Ҳижрий VII асрда яшаб ўтган Ибн Таймияни салаф деб тақдим қилаётган, ақидавий, фиқҳий ва бошқа қарашларини худди Қуръон оятларини тутгандек тутаётган салафчилар “Саҳиҳ”даги таъвиллар учун ҳижрий 194 йилда вафот этган Имом Бухорийни ҳам бидъатчига чиқарадими?! Бинобарин, салафларга эргашаётган улар эмас, балки биз, аҳли сунна вал жамоа вакиллари экани ўз тасдиғини топиб бўлган. Ҳақиқатдан сўнг залолатдан ўзга нима бор?

Алоуддин НЕМАТОВ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими

Read 1476 times

Мақолалар

Top