Мақолалар

Уламолар ҳақида нотўғри сўз айтишдан эҳтиёт бўлайлик

Уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир". Дарҳақиқат бугуннинг уламолари - имом хатибларимиз масжид минбаридан туриб, зиммаларидаги буюк масъулият, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари, муқаддас ислом дини таълимотларини халққа етказмоқдалар. Уларни тўғри йўлга бошлаб, икки дунё саодати томон йўлламоқдалар.

 

****

 

Меҳроб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан қолган меросдир. Бугун ушбу мероснинг ворислари эса имом хатибларимиздир. Уларда ҳикмат, руҳий озуқа бор. Кимки динини ўрганиш истаги бўлса уларга мурожаат қилсин. Уларнинг орқасидан фитна қилиш, буҳтон тошларини отиш эса айни жаҳолатдир.

 

****

 

Аҳли сунна имоми бўлмиш Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади ва ким уни еса – ўлади”, деганлар. Ибни Асокир эса “Кимки уламоларни ҳақоратлаш ёки уларга туҳмат қилишда тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни, ўлишидан олдин қалб ўлишига гирифтор қилади”, деб айтганлар. Имомларни ғийбат қилганлар, ишларидан камчилик топиб оламга достон қилишга уринаётганлар ўзларига зарар етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар.

 

****

 

Кўпчилик имом хатибларни илми саёзликда, амали камликда айблайди. Эҳтимол бундайлар имомларимиз орасида учраб турар. Лекин уларнинг барчасига ушбу айбни менгзаш ўта ноҳақлик ва зулмдир. Чекка-чекка қишлоқларда, тоғли ҳудудларда, дашту-чўлларда жойлашган масжидларда айнан имом хатиблар хизмат қилмоқда. Улар тўкин ҳаёт, қулай шарт-шароит, кенг имкониятлардлан бирмунча узоқда бўлсаларда лекин мажбуриятларини адо қилмоқдалар.

 

****

 

Бугун аҳоли орасида юриб, уларнинг дарду-ташвишларига шерик бўлаётганлар имом хатиблардир. Жанжалли оилаларни муросага келтириб, тинчлигини сақлаб қолаётганлар имом хатиблардир. Ўз жонига қасд қилишга уринганларга руҳий далда бераётганлар имом хатиблардир. Таълим муассасаларида ёшларга соғлом эътиқодни ўргатаётганлар имом хатиблардир. Маҳаллаларда кишиларни тўғри йўлга бошлаб, муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутаётганлар имом хатиблардир. Агар улар бўлмаса жамиятда катта бўшлиқ ҳосил бўлади ва унинг ўрнини ҳеч нима тўлдира олмайди. Имомларни камчилигини топишга эмас, уларга ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиш энг тўғри йўл бўлади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3594 times

Мақолалар

Top