МАҚОЛА

Жума фарзидан олдин тўрт ракат намоз ўқиш суннатдир!

Афсуски, бизнинг давримизга келиб айрим кишилар янги бир фитнани қўзғата бошладилар. У ҳам бўлса, жумъа намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқишни шариатда йўқ, деб шариатда йўқ гапни айтдилар. Аслини олганда, минг йиллардан бери, айтиш мумкинки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳоба ва тобеъинлар давридан бери, ҳатто бизнинг ота-боболаримиз мусулмон бўлгандан бери жумъа намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намозини бор деб, ўқиб келишмоқда.

Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳи, буюк ватандошимиз Абу Бакр Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадойеъ ус-санойеъ” асарида бундай дейдилар:

وَأَمَّا السُّنَّةُ قَبْلَ الْجُمُعَةِ وَبَعْدَهَا فَقَدْ ذُكِرَ فِي الْأَصْلِ: وَأَرْبَعٌ قَبْلَ الْجُمُعَةِ، وَأَرْبَعٌ بَعْدَهَا

“Жумъадан олдинги ва ундан кейинги суннатга келсак, Асл Китобда жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат деб зикр қилинган” (Абу Бакр Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ фи тартиб аш-шаройеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 266).

Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасар ал-Виқоя” номли фиқҳий матн китобида ҳам шундай дейилган:

وَ سُنَّ قَبْلَ الْجُمْعَةِ وَ بَعْدَهَا أَرْبَعٌ بِتَسْلِيمَةٍ

“Жумъадан олдин ва ундан кейин тўрт ракъатни бир салом билан ўқиш суннат қилинди” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон: Харитонов, 1911. – Б. 20).

“Бадойеъ ус-санойеъ”да жумъадан олдин тўрт ракъат суннат ўқилишини қуйидагича тушунтирилган:

أَمَّا الْأَرْبَعُ قَبْلَ الْجُمُعَةِ؛ فَلِمَا رُوِيَ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَتَطَوَّعُ قَبْلَ الْجُمُعَةِ بِأَرْبَعِ رَكَعَاتٍ؛ وَلِأَنَّ الْجُمُعَةَ نَظِيرُ الظُّهْرِ، ثُمَّ التَّطَوُّعُ قَبْلَ الظُّهْرِ أَرْبَعُ رَكَعَاتٍ كَذَا قَبْلَهَا

“Жумъадан олдинги тўрт ракъатга келсак, Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан олдин тўрт ракъат нафл (биз учун суннат) намоз ўқир эдилар. Чунки жумъа пешиннинг ўхшаши. Пешиндан олдин тўрт ракъат суннат ўқилар экан, демак ундан олдин ҳам тўрт ракъат суннат мавжуд” (Абу Бакр Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ фи тартиб аш-шаройеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 266).

Иқтибос олинган юқоридаги матнда жумъадан олдин тўрт ракъат суннат борлигини Асл Китобда зикр қилинган, дейилди. Ундан мазҳаббошиларимиздан Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асл” ёки “ал-Мабсут” деб аталган китоби назарда тутилади. Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ мутақаддим олимлардан бўлиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг устозларидан ҳисобланади.

Жумъадан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиш мужтаҳидлар замонидан анча аввал жорий бўлиб келган эди. Буюк мужтаҳид ва фақиҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу жумъадан олдин тўрт ракъат суннатни ўзлари ҳам ўқиганлар ва ўзгаларга ҳам ўқитганлар. Айни ҳақиқат шуки, у зот шариатда йўқ нарсани жорий қилмаганлар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаккада суннатларини таълим берган ва тарғиб қилганлар. Имом Термизий бобомиз “Сунани Термизий”ларида бу ҳақида хабар берганлар:

وَ رُوِيَ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي قَبْلَ الْجُمْعَةِ أَرْبَعًا وَ بَعْدَهَا أَرْبَعًا... وَ ذَهَبَ سُفْيَانُ الثَّوْرِيُّ وَ ابْنُ الْمُبَارَكِ إِلَى قَوْلِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ

“Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у зот жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Суфён ас-Саврий ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ушбу Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг гапини қабул этганлар” (Термизий, 1/523).

Имом Термизий ҳазратлари тилга олган Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ мужтаҳидлар замонида яшаган, 300 ҳижрийгача яшаб ўтган исломнинг мутақаддим уламолари, муҳаддис ва фақиҳлари ҳисобланади. Улар ҳам Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ сингари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мужтаҳиди мунтасиб шогирдларидан дейилади. Агар жумъадан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиш шариатда йўқ бўлганда, улар буни қабул қилмаган бўлишарди. Шунинг учун ҳам барча мужтаҳидлар ва ҳатто муҳаддисларнинг барчаси ҳам жумъадан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиш борлигини қабул қилганлар. Жумладан, гарчи Имом Бухорий ҳазратлари бу ҳақида алоҳида ҳадис келтирмаган бўлсалар ҳам, лекин ўзларининг саҳиҳ китоблари тўпламида: بَاب الصَّلَاةِ بَعْدَ الْجُمُعَةِ وَقَبْلَهَا – “Жумъадан кейинги ва ундан олдинги намоз” сарлавҳаси билан бир боб тузганлар. “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб-ўрганувчиларга яхши маълумки, китобнинг сарлавҳалари Имом Бухорий ҳазратларининг ақидавий ва фиқҳий қарашларини ифодалаб келади. Демак, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ақида ва фиқҳи ҳам жумъадан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиш шариатда бор эканлиги ҳақида бўлган. Хуллас, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳни ўз илмига амал қилувчи буюк аллома деб билар эканмиз, у зот ҳам бизларга ўхшаб жумъадан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиганликларини айта оламиз.

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси шак-шубҳасиз саҳиҳ бўлиб, муҳаддис Абдурраззоқ разийаллоҳу анҳунинг “ал-Мусаннаф” асарида келтирилган. У Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳдан келтирилган:

عَبْدُ الرَّزَّاقِ عَنِ الثَّوْرِيِّ عَنْ عَطَاءِ بْنِ السَّائِبِ عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ السُّلَمِيِّ قَالَ كَانَ عَبْدُ اللهِ يَأْمُرُنَا أَنْ نُصَلِّيَ قَبْلَ الْجُمْعَةِ أَرْبَعًا وَ بَعْدَهَا أَرْبَعًا حَتَّى جَاءَنَا عَلِيٌّ فَأَمَرَنَا أَنْ نُصَلِّيَ بَعْدَهَا رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ اَرْبَعًا

“Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу бизга жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат суннат ўқишни буюрар эдилар. Ҳтто Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳу бизга (Кўфа шаҳрига) келганларида, бизга жумъадан кейин икки ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат ўқишни буюрдилар” (Абдурраззоқ, 3/5525; Табароний, 9/9551-9556).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат суннат ўқишни буюришлари уларнинг оддий бир нафл эмаслигини, балки муаккада суннат эканини билдиради. Чунки оддий ва мутлақ нафлларга тарғиб қилиниши ёки ўқишга тавсия берилиши мумкин, холос. Уларни ўқишга буюришлари ва ўқишни алоҳида ўргатишлари уларнинг оддий нафллардан кўра юқорироқ суннати муаккада эканини англатади. Зотан, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам уларни асло тарк этмаганлар. “Мусаннафи Абдурраззоқ”да яна бир саҳиҳ санадли тариқдан ривоят келтирилган:

عَبْدُ الرَّزَّاقِ عَنْ مَعْمَرٍ عَنْ قَتَادَةَ أَنَّ بْنَ مَسْعُودٍ كَانَ يُصَلِّي قَبْلَ الْجُمْعَةِ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ وَ بَعْدَهَا أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ

“Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар” (Абдурраззоқ, 3/5524).

Жумъадан олдин тўрт ракъат суннатни ўқиш нафақат Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг иши балки саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ҳам одати эди:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي قَبْلَ الْجُمُعَةِ أَرْبَعًا لَا يَفْصِلُ بَيْنَهُنَّ بِسَلَامٍ ثُمَّ بَعْدَ الْجُمُعَةِ رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ أَرْبَعًا

“Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу жумъадан олдин тўрт ракъат намоз ўқир, уларнинг орасини ажратмасдан бир салом билан ўқирдилар. Жумъадан кейин эса икки ракъат, сўнг тўрт ракъат ўқир эдилар” (Таҳовий, 1/1965).

“Канз ал-уммол”да саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг бу гапи ҳам келтирилган:

مَنْ كَانَ مُصَلِّيًا فَلْيُصَلِّ قَبْلَهَا أَرْبَعًا وَ بَعْدَهَا أَرْبَعًا

“Кимки намозхон бўлса, жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат намоз ўқисин!” (“Канз ал-уммол”, 7/21225).

Мўъминлар онаси Сафийя бинти Ҳуйай разийаллоҳу анҳонинг ҳам жумъадан олдин тўрт ракъат суннат ўқишлари ривоят қилинган:

رَوَاهُ ابْنُ سَعْدٍ فِي الطَّبَقَاتِ فِي أَوَاخِرِ الْكِتَابِ أَخْبَرَنَا يَزِيدُ بْنُ هَارُونَ عَنْ حَمَّادِ بْنِ سَلَمَةَ عَنْ حَافِيَة قَالَتْ: رَأَيْتُ صَفِيَّةَ بِنْتَ حُيَي رَضِيَ اللهُ عَنْهَا صَلَّتْ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ قَبْلَ خُرُوجِ الْإِمَامِ لِلْجُمْعَةِ ثُمَّ صَلَّتْ الْجُمْعَةِ مَعَ الْإِمَامِ رَكْعَتَيْنِ

“Сафийя бинти Ҳуйай разийаллоҳу анҳо имом жумъага чиқишидан олдин тўрт ракъат ўқиганлигини, кейин эса жумъани имом билан бирга икки ракъат қилиб ўқиганини кўрдим” (Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ар-раъйя фи аҳодис ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Райён, 1997. – Б. 207).

Муҳаддис Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ “ал-Мўъжам ал-кабир” асарларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг қуйидаги ҳадисини келтирганлар:

كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ يُصَلِّي قَبْلَ الْجُمْعَةِ أَرْبَعًا وَ بَعْدَهَا أَرْبَعًا يَجَعَلُ التَّسْلِيمَ فِي آخِرِهِنَّ رَكْعَةً

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Саломни эса уларнинг энг охирги ракъатида қилар эдилар” (Табароний, 1/1640).

Мазкур ҳадис саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган:

عَنِ بْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ يَرْكَعُ قَبْلَ الْجُمْعَةِ أَرْبَعًا وَ بَعْدَهَا أَرْبَعًا لَا يَفْصِلُ بَيْنَهُنَّ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин тўрт ракъат намозни ораларини ажратмасдан ўқир эдилар” (Ибн Можа, 1/1129; Табароний, 12/12674).

Мазкур ривоятлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келадики, уларнинг суннатдан асли борлигини билдиради ва шариатда жумъадан олдин ҳам тўрт ракъат суннат намози борлигини англатади.

Жумъадан олдин тўрт ракъат суннат йўқ дегувчилар жумъа ҳайит намозларига ўхшайди, ҳайитдан олдин суннат намоз йўқку, дейдилар. Лекин, жумъа намози ҳайит намозларига эмас, пешин намозига ўхшашлигида шак-шубҳа йўқ. Чунки ҳайит намозларининг қазоси йўқ, жумъа эса пешиннинг ўрнига жорий бўлган, ҳайит намозлари эса ҳеч бир намоз ўрнига жорий қилинмаган. Ҳайитнинг қазоси йўқ, ҳайит ўқилмаса, ўрнига ҳеч нарса ўқиш вожиб бўлмайди, жумъа ўқилмаса, ўрнига пешин ўқилади, жумъадан қолинса, ўрнига қазо сифатида ҳам пешин ўқилади. Демак, пешин намозининг олди ва ортида суннат намозлари борлиги сабабли жумъадан олдин ҳам, ундан кейин ҳам суннат намозлари бор бўлиши, табиийдир.

Жумъадан олдин тўрт ракъат суннат йўқ дегувчилар яна Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳу азон айтган заҳоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб, минбарда хутба қилаверганлар ва фарзни ўқиганлар, бу орага суннат ўқиш сиғмаган, дейдилар. Бу фитначиларнинг ўзларининг пуч хаёли бўлиб, соғлом ақлга мувофиқ келмайди. Зотан, биринчидан, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида фақат имом минбарга кўтарилгандаги азон бор эди, дейишса, ўша азондан кейин биз ҳам ҳеч нарса ўқимаймиз, хутбани эшитиб, ундан кейин дарҳол фарзга турамиз. Сунна намозни эса имом минбарга чиққандаги азондан олдин ўқиш жорий қилинган. Саҳобалар Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг даврларида бундан илгарироқ, суннатларни ўқиш учун яна бир азонни – амалдаги биринчи азонни айтиб қўйишни жорий қилганлар. Хуллас, суннат намозларни вақт бўлгандан кейин ҳали азон айтилмасдан илгари ҳам ўқиш мумкин-ку. “Саҳиҳи Муслим”даги бир саҳиҳ ривоятга эътибор берилса, жумъадан олдин суннат ўқишга имкон борлиги маълум бўлади:

مَنْ اغْتَسَلَ ثُمَّ أَتَى الْجُمْعَةَ فَصَلَّى مَا قُدِّرَ لَهُ ثُمَّ أَنْصَتَ حَتَّى يَفْرُغَ مِنْ خُطْبَتِهِ ثُمَّ يُصَلِّي مَعَهُ غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَ بَيْنَ الْجُمْعَةِ الْأُخْرَى وَ فَضْلِ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ

“Кимки ғусл қилса, кейин жумъага келиб, имкони бўлгунча намоз (нафл ва суннатларни) ўқиб, хутба тугагунча жим ўтирса, кейин имом билан бирга (фарз) намоз ўқиса, у билан кейинги жумъа орасидаги ҳамда уч кун қўшимчаси билан бирга (гуноҳлари) мағфират қилинади” (Муслим, 2/857).

Шу билан бирга айтишимиз лозимки, гарчи суннатларни ўқиш учун азон айтилган бўлиши шарт бўлмаса ҳам, بَيْنَ كُلِّ أَذَانَيْنِ صَلَاةٌ – “Ҳар икки азон орасида намоз бор!” деган ўта даражадаги саҳиҳ ҳадисга – “Сиҳоҳи ситта” – олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламининг барчасида келтирилган ҳадиси шарифга мувофиқ ҳам жумъадан олдин суннат намози шариатда борлигини айта оламиз (Бухорий, 1/627; Муслим, 1/838; Термизий, 1/185; Насоий, 1/681; Абу Довуд, 1/1285; Ибн Можа, 1/1162).

“Ҳар икки азон орасида намоз бор!” деган ҳадисдан азон ва иқомат назарда тутилган дейилса ҳам, ҳанафий мазҳаби фақиҳлари бошқа ҳадисларга асосланиб фақат шомни истисно қилганлар, холос. Демак, бу ҳадис ҳам жумъанинг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намози шариатда борлигига умумий далил бўлади. Шу билан бирга “Ҳар икки азон орасида намоз бор!” ҳадисининг зоҳири айнан жумъадаги биз ўқийдиган суннат намозига мувофиқ келади. Чунки у икки азон орасида ўқилади.

Яна бошқа бир ҳадис ҳам борки, у ҳам жумъанинг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намози шариатда борлигига умумий далил бўла олади. У саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташриф буюрганларида у зотнинг уйларида роппа-роса етти ойча истиқомат қилганлар. Абу Айюб ал-Ансорий разийаллоҳу анҳунинг муборак қабрлари Истанбулда бўлиб, “Айюб Султон” зиёратгоҳидадир. Ана шу зот бундай ривоят қиладилар:

أَدْمَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ بَعْدَ زَوَالِ الشَّمْسِ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّكَ تُدْمِنُ هَؤُلَاءِ الْأَرْبَعَ رَكَعَاتٍ. فَقَالَ: يَا أَبَا أَيُّوبَ إِذَا زَالَتِ الشَّمْسُ فُتِحَتْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ فَلَنْ تُرْتَجَّ حَتَّى يُصَلَّى الظُّهْرُ فَأُحِبُّ أَنْ يَصْعَدَ لِي فِيهِنَّ عَمَلٌ صَالِحٌ قَبْلَ أَنْ تُرْتَجَّ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ أَوَفِي كُلِّهِنَّ قِرَاءَةٌ؟ قَالَ: نَعَمْ. قُلْتُ: بَيْنَهُنَّ تَسْلِيمٌ فَاصِلٌ؟ قَالَ: لَا إِلَّا التَّشَهُّدُ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо қуёш заволидан кейин тўрт ракъат намоз ўқишга одатланган эдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Ушбу тўрт ракъатни доимий равишда ўқийсиз?!” дедим. У зот: “Эй Абу Айюб, агар қуёш заволга етса, осмон эшиклари очилади. Пешин ўқилмагунча ҳаргиз тебранмайди (ёпилмай туради). Мен эса ўша пайтда ҳали эшиклар ёпилмасидан илгари бир солиҳ амалим кўтарилишини яхши кўраман”, деб марҳамат қилдилар. Мен эса: “Ё Расулуллоҳ! Уларнинг ҳаммасида қироат борми?”, деб сўрадим. У зот: “Ҳа!” деб жавоб бердилар. Мен яна: “Уларнинг орасини ажратиб турувчи салом борми?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, фақат ташаҳҳуд бор”, дедилар” (Таҳовий, 1/1967-1968; Байҳақий, 2/4355; Ибн Абу Шайба, 2/5941; Аҳмад, 5/23579; Табароний, 4/4031).

Жумъа ҳам пешин сингари намоз бўлгани боис ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъадан олдин тўрт ракъат суннатни ўқиб олишларини, уни асло канда қилмаганликларини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам, буюк тобеъин олими Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ: كَانُوا يُصَلُّونَ قَبْلَهَا أَرْبَعًا – “Саҳобалар жумъадан олдин тўрт ракъат суннатни ўқир эдилар”, деб хабар берганлар (Ибн Абу Шайба, 2/5405).

Тарихда жумъа намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқишни шариатда йўқ, деб илк бор Ибн Таймиянинг ўзи (“Мажмуъ ал-фатово”, 24/188-193) ҳамда унинг шогирди Ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (“Зод ал-маод”, 1/432) айтган бўлиб, у иккисининг гапига ваҳҳобий, салафий, зоҳирий каби бемазҳаблар таассубларча эргашиши сир эмас. Лекин, ҳақиқат шуки, юқоридаги маълумотларнинг барчаси жумъа намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намозини ўқиш шариатда борлигини тасдиқлайди ҳамда бу иккиси шариатга нисбатан хато айтгани маълум бўлади.

ХУЛОСА шуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳоба ва тобеъинлар давридан бери, ҳатто бизнинг ота-боболаримиз мусулмон бўлгандан бери жумъа намозининг фарзидан олдин тўрт ракъат суннат намозини бор деб, ўқиб келишмоқда. Суннатларга муҳаббатли халқимиз асло унга бепарво бўлган эмас. Диний анъаналарга содиқлик инсонни таассубдан, бидъатлардан, турли бўлмағур оқим ва носоғлом фикр-қарашлардан асрайди. Бинобарин, айримларнинг нотўғри гап-сўзларига ихлосманд халқимиз алданиб қолмайди ва уларнинг гапига учиб Буюк Шафоатчимизнинг муборак суннатларини асло тарк этмайди.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Read 1245 times

Мақолалар

Top