Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Сен учун ўзини қурбон қиладиганлар бор. Ўзининг фойдаси учун сени қурбон қиладиганлар бор”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 

*****

Сенинг нонингни ўғирлайдилар. Кейин сенга ундан бир бурда берадилар. Кейин ўша берганлари учун уларга раҳмат айтишингни буюрадилар. Улар нақадар жирканчлар!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Таълим юртни қўриқчи аскарлардан кўра яхшироқ ҳимоя қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Баъзиларга иккинчи фурсатни бериш худди “Олдин отганингда кўксимга теккизолмаган эдинг. Мана сенга яна ўқ. Қайтадан отиб кўр” дейишга ўхшайди.

Нажиб Маҳфуз

*****

Сен учун ўзини қурбон қиладиганлар бор. Ўзининг фойдаси учун сени қурбон қиладиганлар бор.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бирорта одамнинг бирданига сенга нисбатан муомаласи ўзгариб қолган бўлса, хафа бўлма. Айрим одамлар (сендан фойда кўрмай қолсалар) актёрликдан воз кечиб, ўзларининг асл қиёфаларига қайтган бўладилар.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Эсипастлар билан тортишма. Акс ҳолда, улар сени ўзларининг савияларига тушириб оладилар-да, кейин эсипастлик борасидаги тажрибалари билан сени енгиб қўядилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар яхши кўрган инсонинг билан бўладиган алоқанг сени афзал шахс бўлишингга сабаб бўлмаса, демак, сен хато шахс билан муомала қилар экансан.

Анис Мансур

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 3677 times

Мақолалар

Top