МАҚОЛА

Ким шундай “илм” олса, Аллоҳ таоло уни дўзахга киритади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларга қолдириб кетган таълимотларидан бири шуки, мўмин киши илмсиз ҳолда ўзгалар билан талашиб-тортишмаслиги лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўровон қалбни муҳрлар (Ғофир сураси, 35-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни илмсиз тарзда талашиб-тортишишдан қайтаришларига сабаб, илмсиз талашиб-тортишаётган киши жоҳиллиги туфайли бўҳтон ва ёлғон сўзларни айтади.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким илмни уламолар билан бирга юриш, жоҳиллар билан талашиб-тортишиш ёки одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса Аллоҳ таоло уни дўзахга киргизади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда “ким илмни уламолар билан бирга юриш учун ўрганса” дейилишидан мақсад, башарият манфаати учун, ёки ер юзини ободли учун ёҳуд ибодатни тўғри адо этиш учун эмас, балки одамлар уни олим десинлар учун, натижада олимлар қаторидан жой олиш учун ўрганган бўлса, дейилмоқда.

Демак, бундай кишида ихлос бўлмайди, ният тўғри бўлмаган бўлади ва у Аллоҳ учун холис илм олмаган бўлади. Шунинг учун ҳам унинг борар жойи дўзахдир.

Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳеч бир қавм ҳидоят топганидан сўнг адашмаган, фақат талашиб-тортиша бошлагач залолатга кетган, дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар: Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар (Зухруф сураси, 58-оят) (Имом Термизий ривояти).

Яъни улар ҳақни истамайдилар, мақсадлари фақат талашиб-тортишишдан иборатдир.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Read 797 times

Мақолалар

Top