МАҚОЛА

МУҚАДДАС ДИНИМИЗ ОТА-ОНАГА "УФФ" ДЕМАСЛИКНИ БУЮРАДИ

Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда тадбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлари, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлари Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.

Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”— деган. “Уфф” сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, — деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади: «Она жаннат эшикларидан бир эшикдир», яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади. Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Энди мен учун тавба борми?» деди.«Онанг борми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти). Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.

Фарқан Сабахий айтади: “Бази китобларда ўқидим, фарзанд учун ота-онасиниг ҳузурида иккаласининг изнисиз гапиришлик ва икковидан олдин юришлик ўнгда ҳам, чапда ҳам лозим бўлмайди, магарам уни икковлари чақиришса,  жавоб бериб, сўнгра изидан юради….”  

Хулоса ўрнида айтамизки: Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзандни дунёга келишига сабаб бўлганликлари, уларни ўстириш, вояга етказиш, илм бериш, вақти келганда оилали қилиш каби бурчларини адо этишда чеккан машаққатлари туфайли, уларга буюк мукофотлар ато этиб, ўзининг розилигини  ота-онанинг розилиги билан боғлаган. Шундай экан, азизлар, ота-онамизнинг хизматини қилишликда сусткашликка йўл қўймайлик.

Отабек Содиқов,
Давлатобод тумани “Муҳаммад ал – Амин” жоме
масжиди имом ноиби

Read 414 times

Мақолалар

Top