МАҚОЛА

Инсонлар орасига ихтилоф солувчи фитначиларнинг иш услуби

Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.

 

Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.

 

Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!

 

Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «Бемазҳаблар» деб атаётган фитначилар кимлар? Энг ачинарлиси шу юртда туғилиб қаерлардаги дунёсини деб охирати бой берган, нафсини қулига айланган инсонларди ўртасига фитна уруғини тарқатаётган инсонлар зў юртини хоини, кечириб бўлмайдиган гунохларди содир этувчи инсонларга эргашиб не-не орзулар билан дунёга келтирган ота-онасини халқ олдида бошини эгилишига сабаб бўлаяпти. Аллоҳ таоло барчвмизди бу ўткинчи дунё ёлғонларига алданиб Аллоҳ таоло вада қилган мукофотлардан бенасиб бўлиб қолишдан ўз панохида асрасин.

 

Норин туман " Умархўжа эшон" масжиди имом хатиби Бобохўжаев Мухаммадшокир

Read 709 times

Мақолалар

Top