МАҚОЛА

Ким султонга қарши чиқиб ўлдирилса, унга жаноза ўқилмайди!

Алҳамдулиллаҳ, қадимдан халқимиз мусулмон, давлат раҳбатлари ҳам мусулмон. Давлат раҳбари ўлароқ, ҳар бир диний ишларда уламолар билан маслаҳат қилаётгани эса, таҳсинга сазовордир. Зеро, маслаҳат билан иш қилиш динимизда мақталган ва таъкидлангандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни саҳобийлар билан маслаҳат қилишга буюргани ҳам айни манфаатдир.

Аммо чет элдан туриб давлат раҳбари ва дин уламоларига таъна тошини отаётган, уларни “сарой мулласи” ёки “уламоларнинг ёмонлари” деб ҳақорат қилаётган кимсаларни ўзи қандай аҳволда?!

Уларнинг ўзини қандай уламо деб атаса бўларкин?! Улар қулай фурсат келиб, иш умум мусулмонларнинг зарарига, уларнинг фойдасига юриши учун ким билан бўлса ҳам, ҳатто бошқа дин вакиллари билан ҳам ҳамкорликка киришаётганини нима дейиш мумкин?! Демак уларни ўзи “шаррул уламо” эмасми?!

Четдан туриб халқни раҳбарларга қарши гиж-гижлайдиган нобоп кимсалар, одамларни боғийликка, яъни давлат раҳбарига қарши чиқишга чақирмоқда. Бундай ҳатти-ҳаракатларнинг оқибати ҳақида мўътабар фиқхий китобларимизда шундай дейилади:

ﻭﻣﻦ ﻗﺘﻞ ﻣﻦ اﻟﺒﻐﺎﺓ ﺃﻭ ﻗﻄﺎﻉ اﻟﻄﺮﻳﻖ ﻟﻢ ﻳﺼﻞ ﻋﻠﻴﻪ،ﻷﻥ ﻋﻠﻴﺎ - ﺭﺿﻲ اﻟﻠﻪ ﻋﻨﻪ - ﻟﻢ ﻳﺼﻞ ﻋﻠﻰ اﻟﺒﻐﺎﺓ.

Ким султонга қарши чиқиб боғийлиги учун, ёки қароқчилиги учун ўлдирилса, унга жаноза ўқилмайди. Чунки Али розияллоҳу анҳу хавориж боғийларга жаноза ўқимадилар”.

Ҳатто “Раддул мухторда” боғийлар ювилмаслиги ҳақида айтилган. Ҳозирги кунда турли Ислом юртларида бораётган урушлар, жангу жадалларга асосий сабаб боғийлик – ўз давлат раҳбарларига қарши чиқишдир. Бу урушлар қанча одамларнинг бошига кулфат келтирди.

Шунингдек, бу “даъватчилар”нинг боғийликка даъвати оят ва ҳадисларга ҳам зиддир!

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”, деган (Нисо сураси 59-оят).

Ояти каримадаги «ишбошилар»га кўплаб тафсирчилар султон ва подшоҳлар кўзда тутилган, деб изоҳ берганлар.

Ибн Жарир ибн Зайддан у киши эса отасидан «ишбошилар»нинг тафсирида «улар султонлардир» деб тушунтирганини ривоят қилган (Имом Суютий. ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Саъид ибн Мансур, ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳамид, ибн Жарир, ибн Мунзир ва ибн Абу Ҳотамлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Улар сизлардан бўлган амирлар”, деб изоҳ берганини ривоят қилишган. Яна бир лафзида эса “улар қўмондонлар”, деб айтилган (Имом Суютий. ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-мансур 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Шунингдек, бу мавзуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадислари ҳам бор. Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إسمعوا و اطيعوا و إن أستعمل عليكم حبشي كأن رأسه زبيبة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга гарчи боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам қулоқ солинглар ва бўйсунинглар!”, дедилар (Бухорий, 694, 7142).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عن إبن عباس عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: من كره من اميره شيئا فليصبر، فإنه من خرج من السلطان شبرا مات ميتة جاهلية

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшоҳ қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилиятда ўлади”, дедилар (Бухорий “Китоб ал-Фитан 7054, Муслим “Китоб ал-Имарот” 1849, Доримий “Китоб ас-сияр” 2519, Имом Аҳмад “Муснад” 2491).

Аслида бу ҳадислар айнан шу нобоп “уламолар”га тегишли эмасми?!

Бугунги кунда халқни мавжуд тузумга қарши қўзғашга уринаётган турли салафийлик оқими аъзоларининг деярли ҳаммаси ўзларига раҳнамо сифатида биладиган Ибн Таймияни “шайхул-ислом” деб улуғлаб келади. Худди ўша ибн Таймия ҳам султон гарчи золим бўлса-да унга итоат қилиш зарурлигини ёзган. Салафийлар “устоз” деб билган шахснинг сўзига эътибор қаратадиган бўлсак:

المشهور من مذهب أهل السنة أنهم لا يرون الخروج على الأئمة وقتالهم بالسيف وإن كان فيهم ظلم

“Аҳли сунна мазҳабида машҳур қавл шуки, бу мазҳаб уламолари бошлиқларга қарши чиқишни ва уларга қарши қурол кўтаришни, ҳатто ўзларига зулм бўлса ҳам тўғри деб ҳисоблашмайди”, демоқда! (Минҳож ас-суннатин-набавия 3/390).

Демак, четдан туриб халқни исёнга гиж-гижлайдиган одамларда яхшилик йўқ! Улар халқимиз ичида мўътабар бўлган уламоларимизни қанчалик обрўсизлантиришга ҳаракат қилишмасин, мақсадларига ета олмайдилар. Аллоҳ таоло уламо ва устозларимизни азизликларини зиёда қилсин.

 

Юнусхон Мамарасулов

“Саид Жалолхон Тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Read 883 times

Мақолалар

Top