МАҚОЛА

БОШҚА МАЗҲАБНИНГ ҲУКМИНИ ОЛИШ ЖОИЗМИ? ЁХУД КИМ ФАТВОГА ҲАҚЛИ?

#мақола (Биринчи қисм)

Ўзича амал қилмаслик ёки мазҳабга тўлиқ амал қилишнинг вожиблиги.

Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783–1836) раҳимаҳуллоҳнинг “Уқуду расмил муфтий” асари фатво чиқариш қонун-қоидаларини ўқиб-ўрганишда ҳанафийларнинг асосий китоби ҳисобланади. Унда имом Ибн Обидин умумий қоида ва тамойилларни баён қилади. Бу китобнинг ҳанафийлар орасида обрўси баланд эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, мен ундаги қонун-қоидаларни очиқчасига рад қилган бирор таниқли уламони билмайман. Мақоланинг давомини тушунишга ёрдам бериши учун мазкур китобдан бир неча тезисларни қисқача қилиб келтириб ўтаман.

1. Ўзи истаган қараш ёки фикрга эргашиши мумкин эмас.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво (жавоб) бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. На ўзи амал қилиши ва на бировга фатво бериши учун истисно ҳолатлардан бошқасида кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.
Шунингдек, “Шифа ал-илал” номли рисолада Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Қосим Қутлубуғонинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.

2. Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин.

Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.
Муаллиф ўша муносиб кишилар ким эканини шундай изоҳлайди: “Яъни таржиҳ аҳли. Бу нарса ҳар қандай олимнинг ҳам таржиҳи яроқли бўлавермаслигига ишора қилади”.

⚠️ (давоми бор)

© Азизбек ХОЛНАЗАРОВ

Read 560 times

Мақолалар

Top