МАҚОЛА

Ватанга хиёнат жазосиз қолмас (Ривоят)

Ўтмишда ўта золимлиги билан ном чиқарган бир қароқчи яшаган экан. У бутун умрини қароқчилик, талончилик билан ўтқазиб, ўткинчи карвонларни йўлини тўсиб, мол-мулкини талон-тарож қилар экан. Бир куни катта карвонни йўлини тўсибди. Карвоннинг эгаси кекса бир донишманд шайх эди. Қароқчи карвондаги молларни зулм ва зўрлик билан тортиб олаётганини кўрган донишманд шайхга қараб: “Эҳ, сени ҳолингга вой бўлсин!!! Наҳотки онанг сени золимлик ва қароқчилик билан кун кечиришинг ва дўзах оташида куйиб ёнишинг учун дунёга келтирган бўлса. Бу ишларинг улкан гуноҳ эканлигини билмайсанми?” деди. Донишманднинг бу сўзлари қароқчига қаттиқ таъсир қилди ва ўзини шайхнинг оёғи остига ташлади. Айтдики: «Мени гуноҳларимни Аллоҳ кечирармикан, бутун ҳаётимни қароқчилик қилиб кўплаб инсонларга зулм ўтказганман», деди. 

Донишманд айтдики: «Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли зотдир. Агар чин қалбдан тавба тазарру қилсанг, у албатта кечиради. Мана бу дарахт кўчатларини олиб шу атрофга эккин ва қўлингдан келгунча хайрли, савобли ишларни қилгин. Кўчатлар кўкарган вақтда билгинки, Аллоҳ сени тавбангни қабул қилиб, гуноҳларингни кечирган бўлади», деди.

Қароқчи бу гаплардан кейин бор молу-давлатини камбағалларга ва етимларга эҳсон қилиб юборди. Ўзи қароқчилик қилган йўл бўйига карвонсарой қурдириб, ўтган кетганларга сув улашишни одат қилди. Ҳар куни эккан кўчатларига қарарди, лекин кўчатлар кўкармасди. Кунлардан бир кун узоқдан шошиб келаётган нотаниш отлиққа кўзи тушди. Унга пешвоз чиқиб,  «Эй йўловчи, келинг, бир муддат дам олинг, азиз меҳмоним бўлинг», деди. Йўловчи эса қоч йўлимни тўсма, шошиб турибман, - деди.

-Мен шу йўлдан ўтганларни хожатини чиқариб, дуосини олишни ният қилгандим, ҳеч бўлмаса бир пиёла сув ичиб кетинг,- деб илинди. Бунга жавобан отлиқ йўловчи уни қамчиси билан савалади. Йигит ғазаби қўзиб, аввалги ҳолига қайтди. Отлиқни ўласи қилиб дўппослади. Ўлими олдидан йўловчи тинмай – мени Аллоҳ жазолади - дерди. Ўтмиши қароқчи ҳозирда боғбон бўлган йигит бу сўзлардан таажубланди. Қилиб қўйган ишидан афсусланиб ўтираркан. Йўловчининг қўйнидаги мактубга кўзи тушди ва очиб ўқиди. Унда Ватанининг барча сирлари ва махфий чегарасининг заиф нуқталари яширин маълумотларини кўриб билдики, ўлган одам оддий йўловчи эмас, балки арзимаган пулни деб юртига, Ватанига хиёнат қилиш учун кетаётган Ватанфуруш хоин экан.

Баногоҳ кўчатга кўзи тушди. Кўчатлар куртак отиб кўкараётган эди.

Қиссадан ҳисса шуки, билиб-билмасдан нотўғри йўлга кириб қолаётган ёшлар, айниқса ноқонуний йўл билан чет элларга кетган ва ҳар хил ақидапараст оқимларга, манфур жангари гуруҳларга қўшилиб, ўз юртига, халқига қарши бўлмағур пўписалар, иддаолар қилаётган баъзи бир ватанфурушлар қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг хузурида нима деб жавоб беришади?

Ахир дунёга инсон ўз юртига хоинлик қилиш учун эмас, балки обод этиб, хайрли ва савобли ишларни кўпроқ, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун келади. Шуни билайликки, Аллох таоло ватанфуруш хоинларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан азобларга гирифтор қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни бу табаррук ва муқаддас юртимизни, заминимизни тинч осойишта, осмонимизнинг мусаффо бўлиши, янада юксалиши учун қўлимиздан келганча ҳисса қўшишимизни насиб айласин.

РУСТАМХОН  ЭРГАШЕВ

Оқдарё  тумани “Қум” жоме масжиди имом-хатиби

Read 849 times

Мақолалар

Top