МАҚОЛА

Тинчлик-хотиржамликка нима етсин!

…Тун ярмида қўшни хонадонда кўтарилган шовқин қўни-қўшниларнинг ҳам тинчини ўғирлади. Кимдир оилавий жанжалга аралашмаган маъқул деган фикрда бўлди, яна кимдир, балки уларни муросага келтириш керакдир, деган ўйда ўша ҳовлининг дарвозасидан бош суқди. Бўлмади, участка профилактика нозири келмагунча бақир-чақир, ур-сур тинчимади. Келишмовчилик, тушунмовчилик ортидан келиб чиққан тўполон биргина шу оила аъзоларининг эмас, ён-атрофдагиларнинг ҳам тинчлигига, хотиржамлигига раҳна солди...

...- Эшитдингизми, нариги маҳалладаги фалончи аканинг уйига ўт кетибди! Иморатларнинг деворигача ёниб тугабди....

Бу гапни эшитган маҳалладошларнинг барини ичи туздек ачишди. Ўт балоси қаердан чиқди? Энди совуқ кунларда бу оила қаерда яшайди? Жўжабирдек жон эди оила соҳиби, қандай қилиб ўзини тиклаб олади энди? Мана шундай саволлар бу оилани билганки инсонлар кўнглидан ўтди. Қўшни қишлоқда бўлган нохуш воқеа ён-атрофдагиларнинг ҳам тинчини бузди...

Ижтимоий тармоқларда тарқалган қўшни давлатнинг йирик вилоятидаги сув тошқини ҳақидаги хабар ўзбекистонликларни ҳам хавотирга солди. Чунки бу давлатда иш юзасидан юрган фарзандлар, яқинлар бор, ўша ерда истиқомат қилаётган қон-қариндошлар бор. “Инсонлар омон бўлишса бўлди, мол-мулк, уй-жой топилади”, деган ўй ва тилак ўтди кўпчиликнинг дилидан. Бироқ то тошқин талафотлари бартараф этилмагунча юраклардаги нотинчлик барҳам топмади...

Бу воқеалар изоҳига кўз югуртирар экансиз, сизнинг ҳам кўнглингизга ғашлик инган бўлса керак, азиз замондош. “Ҳа, тинчликка, хотиржамликка нима етсин”, дея пичирлаган бўлсангиз ҳам ажаб эмас. Бу табиий ҳол. Биз тинчликни, хотиржамликни хуш кўрадиган халқмиз. Шу сабаб дуоларимиз аввалида Яратгандан тинчлик эл-юртга, хонадонларга тинчлик сўраймиз. Тинчликни энг улуғ неъмат деб биламиз ва шу қадар қадрлаймиз. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин”, деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бироқ афсуски, бугун ер юзи саҳнининг ҳар бурчи ҳам тинч эмас. Ҳар бир элату халқлар тинчликда кун кечирмаяпти. Баъзи ғоялар курашидан оддий халқ, ёшлар азият чекяпти. Тўғри йўлдан оздирувчи оқимлар, ақидалар бир лаҳза тиним билгани йўқ. Улар ўзларига хайрихоҳ, сафини тўлдирувчи, онги заҳарли тушунча билан тўлган ҳамфикрлар излаб топиш ва мақсадида эришиш билан машғул. Хунрезликлар, қўпорувчиликлар, қуролли ҳужумлардан бегуноҳ инсонлар, болалар қурбон бўляпти...

Булар ҳақида ўйлаган саринг беихтиёр Ватанни, унинг сарҳадини, мустақиллигини, тинчлигини кўз қорачиғидек асраш кераклиги юрагингда қатъий ва энг муҳим аҳдга айланади. Шундай бўлиши ҳам керак. Фаровонлик, ободлик, бунёдкорлик, инсонни улуғлаш ва халқ манфаати бош мақсад бўлган Ватаннинг тинчлигини асраш шу заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи, вазифаси ва мажбуриятидир.

Афсуски, тинчликнинг, хотиржамликнинг қадрига етмайдиганлар ҳам орамизда учраб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримнинг “Исро” сураси 83-оятида: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур”, дея марҳамат қилинади. Биз фарзандлар, дўст-биродарларга тушунтирайликки, токи уларнинг кўнглини шукроналик тарк этмасин. Ёмонликка рўбарў келмасдан аввал яхшиликни, яхши кунларнинг қадрига ета олсинлар.

Яна бир ҳолат шу куннинг оғриқли нуқтаси эканини инкор қилолмаймиз. Ҳозир ёшларимиз анчайин жиззаки, ҳақ бўлсалар исбот этиш учун рақиби жисмига зарар етказишга жудаям ўч. Ўзгани аёвсиз дўппослаш, жонига қасд қилиш айрим ёшлар учун оддий ҳолдек туюляпти. Бу фожиадир. Бу оиладаги тарбияда оқсалгани оқибатидир. Ёшларимиз орасида ўзаро баҳсга, тортишувга киришганларни муросага келтириш ўрнига уларни гиж-гижлайдиганларнинг кўплиги биз катталарни ҳушёрликка ундаши керак. Бу борада Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 9-оятида: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” дейилганини ҳам унутмаслигимиз лозим. Қолаверса, Аллоҳ таоло томонидан “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят), дея марҳамат қилинади.

Такрор таъкидлашимиз мумкинки, тинчлик – энг азиз неъмат. У бор жойда аҳиллик, саломатлик, яхшилик, ривож ва ободлик бўлади. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Шу ўринда Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом” эканини эътироф этишимиз ҳам жоиздир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (“Қадр” сураси, 5-оят).

Мусулмоннинг муддаоси нима? Икки дунё саодати эмасми?! Бунинг учун зиммамиздаги фарз ва суннат амалларни адо этиш билан бирга Ватан, ватандошлар тинч-осуда ҳаёти учун ўз ҳиссамизни ҳам қўша олмоғимиз керак. Зотан, Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда келтирилганидек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Заминимизда доим тинчлик бўлсин. Эртанги кун учун қилган ёруғ ниятларимизни Аллоҳ ижобат айласин. Фарзандлар, ёшлар тўғри йўлдан адашмасин. Биз эса улар қалбига илм-маърифат нурини солишдан эринмайлик, чарчамайлик. Халқи зиёли, маърифатли юртдан тинчлик аримагай, иншааллоҳ!

Мусохон АББАСИДДИНОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби.

Read 124 times

Мақолалар

Top