Мақолалар

Мустақиллик – қадрли неъмат

Дунёда икки юз элликдан ортиқ давлат, минглаб халқ ва элатлар мавжуд. Улар орасида Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор мамлакатнинг ўз ўрни ва нуфузи, ўзига хос тараққиёт йўли борлиги қалбимизга ифтихор бағишлайди. Мустақиллигимиз биз учун бениҳоя қадрлидир. Тарихи бир неча минг йиллар билан бўйлашадиган, жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган, илм-фани, санъати, маданияти, улкан маданий-маънавий мероси, олиму фузалолари билан донг таратган халқимиз ўз истиқлолини осонликча қўлга киритгани йўқ. Яқин ўтмишда-қарийб бир аср давомидаги мустамлака даври, унгача ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол этиб келинган халқимиз руҳини ҳеч қандай куч сўндиролмаган. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990-1991 йилларда Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам кунлари деб эълон қилингани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги дастлабки йирик қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур. Мустақилликка эришилиши билан дастлаб унинг кафолати бўлмиш Конституциянинг қабул қилиниши, мамлакатни модернизациялаш миллий давлатчилигимизни барпо этиш йўлидаги залворли қадам бўлди. Теран тарихий илдизларимиз, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларимиз, аждодларимизнинг ҳуқуқий мероси, халқимизнинг орзу ва интилишлари чуқур сингдирилган Конституциямизнинг ҳаётий негизи жуда мустаҳкамдир. Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланиб, мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида” ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши таълим сифати ва мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш имконини берди. Бугун мамлакатимизнинг олис қишлоқларида ҳам қад кўтарган замонавий мактаб, лицейда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эзгу ишларнинг бари Ватан келажаги, миллат истиқболи йўлидаги ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Мамлакатимизнинг қулай геосиёсий ўрни, унинг биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда олиб бораётган ҳар томонлама чуқур ўйланган, мустақил ва изчил ташқи сиёсати давлатимизнинг жаҳон халқаро ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро майдонда мамлакатимиз обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлади. Ўзбекистон БМТ, Ислом конференцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби кўплаб халқаро ташкилотлар, ихтисослашган халқаро тузилмалар ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Мустақиллик халқимизга, миллатимизга ўзлигини теран англаш, минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросдан баҳраманд бўлиш имконини берди. Мустақиллигимизнинг турли йилларида миллатимизнинг буюк фарзандлари – Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Термизий, Хожа Аҳрор Валий сингари улуғ зотларнинг таваллуд саналарини алоҳида нишонлаш ҳамда бой илмий, диний-маърифий меросини кенг оммалаштириш ва ўрганиш, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларнинг халқаро миқёсдаги юбилейлари ўтказилди.

Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма етти  йилида, айниқса, охирги икки йилида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, эришилган натижаларни шарҳлаш, таҳлил қилиш учун йиллар камлик қилади. Ҳар бир воқеа, ҳар бир жараён, ҳар бир соҳа – катта тарихдир.

 

Абдулазиз  БОБАМИРЗАЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Read 3786 times

Мақолалар

Top