МАҚОЛА

Мусулмонларни куфрда айблаш жоиз эмас

Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўл­ганидан сўнг ширк, куфр амалини қилмаса, ҳалол­ни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ таоло буюр­ган ишларни бажариб, қай­та­риқларидан қайт­са, нажот топади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: «Бан­да, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога, Унинг фаришта­ларига, китобларига, пай­ғамбарларига, ва­фот этгандан сўнг қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб бўлади», деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).

Имонимиз тақозоси­га кўра, инсонни зоҳи­ри­га эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини дахлсиз, деб биламиз. Яъни, унинг обрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир.

Усома ибн Зайд розиял­лоҳу анҳу айтади: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди. Мен уни найзам билан ўл­дирдим. Ортга қайтиб кел­ганимизда, бўлиб ўт­­ган воқеа Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг қу­лоқларига етиб борди. У зот яна: «Эй Усома, “Лаа ила­ҳа иллаллоҳ”, дегандан ке­йин ҳам уни ўлдирдингми?» деди­лар. Усома: “У ўзини ҳимоя қи­лиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа ил­лаллоҳ”, дегандан ке­­йин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим».

Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон тумани Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби.

Read 749 times

Мақолалар

Top