Мақолалар

Беларусь

Европа марказидаги давлат. Шарқий Европа текислигининг ғарбида жойлашган. Майдони 207,6 минг км2. Аҳолиси 9 491 823 киши (2018 йил). 6 вилоят, 118 район, 102 шаҳар, 109 шаҳарча бор (1996). Пойтахти – Минск шаҳри

Беларусь республикаси – унитар демократик ижтимоий ҳуқуқий давлат. 1996 йилги референдумда қабул қилинган Конституция амал қилади. Давлат бошлиғи – аҳоли томонидан 5 йил муддатга сайланадиган президент. Қонун чиқарувчи ваколатли органи – Миллат мажлиси бўлиб, у Вакиллар палатаси ва Республика Кенгашидан иборат. Миллат мажлисининг ваколат муддати 4 йил. Ижроия ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат – Вазирлар Кенгаши амалга оширади. Бош вазирни Вакиллар палатасининг розилиги билан президент тайинлайди.

Беларуснинг ер юзаси текислик бўлиб, шимоли-ғарбида ботқоқ босган пастликлар ва кўллар жуда кўп. Жануби -ғарбдан шимоли-шарқ томон Беларусь қирлари чўзилган, энг баланд қисми (Минск қирлари) денгиз сатҳидан 345 метр баланд (Дзержинский тоғи). Беларусь қирларидан жануби-шарқда қатор текисликлар, шимоли-ғарбда морена тепаликлари чузилган. Беларуснинг жанубий қисмини ботқоқлашган кенг пасттекислик – мутлақ баландлиги 100-150 метр бўлган Беларусь Полесьеси эгаллайди; ботқоқлик, ўтлоқлар орасида баландликда 5-8 метрли қум тепалари кўп. Қумлик жойлар қарағайзор билан қопланган. Фойдали қазилмалардан калийли туз конлари бор (Старобин ва Петриков конлари), жанубий ва жануби-шарқда тош туз, Припять ботиғида нефть, кўмир бор. Торф, қум, гил конлари мавжуд.

Асосий аҳолиси – белоруслар. Руслар, поляклар, украинлар, татарлар, яҳудийлар ва бошқа миллатлар вакиллари ҳам яшайди. 68,9 фоиз аҳоли шаҳарда истиқомат қилади. Давлат тили белорус ва рус тиллари. Энг йирик шаҳарлари: Минск, Гомель, Витебск, Могилёв, Бобруйск, Гродно, Брест.

1990 иил 27 июлда БССРнинг давлат мустақиллиги ҳақидаги Декларация қабул қилинди. 1991 йилнинг 19 сентябридан мамлакат Беларусь Республикаси деб атала бошлади. 1991 йил декабрдан МДҲ таркибида.

Миллий байрами – Мустақиллик куни (3 июль).

Беларусь кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги ривожланган индустриал давлат. Машинасозлик, кимё, нефть кимёси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати равнақ топган. Қишлоқ хўжалигида картошка ва зиғир толаси етиштириш, сут-гўшт чорвачилиги, паррандачилик ривожланган.

Саноатида электр энергетика, ёқилғи, металлургия, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, кимё ва нефть кимёси, ёғочсозлик, целлюлоза-қоғоз, бинокорлик материаллари, шиша ва чинни-фаянс, енгил, озиқ-овқат, ун-ёрма ва омихта ем, тиббиёт саноати, микробиология ва матбаачилик энг йирик тармоқлардир. Саноат маҳсулотининг учдан икки қисми йирик шаҳарларда, шу жумладан, 25 фоизи Минскда ишлаб чиқарилади. Фойдали қазилма конлари кам бўлгани ҳолда саноат мажмуида и.шалб чиқариш саноати устун. Бу тармоқ, юк автомобиллари, автобуслар, мотоцикл, велосипедлар, тракторлар, қурилиш, мелиорация ва йўл машиналари, моторлар, станоклар, автомат линиялар, роботлар, темирчилик-пресс, бурғулаш, геология-разведка, савдо ускуналари, қуювчилик, енгил, озиқ-овқат тармоқлари учун технология ускуналари, подшипниклар, ЭҲМлар. телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар, совитиш ва музлатиш ускуналари, фото ва киноаппаратлар, соатлар ишлаб чиқаради. Кимё ва нефть кимёси саноати маъданли ўғитлар, кимёвий тола ва иплар, пластмасса ва смолалар, шиналар, резина-техника буюмлари, полимер ва лак-бўёқ, рўзғор буюмлари ва шу кабиларни ишлаб чиқаради. Енгил саноатда тўқимачилик (зиғир толаси, жун, шойи, ип газламалар), трикотаж, кийим-кечак, пойабзал, чарм ва мўйна буюмлари ишалб чиқариш ривожланган. Озиқ-овқат саноатида гўшт, ёғ-мой ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Ёғ-мой, балиқ, қанд-шакар, ун-ёрма, новвойлик, макарон, мева-сабзавот консервалари ишлаб чиқариш соҳасида катта қувватга эга корхоналар мавжуд. Ёқилғи саноати нефть, йўлакай газ, торф қазиб чиқариш ва қайта ишлашни ўз ичига олади. Ёқилғи-энергетика ресурслари Беларусга нефть ва газ қувурлари орқали Россиядан, электр энергия қисман Литва ва Россиядан юборилади. Новолукомль ва Берёзада йирик электр станциялар, 20 дан кўпроқ кучли иссиқлик электр станциялар ишлаб турибди. Ўрмон, ёғочсозлик, целлюлоза-қоғоз тармоғи ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизга яқинини беради. Улар тахта, мебель, қипиқ-толали плита, фанер, паркет, гугурт, спорт анжомлари, қоғоз, картон, ўрмон кимёси маҳсулотларидир. Бинокорлик материаллари саноати (саноат маҳсулоти ялпи ҳажмининг 4 фоизи) цемент, қурилишбоп оҳак, деворбоп, қоплама ва безаш материаллари, йиғма темир-бетон конструкциялари ва деталлари, томга ёпиш ва гидроизоляция учун рулон материаллар, ғовакли тўлдиргичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Саноат учун зарур ёқилғи. хом ашё ва материалларнинг салкам 70 фоизи МДҲ мамлакатларидан олинади, маҳсулотнинг 40 фоиздан кўпроғи уларнинг бозорларида сотилади.

Беларусда қишлоқ хўжалигига яроқли салкам 9,3 миллион гектар, шу жумладан, 6,2 миллион гектар ҳайдаладиган ердан фойдаланилади. Ерларнинг текислиги, тупроқнинг ўртача унумлилиги, иссиқ ва намнинг етарлилиги, меҳнат ресурсларининг мавжудлиги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай шароитдир. Беларусь  миллий даромадининг 20 фоизга яқини қишлоқ хўжалигига тўғри келади.

Ўзбекистон билан дипломатия муносабатлари 1993 йил январда ўрнатилган. Ўша йилдан бошлаб ҳамкорлик алоқалари равнақ топиб бораётир. Жумладан, жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан Беларусь Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтетант Андрей Равков бошчилигидаги ҳарбий делегация келди. 

28 март куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Беларусь ҳарбий делегациясини қабул қилди.

Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. 

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Беларусь мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича Битим имзоланди.

22 август куни Беларусь бош вазири ўринбосари Михаил Русий бошчилигидаги делегацияси Тошкентга келди.

Беларусь делегацияси 22-24 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи қўшма йиғилишида қатнашди.

Йиғилишда савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Read 3108 times

Мақолалар

Top