muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

1137-CАВОЛ: Олдинги умматларда ҳам намоз ибодати бўлганми, бўлса қай тартибда ўқилган?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳа, олдинги умматларда ҳам биздаги намоз, рўза ва закот каби ибодатлар бўлган. Бунга Аллоҳ таолонинг Исмоил алайҳиссалом ҳақида айтган сўзи далолат қилади:

وَكَانَ يَأْمُرُ أَهْلَهُ بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ وَكَانَ عِنْدَ رَبِّهِ مَرْضِيًّا

“У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди” (Марям сураси, 55-оят).

Уларнинг рўзаси ҳақида шундай дейилади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз”. (Бақара сураси, 183-оят).

Бу ибодатларни адо қилиш тартиби, тафсилоти ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Лекин ўтган умматларнинг намози ҳақида турли маълумотлар бор. Баъзилари намозларида руку қиладию сажда қилмайди. Баъзилари сажда қилади, лекин руку қилмайди. Баъзилари намоз асносида гапирса, баъзилари юриш мумкин, дейди.  Рўзада ҳам ихтилоф қилдилар. Баъзилари куннинг ярмигача рўза тутдилар, баъзилари маълум бир таомлардан ўзларини тийдилар. Бу ибодатларнинг барчасида Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматини энг тўғри йўлга бошлади ва ҳозиргача ушбу кўрсатмага амал қилиб келмоқдалар.

Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини мусулмонларнинг бир ишига бош қилиб қўйдилар. Шунда ансорлардан бири туриб деди:
– Эй Аллоҳнинг расули! Фалончини амалга қўйганингиз каби мени ҳам бирор амалга қўйинг! Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам дедилар:
– Сизлар мен ўтгандан кейин «фақат ўзини ўйлаш»га йўлиқасиз. Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!
Олдинроқ ўқиган эдим,  Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳ бир киши билан кетаётган эди. У киши чанқади ва Бишрга деди:
– Кел, мана шу қудуқдан сув ичайлик.
Бишр деди:
– Сабр қил! Бошқа қудуққа борамиз.

Нариги қудуққа боришганда Бишр яна аввалги гапини айтди. Шундай қилиб, токи кўзлаган манзилларига етиб боришгунча Бишр уни сабрга ундаб борди. Сўнг унга қараб: «Дунёни мана шундай қилиб сабр билан босиб ўтасан», деди.

«Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!» деган жумла эҳтимол башарият тарихида кишиларни саботга ундаган энг балоғатли жумла бўлса ажаб эмас. Буни доимо кўз ўнгимизда тутмоғимиз лозим.

Маъсиятга юз бурганимизда уни тааммул қилайлик. Дунёни сабр билан босиб ўтишимиз ҳақида фикрлайлик. Кунлар ўзининг ширини ва аччиғи билан ўтаверади. Дунёда фақат савобнинг ажри ва гуноҳнинг касофати қолади.

Иқтисодий аҳволингиз танг бўлса, атрофингизда кишилар порахўрлик қилишса, сиз қўлингизда динингиз чўғини маҳкам тутинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар!» деган насиҳатларини эсланг!

Бошингизга беморлик тушса, беморларнинг ризо мақомида туриб тортган ҳар бир оҳи зокирлар зикридан қолишмаслигини эсланг. Бу кунлар ўтиб кетади. Гўё Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар», деганларини ўйланг!

Яқинларингиз зулм қилса, севганларингиз ташлаб кетса, бўҳтонлар ёғдиришса, суюкли Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган бўҳтонларни, зулмларни эсланг. Биз ким бўлибмизки, инсонлардан саломат бўлсак?! Майли, мазлум бўлинг, лекин золим бўлманг. Майли, бўҳтонларга қолинг, лекин бўҳтон қилманг. Дунё танг бўлганда Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳавз олдида мен билан учрашгунча сабр қилинглар», деганларини эсланг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Шу йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.

Ушбу қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, ислом молияси, масжидлар қуриш, таълим муассасаларига кириш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.

Қабул давомида Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.

Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва бошига мушкул тушган эҳтиёжманд фуқароларга белгиланган тартибда кўмак берилди.

Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталигию халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган.

Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқда.

Маълумки, Исломда  миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эди. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлган. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса румлик бўлган.

Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Мана шу нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликда ҳам барчага намуна бўлганлар. Қуйида У зотнинг муборак тарихларидан бағрикенгликларига оид баъзи маълумотларни келтирамиз:

Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга заҳар солинган қўй гўшти берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин Расуллуллоҳ алайҳиссалом қасос олишга қодир бўла туриб уни кечириб юбордилар. Чунки У зот алайҳиссалом ўзлари учун ўч олмасдилар.

Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат саҳобаи киромларга жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуоибад қилсангиз-чи?” дейишгача бордилар. Шунда У зот: “Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, –  дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Бағрикенгликни қаранкки, шунча озор берган одамлар ҳаққига дуои хайр қиляптилар. Ваҳоланки, дуолари ижобат эди. Нимани сўрасалар Аллоҳ берадиган Зот эдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:  “У инсон эмасми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари). Демак, биз инсонлик ҳурмати сабабли барча билан яхши муносабатда бўлишимиз керак бўлади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан олдин бир ғайридиндан буғдойни қарзга олиб, гаровга совутларини берганлар. Аслида Расулулллоҳ алайҳиссалом саҳобаи киромлардан ҳам буғдойни сўрасалар бўлар эди. Улар бир пасда муҳайё қилишар эди. Чунки саҳобаи киромлар “Жонимиз фидо,  Эй Расулуллоҳ!” – деб турар эдилар. Расулуллоҳнинг мана шу муомалаларини ўзи ҳам биз умматларга  катта дарс бўлган. Бир жамиятда, бир маҳаллада нафас олиб турганимиздан кейин, ўзга дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишимизга ишора қилганлар.

Демак, биз суюкли Пайғамбаримизга ҳар қадамда эргашишга ҳаракат қилар эканмиз, бағрикенгликда ҳам У зоти шарифдан ўрнак ва андоза олишимиз даркор. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар нафақат бир-бирларига балки, ўзга дин вакиларига ҳам яхши муомала ва муносабатда бўлиб, Ислом динини гўзаллигини намоён қилишлари керак.

Тарихдан маълумки, машҳур тобиъинлардан Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ адолатда “Иккинчи Умар” деган унвонга сазовор бўлганлар. Бу кишини адолатларини васфлашга тил ожизлик қилади. Бунга тарих гувоҳ. Умар ибн Абдулазиз раҳбарлик давларида Сурия пойтахти Дамашқда бир масжид кенгайтириладиган бўлди. Умар ибн Абдулазиздан олдинги халифа масжидни кенгайтириш учун масжид олдидаги насронийлар ибодатхонасининг бир қисмини қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилган экан. Шу қарорга мувофиқ мусулмонлар насронийлар ибодатхонасини бузиб, масжидга қўшмоқчи бўлди. Шунда насронийлар томонидан Умар ибн Абдулазизга “Бизни ибодатхонамизнинг бир қисмини бузиб, масжидга қўшиб олишмоқчи, деган маънода шикоят хати келди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Масжидга қўшиш учун қанча жой бузилган бўлса, шуни қайтариб бериб, бузилган жойни қайта қуриб қўйилсин”, деган маънода жавоб хати ёздилар. Дамашқнинг баъзи уламоларига бу ёқмади. Уларнинг вакиллари бу қарордан қайтишни илтимос қилиб келишди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Яхши келдингиз. Мен қарорда бир нарсани ёзишни унутибман. Шуни ёзишимга туртки бўлдингиз, унутган нарсам: қайтариб берадиган куннинг санасини ёзмапман”, – деб, қарорни янгилаб ва мустаҳкамроқ қилиб юбордилар.

Бағрикенглик ва ўзгалар билан яхши муомала ва муносабатда бўлишнинг ҳикмати шуки, халқни бирлиги, ўзаро тинч-тотув, иттифоқ бўлиб яшаш, зиддият ва ихтилофдан қочишдир. Мана шунда жуда кўп ютуқ ва турли соҳаларда катта марраларга эришилади. 

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”

жоме масжиди имом-ноиби

Четвер, 16 ноябрь 2023 00:00

Ботил гап айтмаган саҳоба

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу саҳобанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Имриул-Қайс розияллоҳу анҳудир. Куняси – Абу Муҳаммад, унвони – «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоири». Отаси Равоҳа ибн Саълаба ибн Ҳорис Ҳазражий, онаси Кабша бинти Воқид ибн Амр ибн Итноба эди. Ўн икки раҳбардан бири бўлган. Етмиш саҳоба билан Ақоба байъатида иштирок этган. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳудайбия, Хайбар ва бошқа ғазотларда қатнашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотида бўлганларида Мадинада ўринбосар бўлиб қолган.

Мадинада туғилган буюк саҳобалардан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Ҳазраж қабиласига мансуб эди. Иккинчи Ақаба кунида атоқли саҳоба Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу даъвати билан мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган. Ҳижратдан кейин Миқдод ибн Асвадий билан қиёматли дўст бўлди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан эди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа жоҳилият пайтида котиб ва шоир бўлган. Исломга кирганидан сўнг бутун истеъдодини ва ижодий кучини дин равнақига бағишлади. Кучли нотиқ ва буюк шоир бўлган бу саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шеър йўли билан ҳужум қилган шоирларга жавоб шеърлари ёзарди. Ундан ташқари, Каъб ибн Молик ва Ҳассон ибн Собит каби мусулмон шоирлари, керак бўлиб қолганда, дин душманларини ҳажв қилишарди. Қуръони Каримнинг қуйидаги оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан суювчи ушбу уч шоир ҳақида нозил бўлгани борасида тафсир китобларида айтилади:

«Шоирларга эса гумроҳлар эргашур. Уларнинг ҳар водийда дайдишини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми? Аммо иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар мустаснодир. Зулм қилганлар эса қайси қайтиш жойига қайтишларини тезда билурлар» (Шуаро сураси, 224 – 227-оятлари).

Абдуллоҳнинг шеърлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш мушрикларига қарши ўқ ёмғиридан таъсирлироқ», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга бирор иш буюрсалар, у ўша топшириқни зудлик билан амалга оширар, бирор нарсадан қайтарсалар, дарҳол ўша нарсани тарк этар эди. Ривоят қилишларича, бир куни Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида олдиларига келиб қолади. У зотнинг «Ўтиринглар!» деганларини эшитиб, шу заҳотиёқ масжид ташқарисидаги келган жойига ўтиради. Хутбадан сўнг бўлган воқеадан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ва Унинг Расули итоатига бўлган ташналигингни Аллоҳ зиёда қилсин», дейдилар. Яна бир сафар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг энг яхшиси Абдуллоҳ ибн Равоҳадир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу обид киши эди. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бундай дейилган: «Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ғазотда эдик. Иссиқнинг зўридан саҳобалар қўлларини бошларига қўйиб юришарди. Ўша вақтда орамизда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абдуллоҳ ибн Равоҳагина рўзадор бўлишарди. Вафотидан сўнг Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг аёли билан турмуш қурган киши ундан: «Олдинги эринг қандай амалларни кўп бажарар эди?» деб сўраганида «Абдуллоҳ уйдан чиқаётганида ва уйга қайтаётганида ҳамиша икки ракат нафл намоз ўқир эди, буни ҳеч қачон тарк этмаган», деб жавоб берган экан.

Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг дўсти Абу Дардонинг мусулмон бўлишида алоҳида хизмати бор. Абу Дардо Мадинада дўкондорлик қиларди. Бир куни дўконига савдо қилгани кетганида дўсти Абдуллоҳ ибн Равоҳа уникига келиб, аёлидан ичкарига киришга изн сўраб ижозат олгач, тўғри Абу Дардонинг бут-санами жойлашган хонасига кирди. Қўйнидаги болғасини чиқариб, зарб билан бутнинг бошига туширди. Кейин «Аллоҳдан бошқа барча ибодат қилинадиган нарсалар ботилдир», деб пичирлаганча бутни майда-майда қилиб парчалай бошлади. Кўп ўтмай Абу Дардо уйга қайтди. Бутхона эшиги олдида қўрқувдан тинмай йиғлаётган хотинидан нима бўлганини сўради. У содир этилган воқеани сўзлаб берди. Эр буни эшитгач, ғазаб отига минди, аччиқ устида дўстидан ўч олишга шайланди. Бўлган воқеа ҳақида бироз ўйлаб кўриб, шаштидан тушди. Кейин Ибн Равоҳани топиб, унинг ҳамроҳлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига жўнади ва у зот ҳузурларида Аллоҳнинг динига кирганини эълон қилди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Хайбарга қўриқчи қилиб юборилган эди. Ҳижрий 8 (милодий 629) йили Мутъа урушида шаҳид бўлгунича ўша ерда қўриқчи бўлиб қолган.

Мутъа жангига кетишдан олдин йиғлаган Абдуллоҳдан кўз ёшининг сабабини сўрашганда: «Менинг дунёга муҳаббатим, сизлардан эса даъвом йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: «Ким залолатда бўлса, Роҳман унга муҳлат бериб қўйсин. Токи ўзларига ваъда қилинган нарсани – азобни ёки қиёматни кўрганларида, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари кучсизроқ эканини албатта билурлар», дегин» (Марям сураси, 75-оят) оятини эшитгандим. Оятда айтилганидек, жаҳаннамга тушсам, ҳолим нима кечишини ўйлаб йиғлаяпман».

Абдуллоҳ ибн Равоҳа Мутъа жангида шаҳид кетади. Ундан ташқари, Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар Содиқ ҳам ҳалок бўлишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу уч саҳобанинг ўлими ҳақида хабар келтирилганда чуқур қайғу ва ғамга ботдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида: «Биродарингиз ҳеч ботил гап айтмайди», дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ Абдуллоҳ ибн Равоҳани раҳматига олган бўлсин!

 

Муниба Аҳмад қизи

«Ҳилол» журналининг 8(41) сонидан

 

Сторінка 37 з 305

Мақолалар

Top