МАҚОЛА

Гиёҳвандлик – таназзулга  бошловчи  иллат

Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида:

 “... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади

.Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди.       Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти.  Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир. Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади. Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.

      Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтдилар:

 “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

      Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!

Динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.

            Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

      Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом   Султон” жоме масжиди имом хатиби.

Read 738 times

Мақолалар

Top