Мақолалар

Ғийбатнинг каффорати

Ғийбат қилиб қўйган киши бу иши учун афсус-надомат қилиши вожиб, шунда Оллоҳ таолонинг ҳаққини адо этган бўлади. Сўнгра ғийбат қилинган кишининг ҳузурига бориб, ўз қилмишидан уни воқиф этмоғи, “Истиҳлол”, яъни гуноҳини кечиришини сўрамоғи лозим. Шунда мазлумнинг ҳаққи зиммасидан соқит бўлади.
Баъзан инсон гуноҳни тан олиб, мазлумдан кечирим сўрайди. Лекин унинг надомати самимий бўлмаганини озгина вақтдан кейин-яна ғийбатга шўнғишидан билиб оласиз. Демак унинг олдинги “Истиҳлол”и нохолис экан. Шу сабаб бўлса керак Хасан Басрий: “Ғийбат қилиб қўйган кишига “Истиҳлол” сиз истиғфор кифоя” деганлар.Бунинг далили сифатида Анас ибн Моликнинг Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси келтирилади: “Ғийбатнинг каффорати ғийбат қилинган киши учун истиғфор айтмоқдир”.
Атоъ ибн Аби Рабоҳдан: “Ғийбат қилиб қўйган кишининг тавбаси қандай бўлади” дея сўрашди. “Дўстингнинг олдига борасан ва: “Сени ғийбат қилдим, сенга зулм қилдим, ёмонлик қилдим, истасанг, мендан ҳаққингни ол, истасанг кечир” дейсан, дедилар.
Ҳасан Басрийга бир киши: “Фалончи сизни ғийбат қилди” дебди. Шунда Хасан Басрий ғийбат қилган кишига бир лаган хурмо жўнатибдилар ва : “Эшитдимки, менга савоб амалларингиздан ҳадя қилибсиз. Узр, менга қилган бу яхшилигингизнинг эвазини тўла адо қила олмадим, мукофотимни қабул этгайсиз” дебдилар.
Мана шу тарзда йўл тутиш мақбулроқ. Демак, имкони бўлса, ғийбат қилинган мазлумдан кечирим сўраш лозим.
Агар у ғойиб ёки вафот этган бўлса, унинг учун истиғфор ва яхши дуони кўпайтириш керак.

 

Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби Холбоев Х.

Read 3984 times

Мақолалар

Top