МАҚОЛА

Ҳизбут-таҳрир ва унинг моҳияти

Ҳизбут-таҳрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари асосан ғарб мамлакатларидан паноҳ топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набҳоний (1909-1977) бўлиб, у 1948-йили гуруҳга асос солган.

Оқим аъзоларининг эътиқодлари бир-биридан ажабтовур даражада фарқ қилади. Мазҳабсизликка қаттиқ берилишган. Асосий мақсадлари—Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган.

Халифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.

Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанлардан ўноқ эканликларини яшириб келишади.

Ҳизбчиларнинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар қизиққон ёшларни сафларига жалб қилишга муваффақ бўлишган. Уларнинг сиёсат илмида ҳам нўноқ бўлишлари кўпдан кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди. Шундоқ ҳам қўл остидаги мусулмонларни йўқотиш ҳақида бош қотириб, қулай фурсат кутиб турган ғараз ниятли кучларга ҳизбут-таҳрирчилар ўша фурсатни икки қўллаб тақдим қилишди. Натижада Ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар холос.

Ҳизбчилар илмсиз бўлгани учун ақида ва фиқҳ масалаларида жиддий ва қўпол хатоларга йўл қўйган. Масалан,

Беҳаё суратларни томоша қилиш жоиз.

Бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш жоиз.

Икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади.

Ҳизбут таҳрир оқимининг мана шунга ўхшаган умуман динимиз қонун-қоидалирга тўғри келмайдиган кўплаб “фатволари” ва даъволари мавжуд.

Ҳозирги кунимизда “Ёмғирдан кейинги қўзи қориндай” кўпайиб кетаётган турли фирқалар, тоифалар, ҳизблар ва бемазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига хоссатан Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланадилар.

Шундай экан, ҳар биримиз бундай бузғунчи оқим аъзоларидан ўзимизни ва фарзандларимизни эҳтиёт қилмоғимиз айни муддаодир.

 

Косонсой тумани "Абдулҳайхон" жоме масжиди
имом хатиби: Йўлдошев Исоқжон

Read 893 times

Мақолалар

Top