МАҚОЛА

II Жаҳон уруши: Мусулмонларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси

II Жаҳон уруши 1939 йилнинг 1 сентябридан 1945 йилнинг 2 сентябрига қадар давом этди. Урушда умумий аҳоли сони 1,7 миллиардни ташкил этган 57та мамлакат қатнашди.
1941 йил II Жаҳон уруши бошлангач Совет Иттифоқи ҳудудида дин ва диндорларга бўлган муносабат ўзгарди.
Бунгача 1917-18 йилдан буён босқичма-босқич дин ва диндорларга нисбатан зулм ва қатағон сиёсати юргизилди.
Масалан, 1917-20 йилларда «Ҳужум» компанияси, «Худосизлар ҳаракатлари» диний муассасалар, масжид, мадрасаларни вайронага айлантирди. 1923 йили «Туркистон шароитида аксилдиний ташвиқот олиб бориш» резолюцияси қабул қилинди. 1925-32 йилларда Тошкентда очилган «Фан ва дин» журналида дин, эътиқод қораланди.
1937-39 йилдаги қатағонда Ўзбекистонда 43 000 киши қамалди, 6 920 нафари отиб ташланди.
II Жаҳон урушида фашист Германияси Совет Иттифоқидаги атеистик сиёсатни қоралаб турли миллат ва дин вакиллари орасида тарқоқликни келтиришни кўзлади.
В.Коларц «Совет Иттифоқида дин» китобида 1941 йил 22 июндаги воқеалар шўроларни динга қарши олиб бораётган тарғиботларни тўхтатишга мажбур бўлди, деб ёзади.
Урушнинг аввалги ойларидаги катта йўқотишлар ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан узлуксиз давом этган таъқибларни барҳам беришга мажбур бўлди ва диндорларнинг ҳукуматни қўллашини кўзлади.
Вазиятни яхши англаган Эшон Бобохон бошчилигидаги қардош республика уламолари 1943 йил 12 июлда СССР Олий Совети Президиумига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини очиш таклифи билан расмий хат йўллайди ва шу йилнинг 31 июлида 55-қарор билан диний идора очишга рухсат олишади.
1943 йилдан буён ишлаб келаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назорати 1992 йилдан Марказий Осиё республикаларининг ҳар бирида қайта ташкил этилиб, юртимиздагиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси дея юритила бошлади.
Муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раислигидаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташаббуси билан мусулмонлар томонидан II Жаҳон урушида Қизил Армияси учун 1 280 000 сўм пул, 117 000 сўмлик облигация қоғозлари, 63 тонна буғдой, 90 бош қорамол йиғиб берилган ва ушбу маблағлардан 790 000 сўми танк колоннасини барпо этишга ажратилган. Пул маблағининг қолган 490 000 сўмлик фонди фронт ва фронт ортидаги оилаларнинг таъминоти учун ташкил қилинган.
Бу маълумот Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Муфтий Эшон Бобохоннинг 1944 йилда И.В.Сталинга йўллаган расмий хатида ўз аксини топган.
Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион сўм нақд пул, 4 миллиард 226 миллион сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш топширилди.
II Жаҳон урушида дунё бўйича 60 миллионга яқин одам ҳалок бўлган бўлса, Ўзбекистоннинг 6,5 миллионлик аҳолисидан 1,5 миллиони урушга жалб этилган. 500 мингга яқин ватандошларимиз урушдан қайтиб келмаган.
Бу уруш инсоният бошига улкан фалокатлар олиб келгани шубҳасиз. Аммо, ҳикмат билан фикр қилсак, ҳар бир қийинчилик ва машаққат ортидан кейин хайр ва енгиллик келиши айни ҳақиқат. Одамлар ёмон кўрган нарсада, унинг таг замирида яхшилик бўлиши ҳам мумкин.

{ إِنَّ مَعَ ٱلۡعُسۡرِ يُسۡرٗا }
[سُورَةُ الشَّرۡحِ: ٦]

"Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир" - Шарҳ, 6.

Ҳалокатли уруш кўплаб мусибатлар, йўқотишлар ва талофатлар берган бўлса-да, тақдир тақазоси билан мусулмонларга берилган енгиллик одамларнинг дардларига Аллоҳ томонидан малҳам бўлди десак муболаға бўлмайди. Чунки, дину диёнат масаласи халқимиз учун энг азиз қадриятдир.

Тўлқин Азимов, Тошкент ислом институти "Ижтимоий фанлар" кафедраси катта ўқитувчиси

Манбалар:
"Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси";
"Ўзбекистон уламолари" китоби;
"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси, 2003 йил 25-сони.

Read 506 times

Мақолалар

Top