МАҚОЛА

“Сохта салафийлик”да бидъат категорияси ва унинг моҳияти

Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида низога сабаб бўлиб турли ихтилофлар келтириб чиқараётган муаммолардан бири бу бидъат масаласидир. Бидъат сўзи луғатда “بدع” ўзагидан олинган бўлиб, “ўхшаши бўлмаган бир ишни қилмоқ, ижод қилмоқ” маъносида келади. Бу сўз келиб чиқиш маъносига кўра, “янгилик, кейин пайдо бўлмоқ, ўхшаши йўқ” каби бир-бирига жуда яқин маънолар бериш билан бирга, бошқа маъноларда ҳам ишлатилади.

Умуман олганда, Қуръон ва суннатда келмаган, пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вақтларида бўлмаган кейинчалик пайдо бўлган амалларни луғавий жиҳатдан “бидъат” дейиш мумкин. Лекин бу амалларнинг барчасини инкор этиш ва ҳаромга чиқариш тўғри эмас. 

Олимлар ўртасида бидъатга таъриф беришда асосан икки хил ёндашув мавжуд: 

Биринчи йўналиш: Бу йўналишдаги олимларнинг таъкидлашича, бидъат, бу Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган иш ва нарсалардир. Улар ибодатларда ёки одатий ишларда, яхши ёки ёмонбўлишидн қатъи назар, барчаси “бидъат” номи билан аталиб, сўнг улардан мумкин бўлгани ва ман қилинганини ажратиб берадилар. Бу фикр тарафдорлари орасида Имом Шофеъий, Иззуддин ибн Абдуссалом, Имом Нававий, Абу Шома, Имом Қарроний, Зарқоний, Ибн Обидин, яна бошқа олимлардан Ибн Жавзий ҳамда ибн Ҳазмни санаш мумкин.

Бу йўналишдаги олимлар қуйидаги ҳужжатларни ўзларига далил сифатида келтирадилар: 

1. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ривоят қилган.

2. Абдурраҳмон ибн ал-Қорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча ана уларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқир эдилар. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди» (Молик ривояти).

3. Мужоҳид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, “Бидъат” деди» (Муслим ва Аҳмад ривояти).

Изуддин ибн Абдуссалом бидъатни қуйидагича таснифлайди:

Вожиб бидъат - ижобий маънодаги бидъат бўлиб адашган фирқаларнинг даъволарига раддиялар бериш, уларни ўрганиш, динни муҳофаза қилиш ва уни бузмоқчи бўлганларга қарши керакли бўлган янги илмларни ўрганишни жорий қилиш, Қуръонни тушуниш учун наҳв ва сарф илми, тафсир, фиқҳ илми ва шу кабиларнинг барчаси киради.

Ҳаром бидъатлар бунга Қуръон ва суннатга хилоф ишларни шариатга олиб кириш каби бидъатлар киради. Жумладан хорижийлик, қадарийлик каби ботил мазҳаблар қарашлари бунга мисол бўлади. Хулоса қилиб айтганда, динга зарар келтирадиган, унинг асосларидан бирор нарсани бузадиган ёки бир суннатни йўқ қиладиган бидъатлар, ҳаром бидъатлардир.

Макруҳ бидъатлар - ўринсиз қоидалар ва унинг далилларини ўз ичига олган бидъатлар ҳисобланади. Масалан, намоздан кейин тасбеҳ, ҳамд ва такбирни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ошириб 33 тадан кўпроқ ўгириш каби ҳолатлар бунга мисол бўлади.

Мандуб бидъатлар - Диндаги рағбатлантириш қоидалари ва далилларини қамраб олган бидъатлардир. Рамазонда таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш, шариатга хилоф бўлмаган ва асри саодатда бўлмаган турли яхшиликлар - ҳаётни қулайлаштирувчи мустаҳкам, кенг бинолар, мактаблар қуриш қабилар бунга киради.

Мубоҳ бидъатлар - Ҳаром ва макруҳ амалларга йўл қўймай еб-ичиш, кийиниш, яшаш жойида қулайлик яратиш, пешин ва аср намозларидан кейин қўл бериб саломлашиш кабилар бу доирага киради. 

Имоми Бирғивий бу ҳақда қуйидаги маълумотларни беради: “…Эътиқодий бидъатнинг акси аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидир. Ибодатдаги бидъатнинг зидди эса, суннати ҳуда (Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гоҳида қилиб, гоҳида тарк қилган ибодатлардир. (Масалан, эътикоф сингари) одатлардаги бидъатларга амал қилмоқ залолат бўлмайди. Бунинг акси суннати зоидадир. Суннати зоидани қилмоқ мустаҳабдир”.

Имом Шофеъий: “Бидъатнинг икки тури мавжуд: “Бидъати мамдуҳа” (мақталган бидъат), “бидъати мазмума” (ёмонланган бидъат). Суннатга мувофиқ келадиган бидъат - бидъати мамдуҳа, суннатга тўғри келмайдиган бидъат бидъати мазмумадир”.

Ибн Хазм: “Бидъат Қуръони каримда ва суннатда бўлмаган ҳамма нарсадир”-, деган таърифни беради.

Ибн Асирга кўра эса бидъат иккига бўлинади: “бидъати ҳуда” (ҳидоятга бошлайдиган) ва “бидъати залал” (залолатга бошлайдиган бидъат)лардир.

Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Мишкот” шарҳида шундай дейди: “Билингизки Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан кейин пайдо бўлган ҳар нарса бидъатдир. Агар суннатга мувофиқ бўлса ёки унга қиёс қилинса, у бидъати ҳасана бўлади. Янги пайдо бўлган нарса суннат ва унинг асосларига хилоф бўлса, у бидъати саййиадир”. 

Айрим олимлар бидъатни бундай гуруҳларга ажратишни нотўғри санашади, уларнинг фикрича мадраса қуриш, араб тили грамматикасини ўрганиш ва шу каби китоб ва суннатда бўлмаган ишларни “яхши бидъат” дейиш нотўғри, уларни умуман бидъат дейиш керак эмас. 

Иккинчи йўналишдаги олимлар - имом Молик, Шотибий, Туртуший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Бу йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури имом Шотибийга тегишли бўлиб, у кишидан икки хил таъриф келтирилган:

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш орқали Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Мазкур таърифда дин жавҳарига ўзгартиш киритиш, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.

Ҳақли равишда, нима учун имом Шотибий бидъатга икки хил таъриф берган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, имом Шотибий: “Бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган”, деб жавоб берганлар.

Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса, бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақида ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

Иккинчи йўланишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир. Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига оид бўлиши ва унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши экан.

Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

1. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар томонидан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир.

2. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар» (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Қайд этиш лозим-ки, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Масалан пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик даврларида Қуръони карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди. 

Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий шундай дейди: “Бидъатдан мурод, шариатда борлигига ҳеч бир далил бўлмаган янги пайдо бўлган нарсадир. Янги пайдо бўлган нарса аслида шариатда бор бўлса, у ҳолда бидъатнинг луғавий маъносига тўғри келсада, аслида шаръан бидъат ҳисобланмайди”. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам шу фикрни маъқуллаб, бидъат суннатнинг зидди сифатида қўлланилишини айтади. Ходимий ҳам шу фикрларни қувватлайди: “Фақиҳларга кўра бидъат асло одатларни ўз ичига олмайди”, дейди.

Иккинчи йўналишдаги олимларнинг фикрига қарасак, улар бидъат сўзининг кўпроқ салбий маънода ишлатилишига эътибор қаратганлар. Шу сабабдан, янги пайдо бўлган амаллар агар шариатга тўғри келса уларга нисбатан бидъат сўзи қўлланмаслигини таъкидлаганлар.

Салоҳиддин Тошонов,

“Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби 

Read 736 times

Мақолалар

Top