Мақолалар

Шариатга мувофиқ тўй

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос урф-одати, турмуш тарзи мавжуд. Ҳар бир урф-одат авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолади ёки ўзга бир миллатдан ўзлаштирилган бўлади. Тўй ҳам шундай урф-одатлардан бири бўлиб, унда бўладиган баъзи бир қўштирноқ ичидаги одатларларни “миллий мерос” деб халқимиз томонидан асраб-авайланиши ачинарли ҳол.

Бегона эркак ва аёлни бир-бирига ҳалол қилувчи никоҳнинг эълони сабабли бериладиган зиёфат тўй деб номланади. Тўй суннат амал. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сафийя онамизга уйланганларида ширин таом ва хурмо билан, Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида эса, қўй сўйиб тўй қилиб берганлари бир неча ҳадисларда баён қилинган. Юқоридаги фикримизга далил тарзида қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин.

Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)лар Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)га Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га совчи қўйишини маслаҳат беришди. У киши Набий (алайҳиссалом)ни олдиларига келиб, нима дейишни билмай, ерга қараб ўтирди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Алининг бир ҳожати борлигини, уни айтишга журъат қила олмаётганини дарҳол сездилар-да xижолатчиликни кўтариш учун “Али ибн Абу Толибнинг қандай ҳожати бор?” дедилар. Ҳазрати Али “Фотимага совчи бўлиб келгандим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тезда мулоҳаза қилиб, оғир ботмайдиган қилиб “Маҳр беришга нима бор?” дедилар. “Ҳеч нарсам йўқ, эй Аллоҳнинг Расули”, деди Али. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳутамия совутинг қани?” деб сўрадилар. Али (розияллоҳу анҳу) “Ўзимда”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ (соллаллҳу алайҳи ва саллам) “Ўшани олиб кел”, дедилар. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) совутни олиб келдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни сотиб келинга сеп қилишга буюрдилар.

Никоҳ ўқилган куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куёв бўлмиш – Али (розияллоҳу анҳу)га: “Келинга бир тўй ҳам қилиб бериш керак”, дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу): “Менда қўй бор”, дедилар. Бир гуруҳ ансорийлар жўхори йиғиб келишди. Шу нарсалар билан тўй зиёфати ўтказилди.

Муҳтарам азизлар! Келинг, биз ҳам тўйларимизга бир назар солсак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрганларидек бўляптими?

Тўй Аллоҳ таолога тоатнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шунинг учун уни суннатга мувофиқ қилиш лозим. Тўй ҳаром ва исрофлардан холи бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оиладан солиҳ-солиҳа фарзандалар дунёга келади. Бундай фарзандлар ҳар бир миллату элат, эл-юрт ва жамиятни ривожига, равнақига ҳар соҳада ўз ҳиссасини қўшадиган мўмин-мусулмонлар бўлиб етишадилар.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

              

Read 5400 times

Мақолалар

Top