МАҚОЛА

Жиҳод тушунчасини сохталаштириш

«Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир» (Ҳужурот сураси, 15-оят).

Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади.

Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади. Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди.

Бугунги кунда бузғунчи террорчилар ўзларига эргашмаган, уларнинг алдов ғояларига қарши чиққан мусулмонларни ʼътакфирʼъда айблайдилар, ҳамда шу билан уларнинг қонлари, жонлари, молларини ўзларига ʼъҳалолʼʼ санаб, тўдабошиларининг ʼъфатвўълари билан мусулмон жамиятларда тинч аҳолига нисбатан талончилик, қароқчилик, зулму зўравонлик амалиётларини олиб борадилар. Улар ўзларининг бу босқинчилик қилмишларини ʼъжиҳодʼʼ деб атайдилар. Шундай экстремистик оқимлар Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаган мусулмонларни куфрда, жоҳилликда ва кўпхудоликда айблайдилар. Уларнинг фикрича ислом ер юзидан бундан неча юзлаб йиллар илгари йўқ бўлиб кетган ва ҳозирги қонунлар, конститусиялар ва ҳокимлар барчаси куфр ҳисобланади. Буларни тўғрилаш учун эса барча «адашган» мусулмонларга қарши жиҳод қилишимиз шарт деб билишади.

Ҳақиқат эса тамоман бошқачадир. Аллоҳ таоло жиҳодни айнан урушга боғлаб қўймаган ва бу сўзнинг асли ислом манфаатлари йўлидаги уринишларни ифода этади. Энди қачонки жиҳод фарз бўлиб қолса ҳам унда дарахтлар кесилмаслиги, чорвалар ўлдирилмаслиги ва бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида қатл қилинмаслиги каби бир қанча шартларни қўядики бундан исломнинг фақатгина олий манфаатларни кўзлагани тушунилади. Уни Аллоҳ инсонлар учун раҳмат, адолат ва ўзаро ҳурмат қилиб жорий қилган. Бундан бошқаси жиҳод эмас золимлик ва ноҳақ урушлардан бошқа нарса эмас. Энди бугунги кунга келиб бу разил мақсадли адашган экстремистларнинг қилмишлари туфайли исломни дунё босқинчилик, зулм, ноҳақлик ва мутаассиблик сифатида кўрмоқда. Улар эса «намоз ўқишни билмайдими демак кофир», «конститусияга амал қиладими демак кофир» ҳатто «соқоли йўқми демак адашган» деб иддао қилишдан чарчашмаяптилар. Буларнинг исломга келтираётган зарарларининг чегараси йўқ афсуски.

Бир ҳадис мисолида уларнинг йўллари нақадар хато ва нақадар суннатдан узоқлигини исботлаб берамиз инша Аллоҳ. Муҳаддислар имоми имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур сахихларида Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан қуйидаги сахих ҳадисни ривоят қилганлар:

«Бир куни кечки пайт бир киши туяда масжидга келди ва Муоз розиаллоҳу анҳунинг орқаларида туриб у кишига эргашган ҳолда намоз ўқишни бошлади. Ўшанда Муоз розиаллоҳу анҳу жамоат билан намозда Бақара ёки Нисо сурасини ўқиб тургандилар. Шунда ҳалиги киши жамоат намозидан чиқиб ёлғиз ўзи намоз ўқиб олди ва кетиб қолди. Унга бу ишини Муоз розиаллоҳу анҳу маъқулламаганлигини айтишганда у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Муоз розиаллоҳу анҳунинг намозни узун ўқишларидан шикоят қилди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розиаллоҳу анҳуга уч бора: «Эй Муоз, фитна қиляпсанми?» деб туриб яна шундай дедилар: «Нега намозингда «Саббиҳисма Роббикал Аъла», «Вашшамси ва дуҳаҳа», «Валлайли иза яғша» каби кичик сураларни ўқимадинг?» – дедилар. «Сенинг орқангдан қари одамлар, кам қувватлар ва иши борлар намоз ўқишини унутма» – дедилар.»Юқоридаги набавий ҳадисдан кўриниб турибдики кимки исломни инсонлар ўртасида ёймоқчи, жорий қилмоқчи бўлса бу ишида уларнинг қийинчилигига сабаб бўладиган ишлардан узоқ бўлиши уқдирилмоқда. Бу ишнинг фитнага, норозичиликка олиб келиши ва хавфли экани тушунтирилмоқда. Бундай ишни қиладиган ҳатто исломдаги энг яхши амал бўлмиш намоз ўқиятганлигига қарамай уни фитначи деб атамоқдалар. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни қанчалар яхши кўришлари ва кўп ўқиганликлари маълум ва машҳур. Шундай бўлсада жамоат намозларини орқадаги эргашувчиларнинг ҳолларини инобатга олиб доим қисқа қилишга ҳаракат қилганлар. Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ислом қонунларини инсонларга сингдиришни хохласа асло уларга қўполлик ёки қийинчилик етказмаслиги лозимлиги ва агар шундай қиладиган бўлса бу иши билан у фитнанинг ёйилишига сабаб бўлиши ва исломдан одамларни нафратлантириб қўйиши айтилмоқда.

Экстремистик оқимлар ҳозирда бутун дунё мусулмонларига жиҳод фарзи айн бўлган деб ҳисоблаб барча мусулмонларни уларнинг наздидаги кофирларга қарши жангга чорламоқдалар ва бу ишда қатнашмаганларга ҳеч қандай узр йўқ деб ҳисобламоқдалар. Бу билан улар ҳақиқий олимларнинг жиҳодга берган таърифига тескари иш қилмоқдалар. Ислом уламолари жиҳодга Аллоҳнинг йўлида турли хил фойдали мақсадларда ҳаракат қилиш деб таъриф берганлар ва нафс жиҳоди, илм билан жиҳод қилиш каби маънолар берганлар. Шунингдек баъзида ҳолатдан келиб чиқиб куч ишлатиш йўли билан ҳам жиҳод қилинади деганлар. (Бундай ҳолатни уламолар кенгашлари ҳал қилади)

Адашган тоифаларнинг жиҳод борасидаги катта адашувларидан бири улар жиҳодни исломнинг мақсадларидан бири сифатида билишидадир. Тохир ибн Ашур роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Мақасидуш Шариъа» китобларида жиҳод исломнинг мақсади бўлмай балки асосий мақсад учун бир восита деб айтганлар. Яъни баъзида экстремистик тоифалар сингари жиҳодни фақат уруш деб билиб уруш қилгандан тескари натижа чиқади ва буни бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шуни доим ёдда тутмоқ керакким, Ислом дини жангу жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Ислом сўзининг туб мазмун моҳияти тинчлик, саломатлик, хотиржамлик, офият, сулҳ каби маъноларни англатади. Мўмин мусулмон киши Ватани озодлиги йўлида курашса, оиласи, мол-мулки, дин-диёнати, ор-номуси ҳимояси йўлида курашса ҳақиқий маънода жиҳод саналади. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги, тинчликни асраш, ота-она хизмати, оила нафақаси, фарзандлар тарбияси, шунингдек, ёшлар онгини турли хил бузғунчи ёт ғоялардан, мафкуравий хуружлардан асраб авайлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар ҳам жиҳод саналади.

Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Турсунпўлатов Азизбек

Read 734 times

Мақолалар

Top