Мақолалар

Сабрнинг турлари

 Бандаларини сабр қилишга буюрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, умматларини сабрга ундаб, ўзлари сабр қилишнинг энг гўзал намунасини кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин!

         Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Сабрнинг яна бир маъноси бирор нарсани кутиб туришдир.

Уламоларимиз сабрнинг уч хил бўлишини айтишган:

1. Тоат-ибодатларни қилишда сабр.

 2. Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр.

 3. Мусибат келганда сабр.

 

Тоат-ибодатларга сабр.

Бунда инсон ўз нафсини тоатга ундайди, мажбур қилади. Масалан, бир киши намоз ўқимоқчи, аммо нафси уни дангасаликка, ётишга, қорни тўқ бўлса ҳам овқат ейишга, улфатлар билан суҳбатлашишга ундаб турибди. Ана шу пайтда нафсини намозга тортади, унинг васвасасига кўнмайди. Мана шу тоатга сабр дейилади.

 

Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр.

Бунда инсон нафсини ҳаром сўз ва ишлардан тияди. Масалан, бир кишига нафси зино қилишни васваса қиляпти, Аллоҳ асрасин, шунда у нафсини бу ишдан қайтаради. Шу иш маъсиятдан тийилишда сабр дейилади.

Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлайди, эшикларни беркитади, “Бери кел!” деб ўзига чақиради. Шунда Юсуф алайҳиссалом “Агар мен хожамга (яъни сенинг эрингга) хиёнат қилсам, золимлардан бўлиб қоламан” деб унинг истагини рад этадилар, Аллоҳдан паноҳ сўрадилар ва сабр қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида етти тоифа киши қиёматда – ҳеч қандай соя бўлмайдиган, фақат Аллоҳнинг аршининг сояси бўладиган кунда Аллоҳнинг аршининг соясида бўлишини айтиб, шуларнинг қаторида “Насл-насабли, чиройли аёл зинога чорлаганда, “Мен Аллоҳдан қўрқаман!” деб, аёлнинг истагини рад этган киши”ни ҳам зикр қилганлар.

 

Мусибат келганда сабр.

Инсонга мусибат келганда, у талвасага тушмай, амал, сўз билан Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган иш қилмай, келган мусибатга сабр қилиши ва шу сабрига ажр умид қилиши керак. Бандага мусибат келганда, у ич-ичидан ўша ишдан нафратланмаслиги, балки буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қазойи қадари билан бўлаётганини ўйлаб, сабр қилиши керак.

Аллоҳ таоло сабрли бандаларини яхши кўради. Уларга улкан мукофотларни тайёрлаб қўйган. Қуйидаги оят сабрлилар учун хушхабардир:

 

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّـا إِلَيْهِ رَاجِعونَ أُولَـئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155 – 157-оятлар).

 

 Интернет маълумотларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5253 times
Tagged under

Мақолалар

Top