МАҚОЛА

Жаҳолатга қарши маърифат – диннинг асл моҳиятларидан бири

Президентимиз томонидан 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онг-у тафаккурини шакллантириш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш, диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

         Ислом дини таълимотида юрти ва миллатига хиёнат қилиш, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ саналади. Исломнинг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда террор ҳаракатларига қарши шундай оятлар келтирилган: Аллоҳ бузғунчилик-фасодни севмайди  (Бақара, 205-оят).    

     Яна бир оятда эса:  “Эй мўминлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат қилинглар”, дейилади. (Нисо сураси, 59-оят).

Ислом дунёсидаги дастлабки террорчилик ҳаракатини қўллаган жамоа сифатида 657 йили вужудга келган “Хорижийлар” оқимини кўрсатиш мумкин. Ушбу гуруҳ  “Гуноҳи кабира” (катта гуноҳ) қилганлар имондан чиқади ва уларга қарши уруш (жиҳод) олиб бориш керак, деб эълон қилган ва ўзларига эргашмаган мусулмонларни қирғин қилишган.

         Шундай экан, ёш авлодда мустақил теран фикрлаш, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам ирода, қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром, мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш туйғусини болаликдан шакллантириш лозимдир.

     Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Демак, аста-аста оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра тинчлик жамиятга кўчади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларида белгилаб қўйилган.

Жаноб Расул Акрам (с.а.в.) муборак Ҳадиси шарифларида айтадиларки: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик".

Инсонда хотиржамлик бўлмас экан, на егулигида ҳаловат бўлсин, на уйқусида. Кўнглига ҳеч нарса сиғмайди, чунки унда хотиржамлик йўқ-да! Агар кишининг саломатлиги бўлмаса, у суйиб тановул қиладиган лаззатли таом ҳам татимайди. Чунки унинг танасида оғриқ бор. Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик улуғ неъматдир. Тинчлик бор жойда юрт равнақ топади.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур.

Донишмандлардан бири шундай деган эди: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади.

Ҳасан ТАЛХАЕВ  - Пайариқ туман “Чинобод” жоме масжиди имом хатиби

Read 777 times

Мақолалар

Top