МАҚОЛА

Тежамкор киши асло фақир бўлмайди

Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади. Қуръони каримда “исроф” сўзидан ташқари шу сўз маъносидаги “табзир” сўзининг турланишлари ҳам келган. Масалан: “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. “Табзир” (исрофгарчилик)ка мутлақо йўл қўйма. Албатта, табзирчилар (исрофчилар) шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро 26 ва 27-оятлар). “Табзир”нинг исрофдан фарқи шундаки, исроф шариатда буюрилган нафақаларда ҳаддан ошиш бўлса, “табзир” кераксиз ўринда сарф қилишдир. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас” (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

“Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан  исрофгарчиликка мойил бўлиб, ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Меҳнат ва машаққатлар эвазига йиллар давомида йиққан молини манманлик ва ном чиқариш учун қилинадиган дабдабали маросим ва тўйлар учун бир кунда совуриб юборади. Аллоҳ Таоло исрофгарчиликдан қайтариб, Унга ёқмайдиган амаллардан эканини баён қилиб, марҳамат қилади: “...Еб-ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

 Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еч-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!”

Ҳамма ишда меъёр бўлиши керак. Менга бойлик бериб қўйилибди  дея, уни ҳар томонга сочиш, айниқса буюрилмаган ишларга сарфлаш, савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юборади. Унинг ўрнига атрофидаги бир ночор оилани кам-кўстини қилиш, ўқиш ҳаққини (контракт) тўлай олмаётган талабага кўмак бериш, уйланиш учун маблағ топа олмай,  юрган ёшларни тўйларига кўмак қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш савоблироқ амал эмасми?

 Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди. Чунки, шамини кундузи ёққан одамнинг туни қоронғу бўлади. Пули, моли ва бошқа неъматларини хор қилган киши оқибат ўзи ҳам хор бўлади.

Бир донишманд айганидай: “Саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, аммо бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик эса бахиллик эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тежамкор киши асло фақир бўлмайди”, деб бежиз айтмадилар.

 Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли ҳикматларида: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқдир”, дейилган.

 Юқоридаги ғоят ибратли ва ҳикматли сўзлар, ҳар қадамларида исрофга йўл қўйиб, оқибатда эса ҳаётдаги шикоятлари оламни олаётган айрим кишиларга кор қилса ажаб эмас.

 Лекин минг афсуски, бугунги кунга келиб, аксарият ҳолатларда исрофдан сақланиш ўрнига, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмай қоляпмиз. Тўй, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар исроф қилинмоқда. Тўй ва эҳсон маросимлари савобли иш, лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдабага ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, ҳукуматимиз қарорлари ва Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз барчамизга лозимдир. Кераксиз ўнлаб кийим-кечаклар, пойябзаллар ва ўнлаб никоҳ маросими автомобилларига миллионларни сарфлаш ўрнига, ёш келин-куёвларни келажак ҳаётида асқотадиган бошпана ва зарур маиший буюмларга сарфланса, айни савобли иш қилинган бўлур эди. 

Ҳаётимиз учун энг зарур бўлган сувни исрофи ҳаммасидан ошиб тушади. Бугунги кунда дунё аҳолисининг олтидан бири ичимлик сувига муҳтож бўлиб турганда, қиш кунлари жумраклардан уни оқизиб қўямиз. “Нега бундай?”- десангиз, “Совуқда музлаб қолади”- деб баҳона топамиз ва шу каби баҳоналаримиз бисёр. Ахир ҳамма нарсанинг ҳам уволи бор. Халқимиз бежизга “Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан”, деб айтмаган. Энг ачинарлиси, одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлиб қолмоқда. Бу эса болаларимизга салбий таъсир кўрсатади. Болаларимиз катталардан ибрат олиб, неъматни қадрига етмайдиган, ота-оналари меҳнат билан топган моддий бойликларни авайлаб-асрамайдиган бўлиб улғайишлари мумкин.

 Исроф деганда фақат маблағ, бойлик, молни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик катта исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқни қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Сўз қадрига етмай, ҳар қадамда, ҳар соҳада беҳуда сўз қотиш ҳам исрофдир. Исрофгарлик  энг оғир гуноҳлардан эканлигини ҳис этайлик. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлайлик. Мусулмони комил исрофгар бўлмайди, исрофгар мусулмони комил ҳам бўла олмайди. 

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме

масжиди имом-хатиби

Read 541 times

Мақолалар

Top