Мақолалар

Кўп кулиш қалбни ўлдиради!

Ушбу мақолада кўп кулиш чиндан ҳам қалбни ўлдириши ҳақида сўз юритамиз.

Оксфорд университетининг сайтида бир илмий тадқиқотнинг янги хулосаси эълон қилинди. Унда айтилишича, кўп кулиш ва қаттиқ, меъёридан ортиқ хурсанд бўлиш қалбга (арабчада юракни “қалб” дейилади) салбий таъсир қилиб, унга кучли босим ўтказар экан. Кулгунинг кетма-кет ва кўп бўлиши, хурсандчиликнинг меъёридан ортиб кетиши юракни кучсизлантириб, ҳолдан тойдирар экан. Бориб-бориб юрак бирданига тўхтаб қолиши ва ўлимга олиб келиши мумкин экан.

Илмий тадқиқотнинг таъкидлашича, қаттиқ берилиб кулиш, қўлга киритилган ютуқдан қаттиқ таъсирланиш ва меъёридан ортиқ хурсандчилик аста-секин юракка хатарли таъсир ўтказиб, уни ишдан чиқаради. Инсон атрофни унутар даражада қаттиқ кулган пайтда юрагига кучли босим тушади. Ушбу босимнинг кўп такрорланиши охири бориб юрак хуружига олиб келар экан.

Демак, илмий ҳақиқат шу – кўп ва қаттиқ кулиш юракни тадрижий равишда кучсизлантириб, уни уришдан тўхтатишига, яъни ўлимга олиб келади.  

Бундан ўн тўрт аср олдин, кардиология, юрак муолажаси бўйича бирорта инсонда тасаввур бўлмаган бир пайтда севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: “Кулгуни кўпайтирма! Чунки, кўп кулиш қалбни ўлдиради”. Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда айтилаётган “қалб” сўзини ўз маъносида ҳам, юрак маъносида ҳам тушунишимиз мумкин.

Чиндан ҳам кўп, тез-тез ва қаттиқ кулган одамнинг қалби қотиб, охири ўлади. Унга Қуръон тиловати, мавъизалар таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Охиратни унуттиради.

Тиббиёт томонидан эса юракнинг хуружи (аввалига тахикардия, кейин стенокардия ва охирида миокард инфаркти)га олиб келади.

Қаттиқ хурсанд бўлиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом даврларида яшаган Қорун исмли кимсанинг қиссаси келтирилган. У ниҳоятда бой бўлиб, бойлиги сақланадиган хазиналарнинг калитларини бир неча бақувват қуллар кўтариб юрган. Унинг бойлиги шу даражада бўлган. Қачонки, унга бойлигидан камбағалларга закот, садақа бериш кераклиги айтилганда, у кибрланиб, молу давлатини ўз иқтидори билан топганини, уни ҳеч кимга бермаслигини айтади. Кўчаларда жуда шоду хуррам бўлиб, кеккайиб юради. Натижада, Аллоҳ таоло уни ва унинг барча бойликларини ерга юттириб юборади. Унинг хурсанд бўлиб, кеккайиб юриши ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

 

 إِنَّ قَارُونَ كَانَ مِن قَوْمِ مُوسَى فَبَغَى عَلَيْهِمْ وَآتَيْنَاهُ مِنَ الْكُنُوزِ مَا إِنَّ مَفَاتِحَهُ لَتَنُوءُ بِالْعُصْبَةِ أُولِي الْقُوَّةِ إِذْ قَالَ لَهُ قَوْمُهُ لَا تَفْرَحْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْفَرِحِينَ

“Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга деди: “Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас”. (Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни, Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.) (Қасас сураси, 76-оят).

Демак, хурсандчилик, шоду хуррамлик фақат Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши керак.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

 

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ

“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.) (Юнус сураси, 58-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қаттиқ кулмаганлар. Ўзини йўқотиб қўядиган даражада хурсанд бўлмаганлар. У зот алайҳиссаломнинг кулгулари нари борса табассум эди. Биз ҳам у зотга эргашиб, кулиш ва хурсандчилик борасида у зотдан ибрат олишимиз керак.

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

 

Read 5700 times

Мақолалар

Top