МАҚОЛА

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва асҳобларининг далиллари

Иймон луғатда тасдиқдан иборат эканига Абу Ҳанифа ва асҳобларининг далиллари қуйидагилардир:

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акалари тилидан:

"Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан", деган (Юсуф сураси, 17-оят).

"Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз", деган (Бақара сураси, 55-оят).

Яъни сенга ишонмаймиз, сени тасдиқламаймиз, дегани.

Аллоҳ бошқа оятда:

"Бас, унга Лут иймон келтирди", деган (Анкабут сураси, 26-оят).

Яъни Лут Иброҳимни тасдиқлади, дегани. Чунки Лут аслида бундан олдин ҳам пайғамбар ва мўмин бўлган.

Аллоҳ таоло шунингдек:

"...қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно...", деган (Наҳл сураси, 106-оят).

"Қалби, тили ва аъзолари иймон-ла ором топа туриб", демади.

Бошқа бир оятда эса:

"Ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ", деган (Ҳужурот сураси, 14-оят).

Аллоҳ таоло:

"Албатта, иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган" (Бақара сураси, 277-оят) каби кўплаб оятларда иймон билан амални алоҳида-алоҳида зикр қилган. Ўтган баҳслардан маълум бўладики, агар амал иймоннинг ҳақиқий жузъи бўлса, амал йўқ бўлганда, иймон ҳам йўқ бўлиши лозим бўлади. Чунки бир нарсанинг бир жузъи йўқ бўлиши унинг ҳаммасининг йўқ бўлишидир.

 

"Ақийдатут-Таҳовия" шарҳининг талхийси, китобидан

Read 1234 times

Мақолалар

Top