Мақолалар

Саодатбахш айём қувончи

Ҳайитингиз муборак!

 Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) икки куннинг – Фитр (Рамазон) куни ва Наҳр (Қурбон) куни рўзасидан қайтардилар” (Имом Муслим ривояти). Саъд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) менга: “Тур, ташриқ кунлари еб-ичиш кунлари экани ва уларда рўза тутиб бўлмаслигини айтиб одамлар ичида жар сол”, дедилар” (Имом Насоий).

      Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бу кунларда мўмин мусулмонлар фақат хурсандчилик қилишлари, дастурхонларга ширин таомлар қўйиб ўзларини ва бир-бирларини  сийлаши кераклигини таъкидлаганлари ҳадис мазмунидан равшан англашилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Рамазон ҳайити бандаларнинг бир ой давомида Аллоҳ розилиги, савобу мукофотларидан умидворлик билан очлик, чанқоқ ва бошқа табиий эҳтиёжларини чеклаш учун қилган сабр-тоқатларининг шукронаси, шодиёнасига ўхшайди.

       Бу йилги Рамазон юртимизда ҳар йилгидек файзли кечди. Бизга эмин-эркин тоат-ибодат қилиш, фарз амалларимизни бажариш учун Ватанимиз осмонини мусаффо, кунларимизни тинч-осуда этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, бундай кунларнинг бардавом бўлиши учун умрини тиккан, оқил раҳбарлик, ташкилотчиликни зиммасига олган азиз инсонларга Яратганнинг чексиз марҳаматлари бўлсин!

           Донолар айтганидек, файзли-фароғатли кунлар мисоли қушдек тез учиб ўтиб кетади. Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, ибодатларимиздан қалбларимиз, юртимиз нурлангандек, хонадонларимизга файзу баракот, сабр-қаноат ва ибодатлардан яна ҳам ёришган қалбларга беихтиёр шукроналар тўлади. Фазилатли, фасохатли ойда диёримиздаги масжидларда хатми Қуръон қилинди, таровеҳ намозлари адо этилди. Эзгу дуоларимиз кечасию кундузи кўкка нур бўлиб юксалди. Бу ойда биз руҳан покландик, нафсимиз тарбияланиб, зеҳнимиз ўткирлашди. Фитр садақаларимизни мамнуният билан адо этдик, муносабатларимиз бир оз узоқлашган инсонлар билан яна меҳр ришталарини боғлашга рағбат сездик, кўнгилларимиз ғиллу-ғаш, гина-кудуратлардан тозаланди. Бу кунлар шарофати, саховатидан равшан тортган дилларимиз фақат яхши ишларга шайланиб турибди. Буларнинг мукофоти – қутлуғ Рамазон ҳайитига етганимиз муборак бўлсин!

         Мустақиллик йилларининг илк даврлариданоқ икки улуғ кун – Рамазон ва Қурбон ҳайитлари Юртбошимиз томонидан умумхалқ байрами сифатида эълон қилингани халқимизнинг бу борадаги асрлик орзуларининг рўёби бўлди. Бу байрамни ўз мақоми, моҳиятига муносиб кутиб олиш, нишонлаш ҳам бурчимиздир.

       Ҳадиси шарифда айтилади: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир, дедилар” (Сунан эгалари ривоят қилган).

        Ҳайит – ўз номи билан ҳайит. Уни хурсандчилик, бағрибутунлик, ўзаро ҳурмат-эътибор ва оқибатлилик руҳида ўтказиш кераклигини унутмаслигимиз керак. Бу қутлуғ айём нашидаси, неъматлари, эҳсонларидан барча эҳтиёжмандлар бирдек баҳраманд бўлиши лозим. Бу борада ота-боболаримиз амал қилиб келган чиройли анъаналарга амал қилиш савобларимизга савоблар қўшгай, иншоаллоҳ. Ҳайит намозини адо этгандан кейин одатда биринчи навбатда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғ ва ёру биродарларимизни, беморларни зиёрат қиламиз. Кўнгли ярим, меҳр-мурувватга ташна кишиларнинг ҳузурига кириб, уларни табриклаб, кўнгилларини кўтариб, илиқ сўзларимизни айтиб, имкониятимиз етганича хайитликлар улашиб, уларнинг дуоларини олайлик. Болалар қалбига бу саодатбахш айём қувончини, қадр-қимматини, сурурини чуқурроқ сингдириш учун фарзандларимизни меҳр-муҳаббатимиз, совғаю ширинликлар билан ҳар доимгидан ҳам кўпрок сийлайлик. Токи улар яна ҳайитлар келишини соғиниб, орзу-тилаклар, яхши ниятлар билан кутсинлар.

          Юртимизда қутлуғ анъаналар тикланиб боргани сайин ҳайитларни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар ҳам турли нотўғри, ноўрин, кераксиз иллатлардан ҳоли бўлиб бормоқда. Ёшлик пайтимни – ўтган асрнинг 70-йилларини эслайман: Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ёши катталар эрталабдан кечгача  гуруҳ-гуруҳ бўлиб хонадонида ўлим бўлган қариндошлар, қўшниларникига кириб чиқишарди. Бунинг сабабини ўзимча англашга ҳаракат қиламан: балки, собиқ совет мафкураси байроқдорлари ҳайит кунлари одамлар фақатгина азадор хонадонлар мотамига шерик бўлишларига йўл қўйиб, муборак айёмларимизнинг қадр-қимматини пасайтириш учун бу кунларда хурсандчилик, байрам қилишга руҳсат беришмагандир?.. Алҳамдилуллиҳ, у хотиралар тарихимизнинг мустақилликкача бўлган саҳифаларида қолиб кетди. Аммо улардан тўғри хулоса чиқариб, зулматдан кейин нурни қадрлаган каби, бу  кунларни қадрлаш, лаҳзаю соатларни савобли ишлар билан саодатманд этиш хайрли фазилатдир.

          Улуғ айём муборак, азизлар! Қалбларингиз, хонадонингиз шодиёнага, файзу баракотга тўлсин! Қаламкаш синглимиз Нилуфар Турсунова ёзганидек:

                              Қутлуғ рўза ойида танлар покланди,

                              Руҳлар ҳам бўлди равон, жонлар покланди.

                              Жумла жаҳон, Еру Осмон покланди,

                              Ҳайитингиз муборак, ҳайит муборак!

                              Ҳар бир қалбда меҳр чечак, ғунча очди,

                              Гинаю адоватлар чекинди, қочди,

                              Ўн саккиз минг олам дуога қўл очди,

                              Ҳайитингиз муборак, ҳайит муборак!

                                                                                                                                     Муҳтарама УЛУҒОВА,

                                                                                                                      Ўзбекистон Республикасида хизмат

                                                                                                                         кўрсатган маданият ходими 

 

Read 5377 times

Мақолалар

Top