Мақолалар

Қурбонлик – қалбдаги тақвонинг нишонаси

Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукроналик ҳиссининг рамзи ўлароқ қурбонлик қилиш буюк амаллардан саналади. Бу – қалбдаги тақводан, иймон нуридан далолатдир. Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасининг 34-оятида бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир умматга, уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берган Аллоҳнинг исмини эслашлари учун, қурбонлик қилишни жорий этганмиз”.

Қурбонлик Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир. Қурбонликнинг ҳар бир туки миқдорида савоб бор. Албатта, қурбонлик куни ейиладиган, ичиладиган ва Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинадиган кундир. Одам фарзандларининг қурбонлик куни қиладиган амалларининг ичида Аллоҳ таолога энг яхшиси – қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвоннинг қонини оққизишдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли уларни сизларга бўйсиндириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади! “Эй Фотима, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Биринчи тўкилган қон билан сенинг қилган гуноҳларинг кечирилади”,  дедилар.

Ким ихлос билан қурбонлик қилса, қурбонлиги унинг учун дўзахдан парда бўлади. Қурбонлик қилганда иложи борича энг қиммат ва яхшисини қурбонлик қилиш керак.

Қурбонлик қилиш балоғат ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожибдир. Ҳанафий мазҳабида мусофир кишига  қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

Ким ҳайит намоздан олдин қурбонлик қилса, у ўзи учун шунчаки жонлиқ сўйгандек бўлади. Ким намоздан кейин жонлиқ сўйса, қурбонликни тўлиқ бажарган ва суннатга эргашган бўлади.

Агар қурбонлика аталган ҳайвон қочиб кетиб, ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси топилса, иккиси ҳам сўйилади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар: мол, туя, кўй ва эчкидан иборат. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилиниши жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесилган ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар. Қурбонлик ҳам хайру эҳсоннинг бир кўринишидир. Албатта, хайру эҳсонлар Аллоҳ томонидан берилган неъматга шукрона тарзида адо қилинади. Шукр қилиш эса неъматнинг бардавом бўлишидаги асосий омиллардан биридир.

Қурбонлик амалий шукрнинг яққол намунаси сифатида ҳаётимизнинг мазмунли ўтишига сабаб бўлувчи омиллардан бўлишини Аллоҳ насиб этсин.

 

Тожиддинов Абдусамад Абдулбосит ўғли

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси

Read 3543 times

Мақолалар

Top