МАҚОЛА

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўл кўтариш масаласи

Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки иккинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Нимага сизларнинг икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар” дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Асваддан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим.
Кейин буни қайтармади” (Имом Таҳовий ривояти).
Имом Абу Жаъфар Таҳовий айтадилар: “Алий розияллоҳу анҳунинг аввалги такбирдан бошқа ўринларда қўл кўтаришни тарк қилганлари саҳиҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишни қилишлари, у кишининг наздида намозда қўл кўтариш ҳадисининг насхлиги (бекор бўлгани) собит бўлганлиги сабаблидир”.
Термизий ривоят қилади: «Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади”».
Биз ҳанафийлар такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтаришни насх (ҳукми бекор) бўлган деб айтамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, бу борада саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлса, қиёс устун қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Мўъминун сурасида шундай марҳамат қилади:

“Мўминлар нажот топдилар, улар
намозларида хушуъ қилган зотлардир”.
Элликка яқин саҳоба намознинг бошида, яъни такбири таҳримада қўл кўтаришни ривоят қилган. Улар рукуда ва рукудан бош кўтаришда қўлни кўтаришни
ривоят қилмаганлар. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумонинг ҳадисида: “Қўллар фақат етти ўринда кўтарилади” дейилиб, жумладан, намозга киришиш пайтидаги қўл кўтариш ҳам айтилган.
Демак, ҳукми суннат бўлган масалада ихтилоф чиқармаслик керак. Бундай ихтилоф чиқариш ҳаром бўлиб, кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Бунинг устига, рафъул ядайн қилмасдан ўқиш ҳақида ҳам ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг саҳиҳ сўзлари
бор. Уларга амал қилиш ҳам айни суннатга амал қилишдир.

Баҳодир СУЮНБАЕВ
Гулистон шаҳар «Гулистон»
масжиди имом-ноиби

Read 610 times

Мақолалар

Top