Мақолалар

Уламоларимизни эъзозлаш

Аллоҳ таолонинг шариати ва динининг ҳукмларини билган киши билан бирор нарсани билмайдиган кимса баробар бўлмайди. Худди оқ билан қора, зулмат билан зиё баробар бўлмаганидек. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ одамларнинг уламоларга ҳожатини ёдга олганда: «Одамлар илмга муҳтожликлари таом ва ичимликка ҳожатларидан кўпроқ. Чунки таом ва ичимликка бир кунда бир ёки икки марта эҳтиёж тушади. Илмга эса нафаслар ададича эҳтиёж тушади», деб айтганлар.

Илм қаердан олинади? Фақат ўз эгаларидан. Ўз эгаларидан ҳосил қилинади. Агар инсон шуни хоҳласа, бас, унга Аллоҳ таоло манзилатларини олий қилган, ўринларини юқори қилган, шаънларини улуғ қилган ана шу уламоларга боғланиши вожиб бўлади.

Дарҳақиқат, баъзи уламолар соф ниятлари ила зоҳиран дунё аҳли ва унга рағбатли кимсаларга ўхшайдилар. Лекин, ҳақиқатда эса дунёга боғланиб қолмасдан, ундан ўзларини фориғ тутадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:

رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ

“Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар”. (Нур сураси, 37-оят).

Тижорат ва олди-сотдилар уларни Аллоҳнинг зикридан асло тўса олмайди. Айнан мана шу оятда таъкидланган ишлардан беҳожат бўладилар.

Баҳоуддин Нақшбанд қоддасаллоҳу сирраҳу айтади: “Мино бозорида бир  савдогарни кўрдим. У эллик минг динорлик олди-сотди ишларини қилар эди. Аммо, қалби бирон лаҳза ҳам Ҳаққ субҳанаҳу таолодан ғофил бўлгани йўқ”.

Бугунги кунда узоқ йиллар давомида динга беқиёс хизмат қилган уламоларни интернетдаги турли ижтимоий  тармоқларда беадабона сўзлар ва фикрлар билдириб, яхши мақсад кўзланган сўзларини нотўғри талқин қилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай деган: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят)

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар. Муслим ривояти. Чунки киши ҳар хил хабарларни эшитади. Уларнинг ичида рости ҳам бўлади, ёлғони ҳам бўлади. Агар текшириб кўрмай, эшитганининг ҳаммасини гапираверса, ёлғон гапларни ҳам гапириб қўйиши мумкин бўлади.

Айниқса, интернетдан келган хабарни бошқа бировларга юборишга, у ердаги фикрларга қарши мутаассибона кайфиятда фикр билдиришга шошилмасдан, у хабар кимдан келгани, у ердаги сўзлар қандай ҳолатда айтилгани, айтувчининг ҳолати, шу хабарни юборишнинг нима манфаати борлиги ва нима зарари борлигига эътибор қаратиш лозимдир. Акс ҳолда билиб-билмай маъсият ишларига мубтало бўлиб қолиши мумкин.

Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз лозим. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-аҳлоққа риоя этишимиз керак.

 

 

Бекмурод САҲРИЕВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими

Read 3684 times

Мақолалар

Top