МАҚОЛА

Миссионерлик: моҳият, мақсад ва оқибатлар

Асрлар давомида юртимизда меҳр-мурувват ва оқибат, эзгулик ва яхшилик, тинчлик ва дўстлик ғояларига асосланадиган, уларни тарғиб этадиган турли динларга эътиқод қиладиган кишилар ҳамкор ва ҳамжиҳат яшаб келган. Хусусан, қадимдан диёримизда ислом, насронийлик, иудаизм каби динлар ёнма-ён мавжуд бўлиб келган. Йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагоглар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва  можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир.
Бугун ҳам мамлакатимизда турли конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда, фуқароларимиз ўз диний амалларини эркин адо этиб келмоқдалар.
Диний ташкилотлар ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, улуғ ва муштарак ғоялар йўлида ҳаракат қилиши учун имкон яратади.
Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, демакдир.
Миссионерлик асосан, христианликка хос бўлиб, бу ҳаракат христианлик Византия империясида давлат дини сифатида эълон қилинганидан эътиборан олиб борилади.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси прозелитизмдир. Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириб, ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Албатта, бу ҳаракатлар маблағсиз, сиёсий қувватлаш ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташкилотлари ва манфаатдор геосиёсий доиралар бу ҳаракат учун катта пул тикишди. Чунки уларнинг кўзлаган натижалари сарф-харажатларини тез орада бир неча ўн, юз, ҳатто минг баробар қоплаб олиш эди.
Миссионерлар маккорона услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришди. Улар диёримизга тил, компьютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлаш ёки хайрия ишлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар орасида кириб келишди. Илмга чанқоқ одамлар, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Лекин ўқиш жараёнида баъзи «ўқитувчи»ларнинг қиёфалари тезда маълум бўлиб қолди.
Миссионерлар қимматбаҳо қоғозларда, жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгохлар ва айрим ишхоналарда тарқатишга ҳаракат қилишди. Афсуски, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илинди.
XXI аср бошида миссионерлик ҳақиқатан ҳам ўзига хос хусусиятлар касб этмоқда Энг аввало, миссионерлар конкрет мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишда унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганликларини таъкидлаш зарур. Бунда боқувчисини йўқотган болалар, қаровчисиз қолган қариялар ҳамда ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва муассасаларга хайрия ёрдамларини кўрсатиш, аҳолининг ночор қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш ва муҳтожларни озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга тиббий ёрдамни ташкил этиш орқали ўз қарашлари ва ҳаракатларига хайрихоҳликни уйғотишга интилмокдалар.
Миссионерларнинг турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида олиб бораётган амалиёти таҳлили христианликни тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио ва видеокассеталарни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш, масиҳийликка даъват ғоялари билан суғорилган махсус газета ва журналларни нашр қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилаётганини кўрсатади.
Миссионерлар замонавий техника ва технология, оммавий ахборот ва коммуникация воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Турли давлатлар ва минтақаларда иш юритаётган миссионерлар интернет тармоғи орқали ўз фаолиятларини мувофиқлаштираётгани, молиявий маблағларни бемалол у мамлакатдан бу мамлакатга ўтказаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш учун асос бўлади. Бундай йўл билан миссионерлар ва уларнинг ҳомийлари у ёки бу давлатдаги диний мувозанатни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш баҳонасида ўз таъсир доираларини кенгайтиришга интилмокдалар.
Шундай экан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак бўлади, чунки «Ватан», «Миллат», «Имон-эътиқод» муқаддас тушунчалардир. Уни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Миссионерлик Республикамиз аҳолиси тинчлиги ва осойишталиги учун тахдид эканини чуқур англаш, унинг олдини олиш ҳамда унга қарши кураш бўйича тизимли ва тадрижий ишларни олиб бориш ҳар бир фуқаронинг миллат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади.

Хидаятулла ИСАЕВ
Янгиер шаҳар “Муҳаммад Бобур”
жоме масжиди имом-хатиби

Read 1252 times

Мақолалар

Top