Мақолалар

Бир биримизни ҳимоя қилайлик

 

“Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”. (Анфол 46). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида низога бормасликка чақирмоқда. Шундай экан, мусулмонлар масала тортишмасдан тинглашни, қулоқ тутишни ва итоат қилишни яхши ўрганиб олишлари зарурдир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: ”Эй Аллоҳнинг расули! Мени бир амалга йўллаб қўйингки, агар уни қилсам, жаннатга кирайин”, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қиласан, фарз намозларини ўқийсан, фарз қилинган закотни адо этасан ва рамазон ойи  рўзасини тутасан”, дедилар. Шунда у киши: “Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, бу айтилган нарсалардан ошириб ҳам, камайтириб ҳам юбормайман”, деди. У киши орқасига қайтиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш хурсанд қилса, мана бу кишига назар солсин”, дедилар. Имом Муслим ривояти. Демак, мусулмонлар буюрилган нарсалардан ошириб ҳам, камайтириб ҳам юбормасдан, баъзисини тутиб, баъзисини тарк қилмаса, раҳбарнинг кўрсатмасига амал қилса ҳеч-бир низо келиб чиқмас экан. Бугун ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бири билан тортишиш, талашиш билан овора. Биз мусулмонлар хозирги вақтда Аллоҳ таолонинг “....ва Ўзларингиздан бўлган бошлиққа итоат қилинг”, деб марҳамат қилган оятига итоат қилишни гўё утутиб қўяётгандаймиз. Мусулмонларнинг раҳбари айтган сўзларни бошқа томонга талқин қилиш, яна бир фитнанинг эшигини ошишдан бошқа нарса эмас. Унинг ўрнига мусулмонларни сабр-тоқатга ва итоатга, гўзал хулқ ва одобга чақириб, масалага ижобий томондан ёндошмоқликни ўргатиб бориш лозимдир. Акс ҳолда, дин душманларининг ўлжасига айланиб қолиш ҳеч гап эмас. Огоҳ бўлинг эй мусулмонлар!

 

Хайрулло Саттаров ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

манба

Read 4322 times

Мақолалар

Top