www.muslimuz

www.muslimuz

Қушбалиқ – балиқларнинг бир тури бўлиб, денгиз юзасида сирпанади ёки ҳавода учиб, кейин яна сувга тушади. Ушбу балиқ душмандан қочиш учун сувдан учиб чиқади. Бунда у думини сувда ўнг ва чапга уриб, тез ҳаракатлантиради. Бу ҳол унинг сувдан чиқиб кўтарилишига ёрдам беради. Кейин қанотларини ёзганча  ўртача 1,5 метр баландликка кўтарилиб, соатига 30-40 км тезликда ҳавода тахминан 10 сония парвоз қилади. У мана шундай парвозни олти-етти марта такрорлаб, душмандан 400 метрча масофага узоқлашади.

Ушбу балиқнинг тахминан 50 та тури бор бўлиб, узунлиги 30-40 сантиметр атрофида бўлади. Бу балиқнинг қанотлари катталиги ва ёзганда қушга ўхшаб бироз парвоз қилиш имконини бериши билан бошқа балиқлардан ажралиб туради.

Учувчи балиқ сузиш ва учиш асносида икки кўзи орқали юқори ва пастни кўра олади. Бу эса унга денгиздаги йиртқич балиқлар ҳамласидан ва юқоридаги балиқчи қушлар ҳужумидан қочишга имкон беради. Бу балиқ денгизнинг тубида эмас, балки сув сатҳида яшайди. Чунки осонлик билан сувдан сакрашига ва парвоз этишига қулай бўлиши учун сув сиртида яшаши керак.

Учувчи балиқни сувининг ҳарорати 20 даражадан юқори бўлган денгизларда учратиш мумкин. Кўпроқ у экваториал минтақаларданги денгиз ва кўлларда яшайди. Шунингдек, Атлантик, Тинч ва Ҳинд океанларидан ҳам бу балиқни топиш мумкин. У баъзида ёлғиз юрса, баъзан юзлаб балиқлардан ташкил топган катта жамоа бўлиб яшайди.

Учувчи балиқ кечқурунлари ов қилади. Асосан майда жонзотлар, ўсимликлар ва бактериялардан иборат планктонлар билан озиқланади.

Балиқнинг кўпайиш мавсуми баҳор ёки куз фаслида бўлади.

Ушбу балиқни кўпроқ Кариб денгизи атрофидаги оролларда яшовчилар, японлар, тайванликлар ва хитойликлар овлашади.

         Сўзимизни ушбу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус Ислом билим юртларига 2019-2020-ўқув йили учун кириш имтиҳонлари 2019 йил 13 июль куни бўлиб ўтади. Имтиҳонларда хорижий тил, тарих, Маънавият асослари фанларидан тест синовлари ўтказилади.

Аллоҳ таоло имтиҳонда қатнашувчи барча абитуриентларнинг зеҳнларини ўткир қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани маркази Зиёвуддин шаҳарчасидаги "Хўжа Зиёвуддин" масжиди янгидан қайта қурилиши бошланди.

Туман ҳокими М.Хамдамов, туман прокурори Э.Шариповлар масжидининг қурилишига ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида қурилиш жараёнини кўздан кечиришди. Шунингдек, Пахтачи тумани бош имом-хатиби И.Амириллаев бошчилигида масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб берилди. Йиғилганлар тумандаги масжид имомлари ва қурилишда фаол мўмин-мусулмонлар билан биргаликда ушбу масжид тез кунда қуриб битказилиши ҳамда қалблари иймонга тўла мўминлар билан тўлиб тошган Зиёвуддин гавҳари бўлишини тилаб дуо қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Ким ўз муаммосини одамларга айтиб, шикоят қилса, муаммо янаям катталашади.

Ким ўз муаммосини Аллоҳга айтиб, илтижо қилса, муаммо кетади!

*****

Бирор банда диндош биродарини бир гуноҳ билан айбласа, ўша гуноҳга ўзи мубтало бўлади. Агар сизга фалончи ҳақида ёмонлик, масалан, намоз ўқимайди, Рамазонда рўза тутмайди каби хабар келса, ичингизда: "Аллоҳ бизни ҳам, уни ҳам мағфират этсин!" деб айтинг!

Умар Абдул Кофий

*****

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтадилар:

“Агар сизлардан бирингиз жаҳаннам ҳақиқатини билганида эди, овози бўғилиб қолгунича қичқирган, бели синиб кетгунича сажда қилган бўларди”.

*****

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқиб, шундай дердилар: «Қанийди кул бўлсам-у, шамоллар уни учириб кетса».

*****

Эркаклар кўзини тийса, аёллар шариат кўрсатмасига мувофиқ кийинса, Аллоҳнинг изни билан, жамиятда поклик, хайр-барака ҳукм суради.

*****

Мусибат фақатгина ёмонларнинг зулм қилиши эмас, балки, яхшиларнинг жим туриши ҳамдир.

*****

— Инсон душмандан қандай ўч олади?

— Ўзини тузатиш билан.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

(Ичида хўрози бўла туриб) хўрознинг ишини товуқ бажарадиган уй, оила вайрон бўлишга яқин қолган оиладир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Уларнинг орасида муҳаббати ростроғи уни таъбир қилишга қудрати озроғидир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Аёл бамисоли машъала.

Тўғри ушласанг, йўлингни ёритади.

Нотўғри ушласанг, қўлингни куйдиради.

*****

«Ассалому алайкум» дейишса, «Ва алайкум ассалом» денг. «Аҳволингиз қандай?» деб сўрашса, муаммоларингизни айтиб ўтирманг. Баъзилар бу саволни муаммоларингизни эшитиш учун эмас, одат бўлиб қолгани учун беришади.

*****

Шундай шахслар борки, улар билан гаплашаётганингда соат стрелкалари тўхтаб қолишини орзу қиласан!!!

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил вақтларини фойдали ўтказиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган таҳдидлардан огоҳ этиш, жиноятчилик таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тарбияга масъул бўлган ҳар бир мутасадди шахснинг вазифасидир.

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида таътилдаги ўқувчилар, ота-оналар, мактаб ўқитувчилари иштирокида “Экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш каби иллатларнинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Мулла Хиёл” масжиди имом-хатиби Тўхтасин Раҳмонов йиғилганларга тарихда ва ҳозирда ислом номидан ҳаракат қилиб келган фирқалар, бузғунчи гуруҳлар тўғрисида хабар берди. Динимизда жиноятчилик, безорилик, гиёҳвандликнинг гуноҳи ҳақида мўътабар манбалар асосида сўзлаб берди.

Бундан ташқари, имом-хатиб ота-оналари чет давлатларга ишлаб пул топиш мақсадида узоқ муддатга кетган ёшларни эътиборсиз қолдирмаслик, бу борада маҳалла, таълим муассасаси, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисида ўз тавсияларини бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top