МАҚОЛА

Суннат нималарни ўз ичига олади?

1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради. Мисол учун, «Албатта ишлар ниятга боғлиқдир» деганлар. Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина китобига киргизган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.

2. «Иш» деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж адо этишлари ва бошқа ишлари. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» дейилади.

3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқийди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш маъқул, деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Буни «тақририй суннат» дейилади.

4. «Халқий» деб тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, шу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббилари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар. Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.

 

(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан.

Read 1415 times

Мақолалар

Top