МАҚОЛА

Фатволар тўплами –  илм манбаи

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузури­даги Фатво маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган “Фатволар тўп­лами. 500 саволга 500 жавоб” номли китобни ўқиб ғоят қувондим.

Тўпламда берилган савол-жавоблар ҳар бир мўмин-мусулмон учун ниҳоятда фойдалидир. Уни ўқиган киши эътиқод, бидъат-хурофот, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва умра, қурбонлик, савдо, никоҳ, талоқ, эмизиш, қасам, назрлар, ижара, мерос, руҳий тарбия, зикр каби турли муҳим мавзуларда зарурий билимларга эга бўлади.

Китобда тўғри фатво бериш орқали ин­сонларни яхшиликка йўллаш, ёмон­ликлардан қайтариш савобли, илмсиз, асоссиз берилган ҳар қандай фатво хатарли, нотўғри экани, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб фатво бериш оғир гуноҳга йўл очиши, одамларни ихтилофга солиб қўйиши мисол ва далиллар асосида ёритилган.

Айрим кишилар илмни “дунёвий илм”, “диний илм” деб ажратишлари кузатилади. Ислом ди­ни эса инсонларни ҳар қандай фойдали илмни ўр­ганиш­га тарғиб қилади. Зеро, илм бўлмаган жойда қолоқлик, жаҳолат, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Тўплам турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳо­зирги мураккаб жараёнда ғоятда керакли манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги кунда диний қадриятларимизга қарши қаратилган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган уйдирма ахборотлар, етти ёт бегоналарга кўр-кўрона эргашишлар, ёшларни залолатга бошловчи “жозибали” тасвирлар, мазҳабсизлик каби иллатларнинг асли пуч, зарарли эканини кўрсатиб бериши ўқувчини ўзига янада кўпроқ жалб этади.

Забардаст аҳли илмлар ҳозирлаган илмий манбаларни ўқиб, “Биз бошқаларга эргашувчи эмас, аксинча, доим эргаштирувчи халқ бўлиб келганмиз”, деган фахрни туйдим.

Султонхожа АРИПХЎЖАЕВ,

меҳнат фахрийси

Read 653 times

Мақолалар

Top