www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 09 март 2020 00:00

ЁШЛАР ОНГИНИ ЗАҲАРЛОВЧИ ОМИЛЛАР

 

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, уларнинг улуғ аждодларимизга муносиб ворислар бўлиши учун барча имкониятлар ташкил этиб келинмоқда. Юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган муҳташам таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва бошқа имкониятларнинг барчаси ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънавий юксак бўлиб камол топишига қаратилган. Бунга жавобан ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам оз эмас. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Улар биринчи навбатда ёшларни ўз домига тортишга қаратилган.

 

Ҳозирги глобаллашув шароитида дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар онгини ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм иллатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш лозим.

 

Ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

 

Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

 

Биринчидан, информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, ўз тарихий илдизларидан узоқлашувига олиб келмоқда.

 

Иккинчидан, “оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши. Булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Ёт маданият қадриятларини ўзида ифода этаётган “оммавий маданият” ёшларимизда индивидуализм, эгоцентризм,  андишасизлик, беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда.

 

Учинчидан, ёшлар орасида тақлидчилик, ғарбона иллатларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини чулғаб олаётганлигини сезиш қийин эмас. Оқибатда, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компьютер ўйинлари олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Мамлакатимизда  “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси асосида “Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги – муҳим вазифамиздир” ҳамда “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз” “Жахолатга қарши маърифат” каби мавзуларида тадбирлар кўп жойларда ўтказилиб келинмоқда. Шу ишларни фаол аъзоси сифатида айтишим мумкинки, бу каби тадбирлар юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар ва аёллар онгини заҳарлашга уринаётган кучларга алданмаслик учун ғоявий иммунитетни ошириш ва огоҳ бўлишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Биринчидан, ақлий тарбия. Ислом динида ёшларни ақлан тарбия қилиш деганда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бора нозил қилинган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида илмга тарғиб қилувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Илм-маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғлик юксак эканлиги барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” дейилган.

 

Иккинчидан, ахлоқий тарбия. Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишининг одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар (Термизий ривояти). Одобли, ахлоқли фарзандгина, аввало, ота-онанинг қадрини улуғлайди ва халқ ва Ватан учун манфаатли ишлар қилади. Унинг қўлидан ва тилидан бошқалар зарар кўрмайди. Шунинг учун бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас, дедилар. Ё, Расулуллоҳ! Ким мўмин эмас?-деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшни озор чекадиган киши мўмин эмас”, дедилар” (Бухорий ривояти). Бугун ёшларимизни ёт ғоялардан ҳимоя қилишни мақсад қилар эканмиз аввало, уларни ахлоқий тарбиясини, жамиятдаги ҳар бир инсонни ҳақ ва ҳурматини ўз жойига қўйишни ўргатишимиз лозим.

 

Учинчидан, жисмоний  тарбия. Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Халқимиз ўзининг ҳикматли сўзида “соғлом танда соғлом ақл” деб бежизга айтмайди. Ёшларимиз ўз соғлиғини сақлаш учун ҳаракат қилишлари уларнинг ҳар хил беҳуда ишлардан ва ёт ғоялардан узоқ бўлишларига омил бўлади.

 

Дарҳақиқат, ёшларни бундай ёвуз куч ва ғоялардан ҳимоя қилишда муқаддас Ислом динининг маърифати ва одоб-ахлоқ тамойилларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом дини маърифат, тинчлик ва одоб-ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.

 

Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтган асрнинг бошидаёқ “Дунёда турмоқ учун диний дунёвий илм лозимдур, замон илмидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деган ҳаққоний фикр билдирган.

 

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, ёш авлодга миллий истиқлол ғоясини сингдиришда ҳар бир ота-онанинг роли ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг мактабгача тарбияси, уларнинг руҳий маънавий тараққиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, бу давр узлуксиз таълим ва тарбиянинг муҳим босқичи эканини англаб етишлари зарур. Бунда оиланинг таълим муассасалари тизимига изчил уйғунлашувига эришиш мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, ота-она ёш авлодга бевосита таълим берувчи, мафкуравий тарбиянинг асосий ўчоғи саналмиш барча таълим муассасалари (мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари) билан ҳамкорликда мазкур долзарб вазифани амалга оширишга масъулдир.

 

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбирлари билан айтганда ўз боламизни ўзимиз асрамоғимиз лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

 

Р.Эрназаров

Боғот туман бош имом-хатиби

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши бошланиши муносабати билан маросим бўлиб ўтди. Унда вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов нуроний отахонлар билан бирга масжиднинг янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар.

Тадбирда Хайруллоҳ домла вилоятдаги жами 52 та масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бўлаётгани, бундан мақсад намозхонлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш экани ҳақида алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, хайрли ишга жонбозлик кўрсатаётган, сабот ва матонат билан хизмат қилаётганлар икки дунёда улкан ажру савобга эга бўлиши таъкидланди.

Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, динимиз ривожи, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди, қурилиш ишларига муваффақият тиланди.

Маълумот учун, 2018 йилнинг 5 январь куни Юртбошимиз Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар. Шу муносабат билан 2018 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, вилоятда 29 та жоме масжидни қайта қурилиш белгиланган эди. Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши ҳам юқоридаги кўрсатма ва қарор ижроси сифатида амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим! Ушбу тонгда Сенга қуйидагича дуо қиламиз:

Эй Роббим! Бизга гўзал хотимани насиб этгин!

Эй Роббим! Мункар ва Накир савол берган пайтда бизни собит қилгин!

Эй Роббим! Қабрларимизни жаннат боғларидан бир боғ қилиб қўйгин! Уни дўзах чуқурларидан бир чуқур қилиб қўймагин!

Эй Роббим! Бизни ҳисобга тортмасдан ва азобламасдан жаннатингга киритгин!

Эй Роббим! Бизни абадий жаннатда Пайғамбаринг соллаллоҳу алайҳи васалламга ва солиҳ бандаларингга ҳамроҳ, улфат, қўшни қилгин!

Эй оламларнинг Робби! Дуоларимизни ижобат қилгин! Омин!

*****

Аллоҳ таоло барчамизни мағфират қилсин! Ўлаётганимизда калимаи шаҳодатни тилимизга осон қилсин, омин!

*****

Бугун овқатланишим учун менга балиқ гўшти берма. Балки ҳар куни овқатланишим учун менга балиқ қандай овланишини ўргатиб қўй.

“Фойдали гап”

*****

Одамлар билан гаплашаётганингизда мулойим бўлинг. Чунки баъзи инсонлар ҳаёт оғриқларидан азият чеккан бўладилар, буни эса сиз билмайсиз.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ғурурланма! Тупроқ устида юрганларнинг барчаси, уларнинг орасида сен ҳам аслинг тупроқдан бўлиб, бир кун тупроққа қайтасан.

“Сукутдаги қичқириқлар”

*****

 

Ҳалим одамнинг ҳалимлиги ғазаби келган пайтда, шижоатли кишининг шижоати уруш асносида, биродарингнинг садоқати эса унга ишинг тушганда билинади.

“Сукутдаги қичқириқлар”

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

 

Понеділок, 09 март 2020 00:00

“ҲИЛОЛ НАШР”ДАН ЯНГИЛИК!

Маълумки, “Ҳилол нашр” нашриёт-матбааси томонидан Қуръондан кейинги энг ишончли манбаа дея эътироф этилган, улуғ бобомиз, ватандошимиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини “Олтин силсила” тўплами сифатида 8 жилдда нашр этилган эди.

7 март куни нашриёт-матбаасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Саҳиҳул Бухорий” асаридан кейинги ўринда турувчи Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳи Муслим” асарининг нишона сони тез кунда нашр этилиши эълон қилинди.

Аллоҳ таоло насиб этса, тез кунларда халқимиз “Сиҳоҳи ситта” (“Олтита ишончли ҳадислар тўплами”)нинг иккинчи ўринда турувчи асари бўлмиш “Саҳиҳи Муслим” ҳадислар китобини ўқиш бахтига муяссар бўладилар.

“Олтин силсила” тўплами таркибига кирувчи “Саҳиҳи Муслим асарининг таржимаси, таҳрири, изоҳлари, маслаҳатлари ва нашрида иштирок этаётган барча азизларимиздан Аллоҳ рози бўлсин ва ажрларини кўпайтириб берсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум, 21).

 

Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Доимо кўраверилгач, унга эътибор берилмайди, аммо эътибор ила тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёллик ҳолати улкан мўъжизадир.

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришни “сокинлик топишингиз учун” демоқда. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ўзига керак сокинликни эркакдан топади.

“...ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани...”

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини, қийинчиликларни кўтара олармидилар? Чидаб, бирга яшармидилар?

Эркакнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки энг кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Аёлнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, хаттоки кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Ҳа, уларни бир-бирига сокинлик, меҳр-муҳаббатли бўладиган, ўзаро келишиб дунёни обод қиладиган этиб яратган зот қудратли Аллоҳ таолодир.

“Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”. 

Модомики, Аллоҳ таолонинг Ўзи эр-хотиннинг ўртасига меҳр-муҳаббат солишини очиқ айтган экан, эр ҳам ўз хотинига уни яхши кўришини очиқ айтишида ҳеч бир монеълик йўқ. Қолаверса, бу нарсанин очиқ айтиш ўртадаги муҳаббатни яна ҳам кучайтиради. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Бир киши бир биродарини яхши кўрса, унга яхши кўришини айтиб қўйсин” деб марҳамат қилганлар. Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган. 

Ҳадиси шарифда биродарга яхши кўришни айтишга буюрилганидан кейин ўз аёлига бу гапни айтиш яна ҳам муносиброқдир. Зеро, киши ўз аёлига унга бўлган меҳру муҳаббатини билдириб қўйса, бу нарса аёлнинг қалбидаги эрига бўлган меҳр, ишонч, ҳурсандчилик, хотиржамлик каби туйғуларни яна ҳам зиёда қилади. Бу борада Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бизларга ёрқин намунадирлар. 

У зотдан “Инсонлардан кимни кўпроқ яхши кўрасиз?” деб сўралганда, у зот алайҳиссалом “Оишани” деб жавоб берганлар. Бухорий ривояти. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кунларини биттадан аёллари учун тақсим қилар, улар ўртасида адолат билан иш тутар ва: “Эй Аллоҳим, бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимимдир. Сен эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада эса, мени маломат қилмагин” деб дуо қилар эдилар”. Тўртовлари ривоят қилишган. 

Ҳадисдаги  “Сен эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарса”дан мурод эса, севги, меҳр ва муҳаббатдир. 

Ҳа, инсон зоҳирий ишларни тасарруфини қилиши мумкин. Аммо қалбга, ҳиссиётга боғлиқ ишлардаги эгалик эса, фақат Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз “Аёлларимнинг барчасига адолат қилишга ҳаракат қиламан, бунга кучим етади. Аммо, муҳаббат борасида ҳаммаларини бирдай севолмайман. Улардан фақат битталарини севаман, холос”, деган маънода Роббиларига дуо қилмоқдалар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи аёллари бўлмиш Хадича розияллоҳу анҳони вафотларидан кейин ҳам жуда кўп эслар эдилар. Хадича онамиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога уйланишларидан уч йил аввал вафот этган эдилар. Пайғамбаримиз биринчи аёлларини эслаганларида “Менга унинг муҳаббати берилди” деб айтар эдилар. Ибн Абдулбарр ривояти. 

Демак, биз ҳам юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, жуфту ҳалолимизга унга бўлган меҳру муҳаббатимизни билдириб қўйсак, ҳам савобга эга бўламиз, ҳам оиламизнинг янада фаровонлиги сари  катта қадам ташлаган бўламиз.  

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни фазилатли, намунали, исломий ҳамда мустаҳкам оилалардан бўлишини насиб этсин. Омин! 

 

Нозимжон Ҳошимжон

Мақолалар

Top