МАҚОЛА

Аллоҳ сифатлари ҳақида аҳли сунна мазҳаби

Шайх Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ айтади: "Аллоҳнинг муташобеҳ сифатлари хақидаги оят ва ҳадислар ҳақида аҳли сунна ва жамоанинг тутган йўли ушбу сифатларни Аллоҳнинг Ўзига тафвиз қилиш (ҳавола қилиш, топшириш)дир. 

Яъни, ушбу оят ва ҳадислардаги асл мақсад, маънони фақатгина Аллоҳнинг Ўзи билади. Ушбу оят ва ҳадислардан инсон зеҳнга келадиган, яъни Аллоҳнинг қўли дейилганда худди бизнинг қўлимиз каби қўлни тушуниш маъноси ирода қилинмайди. Балки, бу сифатлардан ирода қилинган асл маънони Аллоҳнинг Ўзигина билади. 

(Яъни, Аллоҳнинг мутошобеҳ сифатлари ҳақида салафи солиҳлар шарҳ этишмаган, мазкур сифатларни аслини Аллоҳга ҳавола қилишган, ким бунга маъно бермоқчи бўлса, уни қаттиқ танқид қилиб қайтаришган).

Аммо, ҳозирги замондаги ўзларини салафийлар дегувчиларнинг бу хусусдаги тутган йўли ўзларининг зеҳнларига келган маънони лозим тутишларидир. 

(Яъни, улар Аллоҳнинг бу сифатлари зотий, яд бу қўл дегани, қўл дедими демак Аллоҳнинг зотида бизнинг қўлимиз каби қўли бор дейишади).

Ушбу сабабли уларнинг мушаббиҳа ва мужассима бўлишлари лозим бўлади. 

(Аллоҳга жисм нисбат берувчилар мужассималар, Аллоҳни бандаларига ўхшатувчи мушаббиҳалар дейилади). 

Ушбу қавлни айтувчилар кофир бўлишига имом Шофеъий ва бошқа салаф имомлари ҳам фатво беришган".

(Яъни, Аллоҳнинг зотида бандалар каби қўл, оёқ, юз каби аъзолар бор дегувчилар мужассима ва мушаббиҳалардан бўлади).

Янада тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирамиз: мотуридий ва ашъарий уламолари салафи солиҳларга эргашиб мутошобеҳ оят ва ҳадисларни Аллоҳга тафвиз қилишган. Аммо баъзи тоифалар чиқиб бу сифатларни зотий яъни бандаларнинг аъзолари каби бўлади дейишни бошлагач, таъвил қилишга мажбур бўлишган. Бу таъвилларда шариатга хилоф бўлмаслик ва аввалги уламолар илмига эргашишни лозим тутишган. 

Масалан:

Фатҳ сурасининг 10-оятида "Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир" дея марҳамат қилинган. Оятдаги "яд" - "қўл" мутошобеҳ бўлиб, имом Табарий ўзларининг тафсирида "Аллоҳнинг Ўз Расулига мадади, уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдамларидан қувватлироқдир. Зотан, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг душманларига қарши мадад беришга байъат қилишган эди" дея таъвил қилган. 

Миролим Мансур
Read 1004 times

Мақолалар

Top