Мақолалар

Келажак авлод равнақи – юрт равнақи

Мустақиллик бизга мислсиз неъматлар берди. Юртимиз  истиқлолга эришганидан сўнг мамлакатда ҳар томонлама ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади. Айниқса, “Виждон эркинлиги” Қонунлар орқали тасдиқ топганлиги қувонарли ҳол.

Мустақилликдан сўнг юртимиздаги барча ўқув юртлари сингари диний таълим муассасаларига ҳам катта эътибор берилди. Ёш авлоднинг етарли билим ва малакага эга бўлиши, таълим соҳасини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Буни  ўрта махсус ислом билим юртлари миқёсида оладиган бўлсак, унда таҳсил олувчи талабалар замон талабига мос дастур асосида ўқитилмоқда.

    Хотин-қизлар ҳам диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлиб, мамлакатимизнинг илмий ва диний қадриятларини тиклаш ҳамда маънавиятимизни шакллантиришга ҳисса қўшишлари учун мазкур “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 1992  йилнинг 1 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган.

   1992 йилда билим юртида диний фанлардан сабоқ берувчи 7-8 та  мударрисалар фаолият юритган бўлса, кейинчалик бу кўрсатгич 20 тага етди. Дастлаб фанларнинг кўпи фақат туркий тилдаги таржималари билан ўтилган бўлса, ҳозирда барчаси араб тилида ўқитилмоқда.  

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти таълим жараёни Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», «Диний таълим стандарти» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи ва йўриқномаларига таянади.

     Барча фанлар диний таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда,  намунавий дастур асосида ишчи дастурлар, тақвимий режалар, амалий машғулот ишланмалари, маъруза  матнлари ишлаб чиқилди. Билим юртида меъёрий ҳужжатлардаги талаб худди академик лицей, касб-ҳунар коллежларидагидек юритилмоқда. Фан тўгараклари, фан ойликлар ва унда ўтказиладиган баҳс-мунозарали давра суҳбатлар, беллашувлар, олимлар билан учрашувлар талабаларнинг билим савиясининг юқори бўлишига сабаб бўлмоқда. Битирувчи талабаларнинг мутахассислиги  “Араб  тили”, “Меҳнат” ва “Эски ўзбек ёзуви” ўқитувчиси деб берилган бўлса, ҳозирда талабалар билим даражасининг юқорилиги сабабли  уларга  “Исломшунос”, “Бошланғич араб тили мураббийси”,  “Диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчилари” деган мутахассислик берилмоқда.

Кутубхона, китоб аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғловчи кўприкдир. У ота-боболаримиз  тўплаган жамики  яхши фазилатлар ва хислатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, аждодларимиз тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба, билим ва қарашларни ўзида мужассам этади. Билим юрти очилган кундан бошлаб билим масканининг қалби ҳисобланган кутубхона юксак маънавиятимизни кўз-кўз қилиб, бутун дунёга танитган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимизнинг инсоният тараққиётига, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига Ўзбекистонда диний таълим соҳаси юксалишига ҳисса қўшган  аждодлар йўлини давом эттириб, келажак авлодни тўғри йўлдан, маънан етук, комил инсон бўлиб етишиши учун хизмат қилмоқда.

Билим юртининг шу кунгача фаолияти давомида китоблар фонди бир неча бараварга ошди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашриёти томонидан ўқув маскани давр талабига мос ҳамда дунё миқёсида барча диний билим юртларида ўқиб ўрганиб келинаётган адабиётлар билан таъминлаб келиняпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисидаги (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й, 25–26-сон, 228-модда) қарорига мувофиқ билим юртида ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб АРМ ташкил қилинди.

Ахборот ресурслари марказида ўқитувчи ва талабалар ўз билимлари савиясини оширишлари, ўзларининг қизиқишлари бўйича бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни мутолаа қилишлари, даврий нашрлардан керакли маълумотларни тез ва қулай топишлари учун барча шароитларга эга қироат хонаси мавжуд. Билим юрти АРМда иккита компьютер, тайёр ҳолатда бир дона принтер мосламаси мавжуд бўлиб, биринчи хонада 14 та китоб жавони, иккинчи хонада 12 та китоб жавони жойлашган.

Билим юрти кутубхонаси АРМ фонди 9655 дона китоблар мавжуд.

Кутубхонада китобхонлар учун 35 та махсус фанлар бўйича ЎМИ томонидан тайёрланган  “Электрон китоблар” йиғма стенди жойлаштирилган. “Кинофильмлар” жавонида 25 номдаги диний-маърифий ва бадиий мавзудаги дисклар бор.

Умумий адабиётлар сони: 9655 та, умумтаълим фанларидан 1165 та, ихтисослик фанларидан 3064 та, Президент асарлари бўйича 157 та, ижтимоий-иқтисодий адабиётлар 1574 та, бадиий адабиётлар 455 тани, электрон китоблар 55 нусхани (344 номдаги) ташкил этса, диний-маърифий ва тарбиявий мавзудаги фильмлар 25 тани ташкил қилади.

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти АРМ ходимлари томонидан замонавий талабларга мос “ИРБИС” электрон китобларни картотекалаштириш тизимини ўрнатилди ва ушбу тизим ёрдамида китоблар ва АРМ абонентлари рўйхатга олина бошланди.

Бугунги кун давр талабидан келиб чиқиб, талабаларни юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тарбияланган мутахассислар қилиб етиштириш ҳамда ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан ҳимоя қилиш диний таълим соҳасида хизмат қилаётган ходимлар олдидаги улкан вазифадир.

ХХI аср жаҳон миқёсида “Техника асри” дея аталди. Ёш илм аҳлининг техник ва компьютер саводхонлигини ошириш борасида таълим вазирлиги томонидан бир қанча дастурлар ишлаб чиқилди. Шу муносабат билан “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ҳам янги техник жиҳозлар билан таъминланди. Талабаларнинг яшаш тарзини  яхшилаш ва уларнинг илмий савияларини оширишга катта эътибор берилди. Диний таълим муассасалари ўртасида олиб бориладиган “Ягона фан олимпиада”си, спорт мусобақалари, “Қорилар мусобақаси”, “Биз ёт ғояларга қаршимиз” кўрик-танловларида талабаларимиз ҳам қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга, ўқитувчи, мударрис ва мударрисаларимиз ҳам  “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши кутубхоначиси”, “Йилнинг энг яхши услубчиси” ва шу каби кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, юқори ўрин соҳиблари бўлмоқда. Билим юртида махсус фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўтилади. Махсус фанлардан намунавий дастурлар ҳар йили диний идора томонидан тасдиқлаб юборилади. Умумтаълим фанлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежлар учун  Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашининг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган ва амалиётга жорий этишга рухсат берилган намунавий дастурлар асосида ўтилади.

Кимё ва биология фани ўқитувчиси БухООваЕСТИ умумий кимё кафедраси доценти Мавжуда Ғуламова маърузаларни билим юртида ўтиб, ўтилган билимларни амалиётга қўллаш мақсадида лаборатория дарсларини институт лаборатория хоналарида олиб борди. Биология фанидан айрим лаборатория машғулотларини, экскурсия соатларини фермер хўжаликларида ўтди ҳамда талабаларни Бухоро давлат университети ботаника боғи, биология музейларига олиб борди.

2015-2016 ўқув йилида ЎМИнинг буйруғи билан билим юртида кимё ва биология лабораторияси ташкил қилинди ва лаборатория махсус жиҳозлар билан жиҳозланди.       Лаборатория шкафида тузларнинг 0,5 нормали, кислота ва ишқорларнинг 2 нормали эритмалари тайёрлаб қўйилган. Қуруқ реактивлар этикеткали бир хил идишларга сақланган. Лаборатория хонасида ҳар бир талаба тажрибани бажариши учун ўн дона пробиркали биттадан пробирка штативи, биттадан ўн хил эритма қуйилган томизгичли штатив қўйилган.

  Ҳозирги кунда кимё лабораториясида гидролиз жараёни ва ион алмашиниш реакциялари, оксидланиш-қайтарилиш реакциялари, электролиз, кимёвий реакциялар кинетикаси, ацетиленни лабораторияда олиниши, спиртларнинг физикавий ва кимёвий хоссаларини ўрганиш, оқсилларнинг турлари ва хоссалари ўрганиш мавзусида лаборатория ишларини бажариш мумкин.

Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов айтганларидек: “… Маънавий жиҳатдан юксак ривожланган инсонни тарбиялаш, таълим ва маорифни юксалтириш, миллий уйғониш ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади”.

Шу сабабли яқин йиллар ичида билим юртида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди: фан хоналари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди, компьютерлар билан таъминланди. Барча қулайликларга эга ётоқхона, талабларга жавоб бера оладиган ошхона, таҳоратхона ва ювиниш хоналари мавжуд. Шу билан биргаликда,  талабаларнинг маданий хордиқ чиқаришлари учун, касб-ҳунарларни пухта ўрганишлари учун махсус хоналар ва уларнинг соғлом ва баркамол  бўлишлари учун спорт майдончаси ва спорт жиҳозлари талабалар ихтиёрига топширилди.

Билим юрти талабалари ҳар томонлама етук, салоҳиятли бўлиши учун чет тилларга ҳам эътибор юқори,  ҳар ҳафтанинг уч куни тиллар куни деб белгиланган. Тил кунларида  талабалар турли адабиётлардан фойдаланадилар, барча тадбирларда фаол қатнашадилар.

Таълим олиш учун келган турли вилоятлардан талабалар билим юртимизнинг бағрикенглиги, ҳамжиҳатлигини кўрсатиб турибди. Талабалар опа-сингиллардек яшашади, бир-бирларига ҳар томонлама кўмаклашишади.

 Илм борасида турли мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб боришади. Бу билан илмнинг янги чўққиларини эгаллашга муяссар бўлишади. Чунки илм ўрганиш энг мўътабар ишдир. Илм одамнинг қадрини оширади, илмли кишилар иззатли, ҳурматли бўладилар. Шундай экан, талабалар бор кучларини ўқишга, илм олишга қаратадилар.

Билим масканида ёшларни ҳар томонлама етук, маънан баркамол бўлишлари учун маънавий-маърифий ишлар, кенг қамровли мавзулар асосида тадбирлар олиб борилади. Бундай ишлар таълим ва ижтимоий соҳанинг юксалишида яхши самара бермоқда. Умид қиламизки, ёш авлод бундай шароитларнинг шукронасини адо этган ҳолда юртимизга муносиб фарзанд бўлиб етишадилар, диний ва дунёвий соҳаларда жамиятимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Чунки ҳар бир инсон шу неъматлар қадр-қимматини англаши, ва уларнинг қадрига етиши лозимдир.

 

             Сабоҳат Тоҳирова,         

Билим юрти маънавият ва маърифат

 ишлари бўйича мудира муовини в.б

 

Read 5648 times

Мақолалар

Top