Мақолалар

Беморлар ҳолидан хабар олиш – мўминлик вазифаси

Инсон ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Зеро, ҳаёт Аллоҳ таолонинг турли туман синовларига тўла имтиҳон давридир. Баъзи бандаларни дард билан, яна баъзиларни моддий қийинчилик билан, яна бировни эса бошқа хил мусибат билан синайди. Қайси банда шу берилган синовга сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб савобга эришади. Аммо, бу синовга сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади.

Синовнинг енгил ўтишида бошқа мусулмонларнинг ҳам ўрни бор. Синовга учраган кишининг ҳолидан хабар олиб, унинг дардига ҳеч бўлмаганда ширин сўз билан малҳам бўлувчи диндош яқинларининг борлигини ҳис қилишининг ўзиёқ устидаги дардни анча енгиллатади. Бу эса мўмин мусулмонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатликни янада зиёда этади.

Аллоҳ таоло бошига тушган мусибатларга сабрли, саботли бўлганларга, қийинчиликларга бардош бериб, касаллик ва камбағалликларга сабр қилувчиларга хуш хабар беришни айтган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олиш, беморни бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ўргувчига яхшилик тилаш” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақларимиздан бири касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан хабар олиш экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Агар бемор ҳузурига кириб қолсанг, сени ҳаққингга дуои хайр қилишини сўра. Чунки, унинг дуоси фаришталарнинг дуоси каби мустажобдир» (Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган: «Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурингача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурин касални кўрса, албатта унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади» (Термизий ривояти).

Бундан таниш-билишларнинг беморлиги ҳақида хабар эшитиш билан уларни кўргани боришга шошилиш лозимлиги маълум бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам енгил касалларни ҳам бориб кўрганлар ва биз умматларига шу йўллар билан улкан сабоқ берганлар.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени икки кўзим оғриб қолганида кўргани келганлар» (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга касал бўлган биродарларимизнинг дуоларини олиш билан бирга, уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам буюрганлар: «Ким бир касални кўргани борса-ю унинг ажали етмаган бўлса, етти марта Асъалуллоҳал азийм, роббал аршил азийм, ан яшфияка, деса Аллоҳ ўша беморга мазкур касалдан офият беради» (Абу Довуд ривояти). Дуонинг маъноси: «Улуғ Аршнинг рабби бўлмиш буюк Аллоҳдан сенга шифо тилайман» демакдир.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5969 times

Мақолалар

Top